Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Нидерландия Зеленскийнинг илтимосини ерда қолдирмади

Нидерландия Зеленскийнинг илтимосини ерда қолдирмади

Зеленский ва Рютте Эйндҳовен шаҳридаги базада F-16 учоғини кўздан кечирмоқда.

Фото: Reuters.

Нидерландия Украинага 42 дона F-16 қирувчи учоқларини беришга тайёр. Бу ҳақда президент Владимир Зеленский Нидерландия бош вазири Марк Рютте билан музокаралардан сўнг маълум қилди.

«Украина осмонида (F-16 учоқлари) парвоз қилади. Ташаккур, Нидерландия! Раҳмат, Марк! Бизга кўмак бераётган барча омон бўлсин! Биз албатта ғалаба қозонамиз!» – деб ёзди Зеленский Телеграмдаги расмий саҳифасида.

20 август куни Нидерландияга ташриф буюрган Украина раҳбари расмий музокараларда биринчи галда F-16 учоқлари масаласини кўтариши кутилган эди.

Расмий Амстердам ушбу русумдаги учоқларни украиналик учувчи ва муҳандисларни ўқитиш жараёни якунлагач етказиб беради.

Reuters агентлиги хабарига кўра, Дания ҳам Киевга қирувчи учоқларни етказиш ниятида собит экани билдирмоқда.

Аввал хабар берганимиздек,  18 август куни Қўшма Штатлар Нидерландия ва Данияга F-16 самолётларини етказиб беришга рухсат берган эди.

Айни дамда Дания ва Нидерландияда украиналик учувчилар F-16 учоғини бошқариш учун ўқитилмоқда. Уларга малака ошириш учун бир йил керак бўлиши айтилмоқда.

Зеленский маъмурияти кўпдан буён Ғарб мамлакатларидан жанговар қирувчи самолётлар сўраб келади.

Ғарблик баъзи сиёсатдонлар Украинага қирувчи учоқлар берилиши «қизил чизиқ» экани, яъни бу Москва билан НАТОнинг тўғридан-тўғри тўқнашувга боришини англатишини айтиб, Киевнинг сўровини қаноатлантирмай келаётган эди. 

Нидерландия ва бир қатор Европа давлатлари бунга рози бўлган эди. Бироқ улар АҚШ рухсатисиз жанговар учоқларни Украинага бера олмасди. Чунки F-16 Америкада ишлаб чиқарилади.

Франция маъмурияти ҳам ҳарбий учоқлар етказиш имконини истисно этмаган.

Польша эса Украинага МиГ-29 қирувчи учоқларини тақдим этишга ваъда берган.

Бир муддат аввал АҚШнинг Европадаги қўшинлари собиқ қўмондони, истеъфодаги генерал-лейтенант Бен Ҳожес агар Ғарб Украинага қирувчи учоқларни тез фурсатда тақдим этса, жорий йилдаёқ Киевнинг қўли баланд келиши, ҳатто Донбасс ва Қримни қайтариб олиши мумкинлигини айтган эди.

 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг