Навальнийни заҳарлаган шахслар бошқа бир сиёсатчи ҳаётига ҳам қасд этгани тахмин қилинмоқда
Bellingcat, The Insider ҳамда Der Spiegel нашрлари россиялик мухолифатчи Алексей Навальнийни заҳарлагани тахмин қилинаётган шахслар бошқа бир жиноятга ҳам алоқадор деган даъвони илгари сурди.
Навальнийнинг заҳарланиши бўйича ўтказилган текширувда Федерал хавфсизлик хизмати ходимлари экани айтилган шахслар уни мунтазам кузатиб юргани маълум бўлган эди. Уч нашр ҳамкорликда ўтказган суриштирувлар хулосасига кўра, хавфсизлик тизимига алоқадор шахслар яна бир мухолифатчи, тележурналист ва жамоат арбоби Владимир Кара-Мурзани ҳам кузатиб юрган.
«Открытая Россия» жамоатчилик ҳаракати координатори, Борис Немцов номидаги жамғарма раиси Владимир Кара-Мурза 2015 ҳамда 2017 йилларда заҳарланиш аломатлари билан шифохонада даволаниб чиққан. Текширув натижаларига қараганда, Навальнийнинг ортидан соядек эргашиб юрган шахслар Кара-Мурза заҳарланган кезларда ҳам унга ҳамроҳлик қилганлар. Махсус хизмат вакили экани тахмин қилинаётган шахслар Кара-Мурзанинг Россия шаҳарлари, масалан, 2015 йил 22-24 май давомида Қозон шаҳри бўйлаб сафарлари давомида яширин равишда кузатув олиб борганлар.
Орадан кўп ўтмай мухолифатчи заҳарланиш аломатлари билан шифохонага ётқизилган. 2015-2016 йиллар давомидаги сафарларда ФХХ Криминалистика институти ходими экани тахмин қилинаётган Константин Кудрявцев кузатув олиб борган. Ушбу шахс Навальнийнинг заҳарланиши бўйича текширувда ҳам алоҳида қайд этилган эди. Аввал хабар берганимиздек, 2020 йил 21 декабрь куни суиқасддан омон қолган Навальний Константин Кудрявцев билан бўлган суҳбатни чоп этди. Эҳтимолий қотили билан телефон орқали суҳбатда мухолифатчи ўзини Россия Хавфсизлик кенгаши котибининг ёрдамчиси деб таништирган ва суиқасд тафсилотларини суриштирган. Хавфсизлик тизими раҳбарияти вакили билан суҳбатлашяпман деб ўйлаган К.Кудрявцев суиқасдга доир махфий тафсилотларни сўзлаб берган. ФХХ «Навальний ҳамда ФХХ ходими суҳбати» сохта эканини маълум қилган.
Bellingcat текширувлари эълон қилиниши ортидан Владимир Кара-Мурза уни икки марта ўлдиришга уринган шахсларни жавобгарликка тортиш борасида Россия Федерацияси Тергов қўмитасига мурожаат этажагини айтган.
Эслатиб ўтамиз, россиялик сиёсатчи, амалдаги ҳукуматнинг кескин танқидчиси Алексей Навальний 2020 йил 20 август куни Томскдан Москвага учиш пайти самолётда ҳушидан кетган. Самолёт Омск аэропортига фавқулодда қўндирилган. Комага тушиб қолган сиёсатчи Омск шифохонасида 2 кун даволангач, 22 август тонгида махсус учоқда Германия пойтахти Берлиндаги Charite шифохонасига олиб кетилган. В.Кара-Мурза ҳам 2015, 2017 йилларда заҳарлангани пайти айни Навальний каби асоратларни бошдан кечирганини маълум қилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter