Оч қолган мушук эгасини миллионерга айлантирди
Англияда мушугига овқат сотиб олишни унутган эр-хотин жекпотни ютди. Бу ҳақда Британиянинг «Daily Star» нашри хабар берди.
Эндрю Ҳэнкокнинг айтишича, у ишдан уйига қайтганида Shortcake лақабли мушугига озуқа олишни унутганини эслайди. Кейин у шу баҳона машинасига бензин қуйдириб келишни ҳам кўзлаб, ёқилғи қуйиш шохобчасига боради.
Машина бакини тўлдираётиб, лаҳзали лотерея чиптасини харид қилади ва яна мушугига емиш олишни эсдан чиқаради. Чунки... Ҳэнкок машинасига ўтириб, чиптани текширса, бир миллион фунт стерлинг ютуқ бор! Ҳаяжоннинг зўрида хушхабарни рафиқасига етказиш учун газни босади...
«Турмуш ўртоғим уйга «Паула! Паула!» дея қичқириб кириб келганида бирор кор-ҳол бўлдимикан, деб ўйладим», — дейди Ҳэнкокнинг аёли Паула.
Улар шу пайтгача бир неча марта лотерея ўйнашган ва тахминан 100 фунт стерлинг ютиб олишган. Эр-хотиннинг айтишича, энди улар кўп жойларга саёҳат қилишмоқчи. Ҳозирча ютиб олинган пулга фақат ўғли учун мобиль телефон харид қилишди. Пауланинг фикрича, уларнинг бойишига мушук сабабчи бўлган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter