Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

NEER ва REER индекслари: ташқи савдога қандай таъсир кўрсатади?

NEER ва REER индекслари: ташқи савдога қандай таъсир кўрсатади?

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) экспертлари томонидан 2025 йилнинг январ-апрел ойлари учун номинал (NEER) ва реал самарали алмашув курси (REER) индекслари ҳисоблаб чиқилди.

Изоҳ: NEER ва REER индексларини ҳисоблашда савдо ҳамкорларимиз сифатида Ўзбекистоннинг умумий ташқи савдо айланмасида 83 фоиз (2024) ҳиссага эга бўлган 20 та мамлакат, базавий давр сифатида 2019 йилнинг январ ойи танлаб олинди.

2025 йилнинг дастлабки 4 ойида Ўзбекистонда реал самарали алмашув курси индекси пасайди. Хусусан, 2025 йилнинг апрел ойига келиб, REER индекси 2024 йилнинг декабр ойидагига нисбатан 6,2 бандга (111,4 дан 105,2 га) пасайди. Бунда, сўмнинг АҚШ долларига нисбатан алмашув курси ўзгариши таъсири -6,3 банд бўлган бўлса, инфляциянинг таъсири +0,1 бандни ташкил этди.

Шунингдек, мазкур даврда NEER индекси 5,4 бандга пасайди ва 94,1 дан 88,7 гача тушди.

Изоҳ: Иқтисодиётда реал самарали алмашув курсининг пасайиши, бошқа омиллар ўзгармас, деб қаралганда, экспорт нархларининг арзонлашиши ва импорт нархларининг қимматлашишига олиб келиши мумкин.

2025 йилнинг январ-апрел ойларида REER индексининг пасайишига таъсир этувчи муҳим омиллар сифатида сўмнинг АҚШ долларига нисбатан қадрсизланганлиги, Россия рубли ва Қозоғистон тенгеси қадри ошганлиги ҳамда Хитой юани қадрсизланиши сўмнинг қадрсизланишидан паст бўлганлигини келтириш мумкин.

Маълумот учун: 2025 йилнинг апрел ойида сўмнинг АҚШ долларига нисбатан номинал курси 2024 йил декабридагига нисбатан 0,5 фоизга қадрсизланган бўлса, Россия рубли 20 фоизга, Қозоғистон тенгеси 1,1 фоизга қимматлашди. Хитой юани эса ушбу даврда 0,1 фоизга қадрсизланди. Номинал курс омилининг REER индексига таъсири -6,3 бандни ташкил этди.

Шунингдек, 2024 йилда Ўзбекистондаги нархлар даражаси динамикаси ва асосий савдо ҳамкорларимиздаги макроиқтисодий тенденциялар орасида фарқларнинг юзага келиши REER индексининг бироз яхшиланишига таъсир ўтказди.

Маълумот учун: 2025 йилнинг апрел ойида Ўзбекистонда ойлик инфляция даражаси 0,7 фоизни ташкил этган бўлса, ушбу кўрсаткич Россияда 0,4 фоизга, Қозоғистонда 1,2 фоизга ва Хитойда 0,1 фоизга тенг бўлди. Инфляция омилининг REER индексига таъсири +0,1 бандни ташкил этди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг