Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ноқонуний тамаки бозорини ўрганишда қандай услублар ва технологиялар қўлланилади? – Эксперт жавоб беради

Ноқонуний тамаки бозорини ўрганишда қандай услублар ва технологиялар қўлланилади? – Эксперт жавоб беради

Мамлакатимиздаги ноқонуний тамаки бозорини ўрганишда қандай технологиялар қўлланилади? Контрабандани аниқлаш ва унинг ҳажмини таҳлил қилишда мутахассислар қандай услублардан фойдаланадилар, ўз ишларида қандай қийинчиликларга тўқнаш келмоқдалар?

Шу ва бошқа масалаларда ноқонуний бозорни ҳар ой тадқиқ қилишга бош қўшган ТДИУ фан ва инновациялар департаменти бошлиғи Санжар Мирзалиев саволларга жавоб бериб ўтди.
 
– Ўзбекистонда ноқонуний сигареталар бозорини тадқиқ қилиш учун қандай услубиётдан фойдаланилади?
– Ноқонуний тамаки маҳсулотларининг ҳажмини ўрганиш учун бир қатор услубиётлар бизга маълум. Истеъмолчилар орасида анкета-сўровномалар ўтказиш, сотув шохобчаларининг мониторинги ва кузатувини амалга ошириш, экспертлар фикрларини умумлаштириш, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардан тегишли маълумотларни тўплаш, истеъмолчилар билан учрашиб, улардан сигарета қутиларини йиғиб олиш ёки чекилган бўш қутиларни йиғиш каби услублар шулар жумласидандир. Мазкур тадқиқот айнан чекилган бўш қутиларни йиғиб таҳлил қилиш методикасига асосланган.
  
– Тадқиқотни ўтказишда қандай қийинчиликлар юзага келади?

– Тадқиқотни амалга оширишда уч хил кўринишдаги қийинчиликларга дуч келдик: ҳудудий, мавсумий ва об-ҳаво. Жумладан баъзи чекка ҳудудларга бориш ва у ерда сигарет қутиларини топиш айрим ҳолларда қийинчилик туғдирди.  Жумладан,  Сурхондарё вилояти Бойсун ва Сариосиё туманлари,  Жиззах вилоятиниг Бахмал, Зомин туманларидаги тоғли ҳудудларда жойлашган аҳоли пунктларида бўш сигарета қутиларини йиғиш осон бўлмади. 

Бундан ташқари, катта шаҳарларда ободонлаштириш бўлинмалари томонидан шаҳар тозалигига жиддий эътибор берилиши,  кўчаларда тез-тез супириш ишларининг олиб борилиши бизга ушбу тадқиқотни амалга ошириш ва қутиларни тўплаш жараёнида эътиборга олиниши зарур бўлган омил сифатида намоён бўлди. 

Бу йил март-апрель ойларига тўғри келган рамазон ойида ҳам Ўзбекистон бўйлаб аҳоли томонидан тамаки маҳсулотларининг истеъмоли кескин камайганининг гувоҳи бўлдик. Шу сабабли бўш сигарет қутиларини топиб, теримни амалга ошириш айрим ҳудудларда қийинчилик туғдирди.

Бундан ташқари, об-ҳаво, жумладан ёмғирли кунларда қутиларнинг ҳўлланиб қолиши, қишда эса қор остида қолиши графигимиз ўзгаришига олиб келди.
 
– Тадқиқот натижаларига кўра, Ўзбекистондаги умумий вазият қандай? Мамлакатнинг қайси ҳудудларида ҳолат бошқаларга қараганда яхшироқ ёки ёмонроқ?

– Ўзбекистоннинг кўплаб ҳудудларида ноқонуний тамаки маҳсулотларининг улуши 15% атрофида, Тошкент шаҳрида 17%, Фарғона водийсида 40% атрофида эканлиги тадқиқотларимиз давомида аниқланди.
 
– Фикрингизча, Ўзбекистонда ноқонуний сигареталар савдосига қандай ижтимоий-иқтисодий омиллар таъсир кўрсатади?

Ўзбекистонда тамаки маҳсулотларининг ноқонуний савдосига туртки бўлаётган ижтимоий-иқтисодий омиллар қаторида акциз маркаси бўлмаган тамаки маҳсулотларининг нархи,  айрим ҳудудлардаги аҳоли даромадларининг пастлиги, ноқонуний тамаки ҳақида аҳолининг тўлиқ маълумотга эга эмаслиги, тамаки бозорини самарали назорат қилиш ва тартибга солиш механизмларининг айрим ҳолларда самарасиз ишлаётганлигини келтириб ўтиш мумкин.

– Ноқонуний сигареталар савдоси Ўзбекистон иқтисодиётига қандай таъсир кўрсатади? Узоқ муддатли истиқболда у мамлакат учун андай потенциал оқибатларга эга бўлиши мумкин?

– Контрабанда ижтимоий аҳамиятга эга соҳалар – соғлиқни сақлаш, таълим ва бошқа соҳаларни молиялаштиришнинг муҳим манбаси бўлган давлат бюджети даромадларини камайтиради. Айрим ҳисоб-китобларга кўра, биргина 2023 йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистонда тамаки саноатидан тушиши мумкин бўлган 440 млрд сўм тушум келиб тушмаган.

Акциз маркаси бўлмаган, огоҳлантирувчи ёзувлар ва суратлар туширилмаган, яъни Ўзбекистон бозори учун мўлжалланмаган сигареталарни чекиш аҳоли саломатлиги учун зарарли ҳисобланади. Бу эса давлат бюджетига, жумладан, соғлиқни сақлаш тизимига йўналтирилаётган харажатларнинг ошишига олиб келади.

Қонуний тамаки маҳсулотларни ишлаб чиқарувчиларда маҳсулот ҳақида қадоқдаги ахборот (никотин ва қатрон миқдори)нинг ҳақиқий ҳолатга мувофиқ бўлиши назорат қилинади. Ноқонуний сигаретлар истеъмолчиси эса, номаълум хом ашё ва материаллардан номаълум ишлаб чиқарувчи ишлаб чиқарган маҳсулотни сотиб олади. Бундай сигареталар тутунида инсон ҳаёти учун хавфли бўлган моддалар меъёрдагидан бир неча баробар кўп бўлиши лаборатория текширувларида аниқланган.

Контрабанда, сигаретанинг ўртача нархини пасайтиргани боис, аҳоли ўртасида чекишни кўпайтиради ва, айниқса, ёшлар учун чекишни қулай қилади.

Контрабанда маҳсулоти маҳаллий ишлаб чиқарувчилар маҳсулотини бозордан сиқиб чиқараши натижасида, Ўзбекистондаги қонуний тамаки ишлаб чиқарувчиларнинг сотув ҳажми қисқариб, тамаки саноати ва тамаки ишлаб чиқаришдаги бандлик даражаси пасаяди, соҳада йиғилган бой тажриба йўқолиб боради ҳамда соҳанинг инвестицион жозибадорлигига путур этади.

Контрабанда яширин иқтисодиётнинг бир кўриниши бўлиб, жамиятда жиноят ва коррупциянинг ўсишига ҳам таъсир кўрсатади. Шунинг учун сигаретанинг ноқонуний савдосини назорат қилиш муҳим аҳамиятга эга.
 
– Фикрингизча, ноқонуний сигареталар сотувига қарши курашишда қандай чоралар самарали бўлиши мумкин?

– Ноқонуний сигареталар ва уларнинг зарарлари ҳақида аҳолини хабардор қилиб бориш, контрабандага қарши самарали курашиш, ноқонуний савдо занжирини узиш бўйича фаол маъмурий ва иқтисодий чоралар ноқонуний тамаки маҳсулотларига қарши курашишда муҳим омиллар ҳисобланади,   деб ўйлаймиз.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг