Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Навальнийнинг беваси президент сайловида кимга овоз берганини айтди

Навальнийнинг беваси президент сайловида кимга овоз берганини айтди

Қамоқхонада вафот этган россиялик мухолиф сиёсатчи Алексей Навальнийнинг беваси Юлия Навальная 17 март куни президент сайловида овоз бериш ҳуқуқидан фойдаланди.

DW хабарига кўра, Навальная Россиянинг Берлиндаги элчихонасига келиб овоз берган.

«Бюллетенга нима ёзганим, кимга овоз берганим сизни қизиқтираётган бўлса керак. Албатта, мен (бюллетенга) Навальний фамилиясини ёзиб қўйдим», – деди у журналистларга.

19 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган мухолифатчи Алексей Навальний жорий йил 16 февраль куни Ямало-Ненец автоном округидаги 3-сонли жазони ижро этиш муассасасида вафот этган эди.

Турмуш ўртоғининг ўлимида Россия раҳбари Владимир Путинни айблаган Юлия Навальная марҳум эрининг фаолиятини давом эттириш ниятини ошкор қилди.

Алексей Навальний ўлими арафасида тарафдорларини президентлик сайлови кунлари «Путинга қарши чошгоҳ» акциясини ўтказишга чорлаган эди.

17 март куни Россиянинг қатор шаҳарлари ва хориждаги элчихоналарида мазкур акция ўтказилди. Сайлов участкаларида турнақатор навбат ҳосил қилган россияликлар Путиннинг навбатдаги муддатга сайланишига ўз норозилигини билдирди.

Юлия Навальная ҳам Берлинда ташкил қилинган «Путинга қарши чошгоҳ» акциясида ҳозир бўлди.

Россия Марказий сайлов комиссияси 15-17 март кунлари бўлиб ўтган президентлик сайловида Владимир Путин 87,32 фоиз овоз тўплаган ҳолда етакчилик қилаётганини маълум қилди.

Аввал хабар берганимиздек, бу Россияни 1999 йилдан буён идора этиб келаётган Путин учун бешинчи президентлик сайловидир.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг