«Навоийдан Сан-Францискога...» – сунъий интеллект билан шуғулланаётган ўзбекистонлик ҳикояси

Бугунги кунда Ўзбекистон ташқарисида яшаётган ўзбеклар сони турли манбаларга кўра, 5-7 миллионни ташкил қилади. Улар Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Эрон, Туркия, Жанубий Корея ва шу каби бошқа кўплаб давлатларда яшайди. Америка Қўшма Штатларида ҳам сўнгги йилларда ўзбеклар сони сезиларли даражада ортиб, ҳозирда тахминан 100 мингга яқин ватандошларимиз бу давлатда истиқомат қилиб келишмоқда. Ўзбек диаспораси АҚШда нафақат иқтисодий, балки илмий ва маданий жиҳатдан ҳам ўз ўрнини топиб бормоқда. Улар орасида талабалар, олимлар, шифокорлар, ҳуқуқшунослар, IT мутахассислари, тадбиркорлар ва бошқа турли соҳа вакиллари бор.
Шундай юртдошларимиздан бири – Насим Носировдир. У Навоий шаҳрида туғилиб, ҳозирда АҚШнинг Сан-Франциско шаҳрида ўз иш фаолиятини олиб бормоқда. «Xabar.uz» мухбири билан суҳбатда у АҚШдаги ҳаёти, таълим йўли ва Силикон водийсидаги иш тажрибаси ҳақида сўзлаб берди.
Таълим ва илк қадамлар
Насим мактаб таълимини бир нечта маҳаллий ўқув муассасаларида олган. 2014–2017 йилларда Навоий давлат педагогика институти қошидаги академик лицейда ўқиган. 2017 йили у Республика фан олимпидасида фахрли биринчи ўринни эгаллаб, бакалавр таълимини Тошкент давлат юридик университетида давом эттирган. Ҳуқуқшунослик йўналишида ўқишига қарамай, компьютер ва ахборот технологияларига ёшлигидан қизиққани боис технология ва ҳуқуқ соҳаси туташган – LegalTech, Lawtech йўналишига эътибор қаратган. Бу соҳасидаги сўнгги ўзгаришлар ва янгиликларни доимий кузатиб борган. У ўқиш даврида дўстлари билан биргаликда бир нечта LegalTech лойиҳаларини амалга оширади ва рақамлаштириш, сунъий интеллектни ҳуқуқшунослик соҳасига татбиқ этиш имкониятлари ҳақида бир қатор мақолалар ёзади. Ўзбекистонда илк бор ташкил этилган «LegalTech Lab»га биринчилардан бўлиб аъзо бўлади ва унинг фаолиятида яқиндан иштирок этиб келади. Шунингдек, Насим бир қанча давлат ташкилотларида ҳам тажриба орттиришга улгурган. Ушбу тажрибалар унга технологиялар билан ишлаш, юридик амалиётларни автоматлаштириш ва инновацион ечимларни жорий этиш борасида кейинги ишларига туртки бўлди. 2022 йилда «Эл-юрт умиди» жамғармасининг стипендианти деб топилди. Гарчи у танлов ғолибларидан бири сифатида эътироф этилган бўлсада, мукофотни қабул қилмасликка ва чет элда ўқиб, ўз малакасини оширишга қарор қилади.
АҚШ саҳифаси
2022 йил кузида Насим магистратура даражасини олиш мақсадида АҚШга йўл олди. У ўндан ортиқ университетларга қабул қилинган бўлсада, Иллинойс университетида ўқишни танлайди. Унинг бу университетни танлашида ҳам рамзий маъно бор эди.
– Аввало, мазкур таълим муассасаси технологик парадигмаларни тубдан ўзгартирадиган инноваторларни етиштириб чиқарган марказ эканлиги мени ажаблантирган, – дейди у. – Ўзининг Mozaik ва Netscape лойиҳалари орқали биз билган интернетни шакллантирган шахслардан бири – Марк Андрэссон шу университет битирувчиси бўлган. YouTube, PayPal, Yelp, Mozilla, AMD, Tesla ва Orakl каби илғор технологик компаниялар асосчилари ҳам Иллинойс университетида ўқиган. Шу ва бошқа омиллар мазкур қарорга келишимга туртки бўлди. Шунингдек, университетдан деярли барча таълим харажатларимни қоплайдиган грантни қўлга киритишим Иллинойсни танлашимга сабаб бўлди.
Чет элдаги ҳаёт ва таълим қандай кечди?
– Биринчи бўлиб Нью-Йорк шаҳрига келиб тушганман. У ерда дўстларим яшар эди. Оз муддат Нью-Йоркда туриб, турли диққатга сазовор жойларни кўриш, АҚШдаги юртдошларимиз билан танишиш имкони бўлди. Нью-Йоркда бўлганимда мослашув жараёни жуда осон кечган. Тўғрироғи, бошқа давлатда, бошқа маданият таъсирида юрганимни деярли ҳис қилмаганман. Университетим Иллинойс штатидаги Урбана-Шампайн номли кичик шаҳарчада жойлашганлиги боис у ерга кетишимга тўғри келди. Ҳақиқий «cultural shock» ўша ерда бўлган. Аввало, шаҳарча туб аҳолиси асосан америкаликлардан иборат бўлиб, бизнинг минтақадан келган инсонларни топиш амри маҳол эди. Бу ернинг иқлими ва ҳавоси ҳам Ўзбекистонга нисбатан озгина совуқроқ бўлиб, қиш мавсумида ҳарорат -25, -30 даражагача тушиб кетарди. Бир оз вақт ўтиб, у ерда Икромжон Тўхтасинов исмли инсон билан танишдим – у Иллинойс университетида сиёсатшунослик йўналиши бўйича докторантурада ўқирди. Икромжон ака университетдаги таълим жараёнимда ва талабалик ҳаётимда кўп ёрдам берган ва ўз тажрибасидан маслаҳатларни аямаган. Шу билан ўқиш даврида кўплаб дўстлар орттирдим. Иқлимга ҳам мослашиб кетдим.
Иллинойсда нафақат бизнес менежменти ва ҳуқуқий масалалар бўйича тажрибамни кучайтирдим, балки техник билимларни ҳам чуқур ўрганишга ҳаракат қилдим. У ерда технология ҳуқуқи бўйича ҳуқуқ магистри (LL.M.) билан бир қаторда Gies бизнес мактабида бизнес аналитикаси ва менежмент бўйича иккинчи магистрлик даражасида ўқидим. Айнан шу даврда сунъий интеллект соҳасига қизиқишим янада ортди ва бир нечта стартапларга қўшилиб тажриба орттирдим. Бизнес мактабдалигимда Luminous AI стартапида ишлаш имконига эга бўлдим. Бу лойиҳа сунъий интеллектга асосланиб, кўз касалликлари (масалан, диабетик ретинопатия, глаукома)ни эрта аниқлаш устида ишлаётган эди. Жамоа кичик бўлсада, соҳада юқори натижаларга эришиб келаётганди ва тажриба орттириш учун жуда яхши лойиҳа эди. Luminous’да мавжуд сунъий интеллект дастури билан бир қаторда ихчам тиббий диагностика қурилмаси прототипини ҳам ишлаб чиқдик. Уни бир нечта клинкада синовдан ўтказишга ҳам муваффақ бўлдик. Шунингдек, ҳар йили ўтказиладиган «Cozad New Venture Challenge» танловида иштирок этиб, AWARE мукофоти ҳамда «Commitment to Entrepreneurship» мукофотига ҳам сазовор бўлдик.
Стартаплардаги фаолият
Магистратурадан кейин Калифорниянинг Сан-Франциско шаҳрига кўчиб ўтиб, бир нечта стартапларда тажриба орттирдим. Улардан бири ҳамюртимиз, муваффақиятли тадбиркор Акмал Пайзиев асос солган Numeo AI стартапи эди. Дўстим билан бўлган суҳбатларнинг бирида у Акмал Пайзиев Numeo AI лойиҳасини бошлагани, кучли жамоа шакллантирётгани ҳақида айтиб қолди. Бу стартап компания сунъий интеллект орқали АҚШдаги энг йирик соҳалардан бири – логистика соҳасида самарадорликни ошириш устида ишлаётганди. Сунъий интеллектга кучли қизиқишим туфайли ушбу жамоага қўшилишга қарор қилдим. Дастлаб, Numeo AI компаниясида мижозлар билан алоқалар, ҳамкорлик алоқаларига масъул бўлган бўлсам, кейинчалик умумий ўсиш, маркетинг стратегиясини яратиш ва савдо кўрсаткичларини ошириш бўйича масъулият зиммамга тушди. Шунингдек, иш фаолиятим давомида қандай қилиб мижозлар муаммоларини аниқлаш ва унга ечим таклиф қилиш, бизнесда приоритетларни тўғри қўйиш, инвесторлар ва венчур капитал фирмалари билан қандай қилиб алоқалар олиб бориш каби кўплаб билим ва кўникмаларга эга бўлдим. Бу борада Numeo AI компанияси яхши мактаб бўлиб хизмат қилди.
Ўрганилган хулосалар
Стив Жобснинг машҳур гапи бор: «Одамлар ечимни кўрмагунича ўзи нима хоҳлашини билишмайди». Бироқ кўплар бу жумлани мижоз билан гаплашиш шарт эмас, улар муаммо ҳақида ҳеч нарсани тушунишмайди дея нотўғри талқин қилади. Аслида Стив Жобс бу гапида муаммони эмас, балки ечимни назарда тутган. Яъни мижозлар билан муаммо ҳақида гаплашиш лозим, ечим тўғрисида эмас. Турли стартапларда ишлаш давомида шуни тушундимки, мижоз ёки потенциал мижозлар билан доимо мулоқотда бўлиш, кўпроқ уларни эшитиш маҳсулот яратишдаги энг муҳим босқичдир. Бу каби мулоқотлар жараёни (customer discovery) мижознинг оғриқли нуқталарини аниқлаш ва унга мос ечимлар бериш учун жуда зарур ҳисобланади. Аск ҳолда, сиз ҳеч кимга керак бўлмаган маҳсулот яратиб қўйишингиз мумкин.
Стартапларда ўрганган яна бир муҳим хулосам бу – тезлик. Мувафаққиятга эришишни мақсад қилган ҳар қандай стартап дастлабки минимум маҳсулотни (MVP – minimum viable product) тез қура олиши, ишга олиш тезлиги, қарорлар қабул қилиш тезлиги ва уни тез ижро эта олиши жуда зарур. Айни пайтда йирик корпорациялар ва стартап компанияларнинг асосий фарқи ҳам шунда. Корпорациялардаги мавжуд қарор қабул қилиш тизими ва бюрократия – инноватиялар яратилишини секинлаштиради. Шунингдек, жамоанинг ўзаро алоқаларидаги тезлик ҳам муваффақиятнинг ҳал қилувчи омилларидан бири.
Яна бир хулосам – стартапнинг дастлабки кунларидан уни сотиб бошлашдир. Бу кўпроқ ахборот технологиялари ва дастурий таъминот билан боғлиқ стартапларга тегишли бўлиб, ҳатто маҳсулот яратилмасдан туриб, уни сотишни бошлаш керак. Агар сотиш ортга сурилиб, аввал мукаммал маҳсулот яратишга қарор қилинса, кўп ҳолларда стартап муваффақиятсизликка учрайди. Шу сабаб, мижозлар учун кичик бўлсада оғриқли нуқтани (pain point) топиш ва унга ечимни сотиш – стартапдаги энг биринчи вазифалардан биридир. Кимдир сизнинг маҳсулотингиз учун пул тўлашга тайёрми, демак бу лойиҳа вақт сарфлашингизга арзийди.
Кейинги режалар
Стартапларда ишлаш давомида тўплаган билим ва тажрибаларим билан янги лойиҳалар бошлаганман. Кейинги режаларда ушбу лойиҳаларни янада ривожлантириш мақсадидаман. Ўзим кўпроқ электрон ва механик қурилмалар билан ишлашга қизиқишим туфайли лойиҳаларимиз ҳам шу йўналишда. Ҳозирда сунъий интеллект асосида ишловчи қурилмалар (wearables) ишлаб чиқишга ихтисослашган «be.ai» лойиҳамиз мавжуд. Сунъий интеллект соҳадасида инновациялар асосан дастурий таъминот (software) йўналишида амалга оширилиб, ушбу тизим устига қуриладиган робототехника, СИдан унумли фойдаланиш қурилмалари ва бошқа интерфейсиларга (hardware) етарлича эътибор қаратилмаяпти. Шуни ҳисобга олиб, бу каби жиҳозларни ишлаб чиқиш бўйича янгича қурилмалар устида иш олиб боряпмиз. Айни пайтда бу лойиҳа R&D босқичида бўлиб, АҚШ Патент ва Савдо белгиси агентлиги (USPTO)га 3 та патентимиз учун аризалар киритилган ва яқин орада тўлиқ тасдиқланишини кутяпмиз.
Иккинчи лойиҳамиз «Fraganus» – тижорий мақсадда учириладиган дронлар учун батареялар, энергия таъминот тизимларини (BMS) яратишга асосланган. Асосан АҚШдаги дронлар ва учувчисиз ҳаво воситалари (UAV – Unmanned Aerial Vehicle) ишлаб чиқарувчилари билан ишлаймиз. Офисимиз Сан Матео шаҳрида жойлашган. Ушбу лойиҳамиз ҳам эрта босқичдаги стартап бўлиб, яқин келажакда фаолиятимизни янада кенгайтириш, тўғридан-тўғри дрон ва учувчисиз ҳаво воситаларини ҳам ишлаб чиқариш ниятидамиз.
Элбек Боймурадов суҳбатлашди
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter