Мурожаатчи ҳар доим ҳам ҳақми?

Кейинги пайтларда халқ сўзлашув истеъмолида «мурожаатчи» сўзи тез-тез ишлатиладиган бўлди. Энг қизиғи, бундай фуқароларни жамоатчилик негадир унча хушламайди.
Навоий шаҳрининг «Янгиариқ» маҳалласида яшовчи фуқаро М. Ш. ҳам шундай қилди. Остона ҳатлаб чиқишига эса 1 минг 441 сўм миқдоридаги солиқ қарздорлиги сабаб бўлди. Навоий шаҳар давлат хизматлари маркази орқали солиқдан қарздорлиги йўқлиги тўғрисида маълумотнома олмоқчи бўлган фуқарога тегишли идора вакилларидан фуқаронинг солиқлар ва мажбурий тўловлардан қарзи мавжудлиги тўғрисидаги хабар келади. 2018 йилнинг 8 май куни М.Ш. солиқдан ҳеч қандай қарзи йўқлигини таъкидлаб, Навоий шаҳар Давлат солиқ инспекциясига ариза билан мурожаат ҳам қилади. Аммо, натижаси бўлмаганидан сўнг 2018 йилнинг 20 сентябрида Ўзбекистон Республикаси Прездентига веб-сайт орқали мурожаат йўллайди.
1 минг 441 сўм миқдоридаги солиқ қарздорлигининг можароси қарийб 5 ой ўтганда ҳам ҳал бўлмади. Бўлмайди-да... Давлатга ундириладиган солиқнинг бир сўми ҳам давлатники. Буни кўпчилик билсада, факат М. Ш. тушунишни истамади. Аслида фуқаро молу мулк, ер солиғини вақтида тўламаган. Ўзбекистон Республикаси Солиқ Кодексининг 120-моддасига мувофиқ муддатига тўланмаган солиқ суммасига, ҳар бир кечиктирилган кун учун 0,033 фоиз миқдорида пеня ҳисобланади. Мана 1 минг 441 сўм миқдоридаги қарздорлик қаердан келиб чиққан.
Бир ярим минг сўм пул учун вақти, асабини аямаган фуқаро икки идора вакилларини овора қилганига ачинармиди?... Ҳа, орамизда бундай мурожаатчилар ҳам топилади. Тўғри, ҳақлими, ҳақсизми тегишли идораларга мурожаат қилиш фуқаронинг ҳуқуқи. Шунга айтишадида, бурчини унутган одам ҳаққини яхши билади, деб.
Яна бир мурожаат ҳикоясига эътибор қаратмоқчи эдик. Навоий вилояти Хатирчи тумани Мирзо Улуғбек номидаги МФЙ да яшовчи Д.А ижтимоий аҳволи ёмонлиги, икки нафар фарзанди борлиги, турмуш ўртоғининг ишсизлиги, янги иморатга шароити бўлмасада кўчиб ўтганлиги, уйида электр энергияси ўтказиш учун маблағи йўқлиги, шунингдек, томини таъмирлаб беришларини истаб 2018 йил 12 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президентига почта орқали мурожаат қилган.
Давлат хизматлари Агентлигининг Навоий вилояти бошқармаси мутахассислари 15 ноябрь куни ташкил этилган сайёр хизмат тадбири жараёнида фуқародан электр энергиясига уланиш бўйича жойида мурожаат қабул қилиб, шу куннинг ўзида Хатирчи тумани Электр тармоқлари корхонаси мутахассислари ҳамкорлигида муаммога ечим топдилар. Бир оиланинг турмуш шароитини яхшилаш учун маҳалла ҳамда тадбиркорлар ҳам бирлашдилар. Мазкур мурожаатни бекорга мисол қилиб келтирмадик. Халқимиз меҳр-муруватли, бири бирининг оғир кунида елкадош бўладиган миллат. Бундай мурожаатларга кун ора дуч келамиз. Давлат хизматлари Агентлигининг Навоий вилояти бошқармаси томонидан 2018 йил давомида жами келиб тушган мурожаатлар сони 140 та, шундан давлатимиз раҳбарининг виртуал қабулхонаси орқали 91 та, бевосита бошқармага келиб тушган мурожаатлар 49 тани ташкил этди. Мазкур мурожаатларнинг 45 таси қаноатлантирилган 83 тасига тушунтиришлар бериш билан фуқароларнинг мурожаатларига ижобий ечим топишда амалий кўмак берилди.
Сўнгги сўз ўрнида айтадиганимиз юқорида мисол келтирган икки мурожаатчининг ҳоҳиш истакларига гувоҳ бўлдингиз. Хулоса чиқариш эса сиздан.
Аслиддин Орзиев,
ДХА Навоий вилояти бошқармаси
Ташкилий-таҳлил бўлими
бош маслаҳатчиси
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter