Одамдан одамга юқмайди, лекин одамни ўлдиради!
Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими Хитой Халқ Республикасида рўйхатга олинган янги турдаги короновирус касаллиги тўғрисида маълумот берди.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Европа минтақавий бюросининг маълумотига кўра, Хитой Халқ Республикасида короновируснинг янги типи эпидемияси юзага келган. Хитойнинг Ухан шаҳар Соғлиқни сақлаш қўмитаси 2019 йил декабрнинг охирида Хубэй провинциясида номаълум этиологияли пневмония касаллиги тарқалганлигини маълум қилди.
Маълумотларга қараганда, 2020 йилнинг 11 январь ҳолатига Ухан шаҳрида 41 та ҳолатда вирусли пневмония касаллиги аниқланган. Улардан бир нафари вафот этган, 6 нафари соғайиб, шифохонадан чиқарилган. Беморларнинг кўпчилиги тана ҳароратининг юқорилиги ҳамда нафас олишининг қийинлашишидан шикоят қилган. Кўкрак қафасининг рентгенография хулосасига кўра, айрим ҳолатларда беморларнинг ўпкалари шикастланган.
Бугунги кунда касалликнинг одамдан одамга юқиши аниқланмаган.
Юртимизда аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлаш, касалликнинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги томонидан қуйидаги чора-тадбирлар амалга оширилмоқда:
— давлат чегараси кесишган жойлардаги Санитария-карантин пунктларидан ўтаётган йўловчиларни сифатли тиббий-санитария кўригидан ўтказишга алоҳида эътибор қаратилмоқда;
— пневмония ва бошқа ўткир респиратор касалликлари аломатлари билан аниқланган беморларни алоҳидалаш ва шифохоналарга ётқизиш чоралари кўрилмоқда;
— грипп, ЎРИ ва пневмония касалликларига гумон қилинган беморларни шифохоналарга ётқизиш учун даволаш-профилактика муассасаларининг тайёргарлигини таъминлаш, беморларни даволаш учун дори-дармонлар ва дезинфекцион моддалар заҳираси яратилди;
— Хитой Халқ Республикасидан келаётган йўловчилар орасида грипп касаллигининг оғир турларига, ЎРИ ва пневмония касалликларига гумон қилинган беморлар аниқланганда лаборатория ташхиси учун намуналар олиш ташкил этилмоқда;
— мутахассислар томонидан учувчилар, борт ва темир йўл кузатувчиларининг билим савиясини ошириш мақсадида грипп, ЎРИ ва ўткир пневмония касалликларининг клиникаси, лаборатория ташхиси, профилактик ва эпидемияга қарши чора-тадбирлари тўғрисида тушунтириш ишлари ўтказилмоқда.
Юқумли касалликларнинг юртимизга кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш бўйича олиб борилаётган барча чора-тадбирлар қатъий назоратга олинган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter