Наманганда 26 ёшли эркак хотинини ўлдириб, сўнг ўз жонига қасд қилган
Ижтимоий тармоқларда Наманган давлат университети олдида йигит ўзи севган қизини пичоқлаб ўлдириб қўйгани айтилган видеохабар тарқалди.
Бош прокуратура ахборот хизмати берган расмий маълумотга кўра, ҳақиқатда НамДУ олдида бугун соат 12:00ларда қотиллик жинояти содир этилган.
Расмий маълумотда келтирилишича, Тўрақўрғон туманидан яшовчи 26 ёшли эркак ўзининг 23 ёшли турмуш ўртоғини хўжалик пичоғи билан қасддан ўлдирган. Сўнг, у ўзига бир неча маротаба пичоқ билан жароҳат етказиб, ўз жонига суиқасд қилган.
Шу вақтда, воқеа жойида бўлган фуқаролар томонидан ўз жонига суиқасд қилган эркак шифохонага ҳушсиз ҳолатда олиб борилган.
Аниқланишича, ушбу жиноятни содир қилган шахс турмуш ўртоғи билан 2022 йилнинг январь ойидан буён ўзаро оилавий жанжал сабабли ажрашиб, бирга яшамасдан келган.
Шундан сўнг, у турмуш ўртоғини ўзи билан бирга яшашга мажбур қилиб, асоссиз рашк қилиб келган ҳолда бир неча маротаба жанжаллашиб юрган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 97-моддаси (Қасддан одам ўлдириш) билан жиноят иши қўзғатилди.
Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter