Муҳожирликда сочлари оқарган ўқитувчи ҳикояси
(Салкам 20 йиллик фаолияти давомида ўқитувчилик ортидан оиласини боқолмай, муҳожирликда 13 йил фаррошлик қилган қоровул қисмати)
Иш соатлари тугаб, хона калитини қолдириш учун қоровулхонага кирдим. Бино қоровули телефон орқали ким биландир бўғилиб сўзлашарди.
«Э, бўлди, ихтиёринг, сенга бошқа гапим йўқ!»—деди-да, жаҳл аралаш қўл телефонини ўчирди.
«Тинчликми, Комил ака?»
«Қаерда тинчлик бўлсин, журналист опа. Шу ўқитувчи жиянимга тушунтириб-тушунтира олмаяпман. Алғов-далғов пайтида Россияга ишлагани кетаман, дейди. Бугун ўқитувчиларга эътибор яхши, маошлари ошган бўлса. Бизнинг давримизда-ку, майли, кўп ўқитувчилар мажбурликдан кетганмиз мусофирчилик халтамизни елкага илиб...»—деди тажанг кайфиятда.
«Ия, Комил ака, асли касбингиз ўқитувчими? Сизнинг ҳам бошингиздан мусофирчилик ўтганми?»,—сўрайман қизиқишим ортиб.
«Эҳ-ҳе-ее, бошимдан нималар ўтмаган бу мусофирчиликда...»—ўйга толди бино қоровули.
Суҳбатимиз ўз-ўзидан очилиб кетди. У мусофирчиликдаги ҳаёти ҳақида сўзлар экан, бир-да кулиб, бир-да кўзда ёш билан гапирарди.
«Мусофирчиликдаги ҳикоям узун, журналист опа. Ўзи мусофирларнинг ҳикояси узун бўлади, асли. Осонмас...,-чуқур «уҳ» тортган кўйи ҳикоясини бошлаган суҳбатдош, салкам 20 йил Шофиркон туманидаги 49-сонли Турди Жалилов номли мактабда физика фанидан дарс берган экан.
«Совет даврининг айни қулаши даврларида фаолиятимни бошлаганман. Оғир йиллар эди-да. Ўқитувчи – илғор теримчи, ўқитувчи – қурувчи, ўқитувчи –чўлқувар, тўғрироғи, ўқитувчи – қул даврлар эди. Меҳнатимизга яраша ҳақ тўланмасди. Ҳатто, қизиқчи айтганидек, тракторчидан ҳам обрўйи тушиб кетган, энг паст маошга кўниб ишлар эди ўқитувчилар. Тўрт қизим, бир ўғлим вояга етмаган, айни еб-ичаман, кияман, деган ёшда эди. Кенжатойим эндигина етти ойлик. Ўқитувчилик ортидан на рўзғор юритиб, на бошқа ташвишни кўриб бўларди. Отам эрта вафот этган. Онам кекса. Ўзим ўшанда қирқ ёшдаману, на уй-жой қурганман, на оилани тузук тебрата олганман. Ўқитувчиликдан ташқари, кимнингдир хизматини қилишга ҳаракат қилсанг, устингдан кулишарди, иззат-нафсингга тегиб, мажлисларда ҳақорат қилишарди... Охийри, ночорлик жон-жондан ўтди. Касбингни севганинг билан ундан даромад тополмасанг, пахта далаларида тепкилансанг, қурилиши тугалланмаган биноларда ғишт «есанг», мажлисларда «копток» бўлсанг, қўл силтар экан одам.
Мусофирчилик халтамни елкамга илдим-да, Россияда узоқ йиллардан буён ишлаб юрган ҳамқишлоғимиз Акбарнинг чақируви билан автобусга чипта олдим.
Шофиркондан нарёғини кўрмаган бўлсам, узоқ йўлга чиқмаганман. Етмаганига 5 кунлик йўл. Ҳаво иссиқ. Дим. Оёқларимизнинг остигача йўловчилар ётиб олишган. Сафаримизнинг иккинчи кун тун ярми эди-ёв, Қозоғистон чегарасига етиб борган эканмиз. Бир пайт қий-чув, тўс-тўполон бўлиб кетди. Шундоқ кўз очсак, бошимиз устида барзангидай-барзангидай формали йигитлар туришибди. Улар ўз тилларида пул, озиқ-овқат талаб қилишаётган экан. Қаршилик кўрсатганларни уриб, дўппослашаяпти. Ҳайдовчи бечора: «Шафқат қилинглар йўловчиларга, ҳеч бўлмаса, етиб боргунча, озиқ-овқатлари қолсин»,—дейди. Ортиқча гапиргани учун ҳайдовчини ҳам «шип-шийдон» қилишди. «Бензин пулини ану йўловчиларингдан йиғасан энди!»-дейишибди. Онам ёпиб берган нону кулчалару, аёлим пайпоғим ичига тикиб берган бир-икки долларниям қолдиришмади.
Бир автобусда 30 дан ортиқ йўловчимиз. Йўлдаги бундай босқинчиликдан сўнг манзилда давом этарканмиз, орамиздан кимдир биров алам устида: «Улар 6 киши эди. Ҳаммамиз бир бўлиб ёпишсак бўларкан»,—деди. Яна кимдир: «Дев ўлса, шерлар кўпаяди»,—деди. Ҳамма бу гапдан қаҳ-қаҳа отиб кулади. Кимдир аччиқ аралаш, кимдир завқ билан кулади.
«Ҳар доим шу чегарадан ўтаётганда, юракларимизни ҳовучлаб ўтамиз. Аҳвол шу, ўзгармайди. Бензин ҳам тугай, деб қолди. Кимдадир нимадир қолдими?»-дейди. Йўловчилар ҳаммамиз пул излашга тушдик. Ҳар кимнинг «ҳеч ким билмас» жойида яширгани бор экан (кулиб). Ярим-ёрти қилиб, йўл ҳақларини чиқара бошладик. «Ўзбекларни ким, деб ўйлашганди. Ўн марта талашсаям, аёли пул яширган жойни топишолмайди»,—деди бир шеригимиз. Қаҳ-қаҳа баттар авж олди. Мен ҳам дўппимни бошдан олиб, унинг ичига ямоқ остига яширилган «хазина»ни олар эканман: «Ўзбекнинг боши омон бўлсин-да!»—деб юбордим. Ич-этимизни босқинчилик билан нафсониятимизга тегилгани еб турса-да, бир-биримизга ҳазил-мутойиба орқали далда бўлишга уринардик. Узоқ чўл оралаб юрган масофаларни ўттиздан ортиқ йўловчи қанд-қурсу, бир-икки қолган нонлар билан «бир майизни қирқ бўлиб» босиб ўтдик.
Беш кунда оға-инидек бўлиб кетган йўловчилар манзилга етганда, турли йўлларга тарқалишдик.
Мен ҳамқишлоғим Акбар тайинлагандек, уни Ўрисиянинг бир автобошбекатларидан бирида кутдим. Қўл телефоним йўқ. Бир бўлак қоғозчада ёзиб олганим Акбарнинг телефон рақамини йўқотиб қўйишдан қўрқаман. У билан кўришишимиз белгиланган вақтдан беш соатлар, чамаси, ўтди ҳамки, Акбардан дарак бўлмади. Кеч тушаяпти. Қоронғу. Совуқ. Бекатда енгилроқ кийимларимга ўраниб ётарканман, оч бўлсак ҳам йўл давомида босиб ўтганимиз чўлнинг иссиқ ҳавосини соғингандек бўламан. Бош бекатда кутаётганимга етти соатдан ошди. Атрофга аланглайман. Турли миллат одамлари. Ўз тилимиздан бошқасини билмасам. Анча кутдим. Бир пайт ўзимга ўхшаган дўппи кийиб олган йигитга кўзим тушди. Хурсанд бўлиб, олдига югурдим. Мени эшитиб турди-да, саволларимга тожик тилида жавоб қайтарди. Тожикистонлик экан. Тожикчада сўзлашдик. Ҳамқишлоғимга қўнғироқ қилди. Акбар билан гаплашдим. Икки соатлардан кейин етиб келишини, зарур иши чиқиб қолганини билдирди. Ҳафсалам пир бўлди. Тожик оға мени тушунди, шекилли, бир пиёла чойга қўярда-қўймай олиб кетди. Шундоқ бош бекатнинг муюлишидаги барга кирдик. Кеча-кундуз ишлар экан. Тановул қилдик. Ўзини Аҳмадали, деб таништирган тожикистонлик йигит талаба экан. Мени ўзининг ётоқхонасига бир кеча тунашга таклиф қилди. Ҳамқишлоғим ҳализамон етиб келишини айтиб, миннатдорлик билдирдим. Суҳбатимиз ярим тунгача давом этди. Аммо, Акбар келмади. Талаба йигитга бошқа танишларим бор, уй манзилини биламан, сен эртага ўқишингга боришинг керак, деб унинг тинчини ўйлаб, ёлғон гапирган кўйи манзилига бемалол кетаверишини билдирдим. Аҳмадали мен билан қадрдонлардек қуюқ хайрлашиб, манзилига равона бўлди.
Ташқаридаги бекат ва мен ёлғиз қолдик. Шу кўйи чарчоқдан неча соат ухлаб қолганман билмадим. Бир пайт бошимни остига қўйиб ётганим сумкаларим тортқиланаётганидан чўчиб уйғониб кетдим.
«Тур, ётавераркан-да, бир мундоқ қишлоқдан олиб келган патир-кулчаларингни чиқарсанг-чи!»—қаршимда ишшайиб турарди Акбар.
Ундан жаҳлим чиққан эмасми, саломлашиб кўришиш давомида унга норозилигимни билдириб қўя қолдим.
«Шунчаям бўласанми, одам, деб сенга ишониб келдим. Ҳайҳотдай етти ёт нотаниш шаҳарда ўзим билан ўзимни қолдирдинг... »-хўмрайдим.
«Бўлди, бўлди, вайсама, тур. Бугун саҳардан ишни бошлашинг керак»
«Э-э, сани қара-ю, ишдан қочиш учун келмадим, аммо ҳали чарчоқ жон-жонимни ўйган, танимдан чиқиб кетмаган»
«Ишлайверсанг, чарчоғинг чиқади!»—яна ишшайди Акбар.
Икки-уч соат дам олиб-олмай, Акбарнинг «подёми»дан уйғониб кетдим. Нонушта пайтида Акбар қайта-қайта қишлоқ кулча-патирларини сўради, унга йўлдаги воқеани айтиб бердим.
«Ха-ха-ха, ҳали бундан баттарларини кўрасан. Бу ҳали ҳолва. Нима, сенга Россия «олма пиш, оғзимга туш»ми?»-деди.
***
Болаликдан лой қориб, зувала тортиб, қалама, болорларни елкалаган бўлсак, қурилиши қийин эканми, дедим ўзимча. Йўқ. Бетон, цемент, ғишту арматуралар билан ишлаш осон эмас экан. Устига-устак, тўйиб овқатлана олмайсан. Бир пиёла чойингни ичмай туриб, «подём»лар бошланади. Салгина чарчоқдан мизғиб қолсанг, прорабнинг таёқларидан белларинг зирқиррайди. Олти ой шу кўйи ишладим. Бироқ, ойликдан дарак бўлмади.
«Нима, сани ҳужжатли ишларинг, еб-ичаётганинг ҳисобмасми, шошма, оласан-да, ўша ойлигингни»,— пўписага ўтганди ҳамқишлоғим.
«Уйга пул жўнатишим керак. Мактаб бошланаяпти. Болаларга мактаб формалари олиш керак. Бир-икки сўм берсанг-чи, инсофингни едингми, ярим йил бўлди келганимга!”—дедим жаҳл устида.
Акбар шу гапимдан сўнг болалар кийим-кечагига етар-етмас пул берди. Тезда пулни уйга жўнатдим. Шундай кунларнинг бирида бошқа манзилда кечаётган қурилиш ишларига жалб этилдик. У ерда Собир, Чори, Маткарим, Ашур каби ҳамқишлоқларимга дуч келдим. Хазина топгандек, бир-биримиз билан бақиришиб кўришибмиз. Бу ҳамқишлоқларимнинг Россияга келишганига икки йилдан ошганди, худди дом-дараксиз «йўқолишган»ди.
«Комил, паспортинг қаерда?»
«Акбарда».
«Қаерда, ким билан яшаяпсан?»
«Акбар билан».
«Унда нима қиласан, нима қўясан, ўзингниям, бизнинг ҳам паспортларни ўғирлайсан! Ипсиз боғланганмиз. Икки йилдан буён ишлаган пулимизни бермайди. Мажбур заҳар ютиб яшаяпмиз!»-ҳамқишлоқларим бошларидан ўтган кечинмаларни сўзлаб беришар экан, юрагим орқага тортиб кетди.
«Фақат биз билан учрашганингни, кўришганингни Акбар, ҳатто, хаёлигаям келтирмасин. Иложи борича, ўз объектингда ишла. Бизнинг объектга яқинлашма. Сезиб қолмасин. Сендан илтимосимиз ҳам, илтижоимиз ҳам шу! Сени бизга Худонинг ўзи юборди»,—икки йилдан буён қийналиб, очлик ва оғир меҳнатдан бошқасини кўрмаган болаликдаги жўраларимнинг аҳволига ачиниб кетдим. Акбар ўз ҳамқишлоқларини қулдек ишлатар, ўз вақтида овқатлантирмас, паспортини яшириб, бошқа давлатларга сотиб юбориш пўписаси билан қўрқитар, керак бўлса, уриб, калтаклаттирар ҳам экан. Ҳайвондан ҳам баттар ваҳшийлашиб кетган Акбарнинг ишларидан нафратланиб кетдим.
Шу куни ишдан ҳорғин қайтдим.
«Кайфиятинг бунча тирриқ. Ҳм. Ит қувдими?»—сўради Акбар.
«...»
«Манга қара. Бир-икки кун ишга борма. Шу уйни тартибга келтир. Юв-тозала. Кирларим ҳам бижғиб ётибди. Эвазига қорнинг тўйиб овқатланасан!»-худди итга суяк ташлагандек менга муомала қилди у.
Бир хаёлим ўрнимдан туриб, абжағини чиқариб, дўппосламоқчиям бўлдим. Аммо, қишлоқдош жўраларимниям, ўзимниям унинг зулмидан қутқаришим керак. Шуни ўйлаб:
«Хай, шеф, бажарамиз!»—дедим.
Бу гапим Акбарга мойдай ёқиб кетди, шекилли, ўзини виқор билан тутиб: «Сен бола, ўсасан!»-деди.
Эртаси саҳар билан Акбар уйдан чиқиб кетди. Ҳаммаёқни ювдим, тозаладим. Паспортларни изламаган жойим қолмади. Ҳеч қаерда йўқ. Фақат шкаф ва унинг ичида ўрнатилган қулфлоғлиқ цейф мани хаёлимни олганди. «Ҳужжатлар шунинг ичида бўлса керак!» Аммо, калит Акбарда бўлса, уни олиш ўлим билан баробар.
Кун кечга яқинлашганда, эшик важоҳат билан тақиллади. Шошиб очсам, Акбарнинг оёғи гипсланган, юз-қўллари шилинган кўйи икки барзанги таниши билан эшик олдида турарди.
Йигитлар Акбарни ётоққа олиб кириб кетишди.
«Болага қарагандек парваришлайсан—буйруқнамо сўзлашди йигитлар.
Акбар қурилиш объектига бориб, бир-икки ишчини калтаклаётиб, ўзининг айби билан биринчи қават томидан қурилиш чиқиндилари уюмига йиқилиб тушибди. Ичимдан «сал юқорироқдан йиқилиб тушсанг бўлмасмиди?»-деган кечинма ўтди. «Буни, асли, ишчиларнинг қарғиши урган»,—ўйландим.
Хаёлимда фақат жўраларимнинг илтижо билан айтган: «Сени бизга Худонинг ўзи етказди!»—деган сўзлари қайта-қайта ўтарди.
Барзанги йигитлар, мендан уй калитини олиб, эшикни устимиздан қулфлаб кетишди.
Акбар тун ярмида менга айнан ўзим забт этишни истаётганим – нариги хонадаги цейфнинг калитини бериб, ичидан дориларни олиб беришимни сўради.
«Цейфда пул кўп. Ҳаммаси санаб қўйилган. Тағин, ақлинг шошиб, уларни ўғирлаб, мени ўлдириб кетма!»—шундай ҳолатдаям совуқ сўзлади Акбар.
«Агар бу пуллар биз ишлаган пуллар бўлса ҳам, сани ҳаром кунингга буюрсин, дейману, аммо ўғирлик қилмайман. Пулинг бошингни есин!»—дедим жаҳл устида.
«Бўлди, бўлди, ўзингни бос, ҳазиллашдим. Сенга ишонмасам, сени ўзим билан бир кун ҳам олиб турмасдим»,—деди совуқ иржайиб Акбар.
Цейфнинг калити менинг учун катта имкон эди. Менга эса фақат паспортлар бўлса, бас. Қишлоқдошларимни бундай манфур кимсанинг қутқунидан озод қилишим керак.
Шундай бўлди ҳам. Цейфни очишим ҳамоно, унинг ичидаги пачка-пачка ўрис пулларию долларларни кўриб, рости ақлим шошдиям. Бунақа пулни умримда кўрмаганман. Бир хаёлим ростдан бузилганиниям яширмайман. Аммо “Астағфуруллоҳ, Астағфуруллоҳ, Астағфуруллоҳ»,—дея калимамни келтирдим.
«Ў-ў, нима қилдинг бунча, бўла қол. Ёки ростдан ҳам айнидингми? »
«Ҳа, айнидим, дори ўрнида заҳар қидиряпман сенга, заҳар қаерда?»—дедим мен ҳам бўш келмай.
«Пулларнинг чап ёнига қара, қаттароқ тортма бор яна. Сен айтаётган заҳар ўша ерда!»—қаҳ-қаҳ отиб кулиб сўзлади Акбар.
Худди шу тортмада алламбало ҳужжат ва кўплаб паспортлар ҳам бир файл папка ичида қалашиб ётарди. У қандай ҳужжат, у кимларнинг паспорти мени қизиқтирмасди. Шошилинчда, аммо ички қўрқув ва титроқ билан уларни шу хонадаги крават остига ташлаб юбордим. Ва дориларни Акбарга олиб бордим.
«Ҳа. Бунча титрайсан. Нима бало, жин қувдими?»
«Йўқ, пулларинг «бизни ўғирла!» деб қувди»,—дедим ҳам ҳазил, ҳам чин аралаш.
«Ҳммм-мм...»—деди Акбар.
У дориларни ичди. Оғриқлари бироз босилди, шекилли, сўз қотдим:
«Акбар. Ўзинг айтгандек, мен ҳам ҳозир сенинг ожизлигингдан фойдаланиб, сени ўласи қилиб калтаклаб, пулларингни ўмариб кетишим мумкин. Аммо, бундай пастлик қилолмайман. Сандан илтимос, ишчиларингнинг, менинг пулларимни бер. Адашмасам, сенга бизнинг иш ҳақиларимизни қурилиш ташкилоти раҳбари ўз вақтида етказиб турган кўринади»,—дедим майдалашмай.
«...»
«Бу жароҳатингни бекорга олмагансан. Аллоҳни жазосидан қўрқ! Бундан ҳам баттари бўлиши мумкин эди»
Акбар бу гапимдан сергак тортди. Сўнг ухлаб қолди. Мен эса бу пайтда барча ҳужжатларни яшириб, эшикдан олиб чиқиб кетишим учун қулай қилиб қўйгандим...
Ҳали тун ғира-шираси кўтарилмай туриб, Акбар ану барзанги йигитларни уйга чақирди. Ич-этим сув бўлди. Паспортлар йўқолганини сезиб қолишса борми, уйни ағдар-тўнтар қилиб, бир деганда топишади ва ўзимни ўласи қилиб жазолашади. Шу ўйлар билан тургандим, эшикни ташқаридан очиб киришди.
Йигитлар на салом, на алик Акбарнинг хонасига кириб кетишди.
«Кўринглар-чи, ҳаммаси жойидами?»
Орадан бирмунча вақт ўтмай, цейф «ўрганилаётган» хонадан жавоб келди:
«Ҳа, ҳаммаси жойида. Русдан 14, Америкадан 8 пачка. Тахи бузилмаган!»
«Во-о, ўзимнинг ҳамқишлоғим... Қани йигитлар, шу Комил жўрамнинг ҳалоллиги учун ишчиларга бугун бир пачка тарқатинглар!»—деди.
«Бир пачканг нима бўларди? Сенда икки йилдан ортиқ вақтдан бери ишлаб келаётганлар бор. Виждонингни ема!»—дедим.
«Бўлди. Икки пачка тарқатларинг. Аммо, Комилга бир чақаям бермаларинг. Уям икки йилдан кейин олади маошини!»—деди жиддий ва қатъий!
Менинг кўзимга пул кўринмас, қандай қилиб бўлсаям, ҳужжатларни олиб, шу эшикдан чиқиб кетиш эди мақсадим.
Ҳалиги йигитлар бирмунча пулларни олиб, эшикни яна устимиздан қулфлаб кетишмоқчи эди, ичкаридан Акбарнинг овози эшитилди:
«Калит эшикда қолаверсин. Ман Комилга ишонаман!»
Шу куни кечгача Акбарни парваришладим. Овқатлантирдим. Ювдим-тарадим. Дориларини бердим. Оғриқ қолдирувчи дорисидан бирмас, иккита бердим. Мен учун тошдай қотиб ухлаб қолсин эди. Шундай бўлди ҳам.
Тун ярмида ҳужжат ва паспортларни олдим-да, эшикни очиқ қолдирган кўйи тақдирга таваккал қилиб, жуфтакни ростладим.
Бу пайтда қурилиши тугалланмаган бинонинг «подвали»даги ҳамқишлоқларим ҳам ухлаб ётишарди. Худди ўғри мушукка ўхшаб, подвалга кирдим. Ва уларни секин уйғотдим. Мен фақат тўртовлон ҳамқишлоқларимнинг эмас, балки яна 7 нафар андижонлик, 3 нафар тожикистонлик ва 2 нафар тошкентлик мусофирларнинг ҳам паспортларини қўшиб олиб чиққан эканман. Ўз паспортини қўлга киритган ҳамқишлоқларим бошқа шерикларини ҳам танишларини айтишди. Бу орада Акбарга инсоф бериб, кеча озроқдан меҳнат ҳақларини бергани ҳақидаям сўзлашди. Мен эса индамадим. Ўша кеча худди изқуварлардек йўл тутдик. Акбарнинг қийноқларидан икки йилдан буён жабр кўриб келаётган жами 16 нафар гўё қутқундаги мусофирларнинг паспортларини етказдик. Билганим, ўша кечанинг ўзидаёқ, 15 нафар мусофир паспортини олиб, ўзлари истаган тарафга қочишган.
Биз бешовлон эса бир тараф. Ҳамқишлоқларим тонг отиши билан юртга қайтиш учун чипта олишди. Уларни ўзим бош бекатдан кузатиб қўйдим.
Қўлимда паспортим ва жўраларим менга тўрт-беш сўм пул ва Чорининг шахсий қўл телефонини қолдиришди.
«Қайтишни истамас экансан, бу телефонни ол-да, эртагаёқ рақамини ўзгартир. Кейин бизга янги рақамдан қўнғироқ қил!»—дейишди.
Мен ҳам ўша кечанинг ўзида Россиянинг Санк-Петербург шаҳридан Нижний Новгород шаҳрига қараб йўл олдим. Бу пайтда тилни анча-чунча ўзлаштириб олган ва одамлар билан бемалол мулоқотга кириша олардим...
«Нижегородский метрополитен»дан Бурнаковская бекатига келдим. Мутлақо ҳолим қолмаганди. Ишонасизми, шундоқ бекатда гитара чалиб, қўшиқ куйлаб турган ўрис фуқаросининг ёнига келиб, чўккаладим-да, ухлаб қолибман.
Орадан қанча вақт ўтди, билмадим, икки кишининг тортишувидан уйғониб кетдим. Бир йигит ва қиз. Адашмасам, физика фанига оид бир масалада тортишишарди. Уларни эшитиб турдим-да, ҳар иккисиям хато қилаётганини мийиғида кулиб, тушунтирдим. Аввалига бекатда ётган «гадо»нинг билимидан ҳайратга тушишди, кейинрок эса интернетдан алламбалоларни текшириб кўрган бўлиб, чеҳралари очилиб кетди. Аммо, физика фани ўқитувчисининг хор бўлиб, метро бекатларида тунаб юрганига ачинишди. Қизнинг бувиси Надя Николаевна, деган аёл бир пайтлар шу метро бекатида ишлаган экан. Ёшлар билан бир пасда тил топишдик. Уйларигаям олиб кетишди.
Надя Николаевнанинг кўмаги билан Бурнаковская бекатида фаррош бўлиб ишга кирдим. Мени эса шу яқин атрофдаги уйлардан бирида ижарага қўйишди. Кўп ўтмай, Надя Николаевнанинг невараси Марина ота-онасининг олдига – Иркутскка кўчиб кетибди. Надя Николаевна эса турмуш ўртоғи Андрей Тимаров билан ижара уйимга келишди. Улар ёлғиз зерикишганини, улар билан бирга яшашимни таклиф қилишди. Мен эса улар яшайдиган манзил Бурнаковская бекатидан анча йироқдалиги, ҳар куни қатноб ишлашда қийналиб қолишим мумкинлигини айтдим, тушунтиришга уриндим.
Улар эса ўз хонадонларига олиб келишди. Қатнаб ишлай бошладим. Метродаги ишим учун катта миқдорда маош тўлашарди. Аммо, кўлами ҳам шунга яраша, масалан, соат 06:30 дан 06:30 гача, 08:00 дан 08:30 гача, ёхуд 16 соатгача ҳам иш бор эди. Энг оғири, бу сиёсат фақат мигрантлар учун эди. Орадан кўп ўтмади, қиш чилласи кунларидан биридан Андрей Тимаров вафот этди. Уни сўнгги манзилга кузатдик. Энди ҳар куни ишдан чарчаб келганим етмагандек, бу хонадоннинг боғидаги ишлар ҳам ўзимга қолиб кетганди. Нон-туз беришди, жой беришди, меҳр кўрсатишди. Шундай вазиятда 70 ёшли кекса кампирни ёлғиз қолдириб кетолмадим. Кун-узун метро атрофларини тозалаш, қор кураш, кўмир ташиш... суякларим зирқирраб уйга қайтардим, узоқ масофа босиб.
Яна орадан икки йилча ўтиб, сурункали оғир жисмоний меҳнат таъсирими, тўшакка йиқилдим. Эрталаб турсам, чап қўл ва оёғим увишган, ишламайди. Ҳатто, бармоқларим ҳам ҳаракатдан тўхтаган. Қўрқиб кетдим. Ҳали қишлоқда иморат битмаган. Болалар улғайишяпти. Ўзбекчилик қурсин, шундай пайтда ҳам тез тузалиб кетишни эмас, болаларимни уйли-жойли қилишни ўйлабман.
Э, ишонасизми, фалаж бўлиб қолган эканман. Афсуски, айнан шу фалаж бўлиб ётган кезларимда онажонимнинг вафот этгани хабари келганди. Бу қандай кўргуликки, ўз волидамни охирги манзилга кузата олмадим. Беш синглим ўғил ўрнида ўғил бўлган. Энди ҳаммаси тамом, шу ерларда ўлиб кетаман, деб ўйлаган эдим. Йўқ, Надя Николаевна худди боласига қарагандек мени парваришлади. Тўрт ой, деганда муолажалари билан мени оёққа турғизди. Яна ишга киришдим, ҳаракатга, кучга тўлдим. Аммо, ишимдан айрилиб бўлгандим. Надя Николаевнанинг боғ-роғига қарадим, дарахту кўчатларини парваришладим. Кунлар сувдек ўтарди. Тўнғичимнинг талаба бўлганини эшитиб, қувондим. Уйга талпиндим. Буни сезган Надя Николаевна барча харажатларимни кўтариб, совға-салому йирик пул билан мени қишлоққа жўнатди. «Аммо, қайтиб келгин-а, ўғлим. Сени кутаман»,—деди...
5 ой, деганда ваъдага вафо қилиб, Надя Николаевнанинг ҳовлисига қайтдим. Мени унинг қизи Марина қарши олди. Онасининг оғир бетоб бўлгани, касалхонада эканини айтди. Биргаликда касалхонага бордик. Беш-олти кун ўтар-ўтмас, Надя Николаевнанинг ҳам жони узилди.
Шундан сўнг бир муддат Нижнегородский метрополитенининг Канавинская бекатида ишлай бошладим. Айни шу ерда мени Акбарнинг қўл остида ишлайдиган муҳожирлардан бири учратиб қолди. Лекин уни кўриб, кўрмасликка олдим. Чунки фарғоналик бу йигит Акбарнинг югурдакларидан бири эди. У менинг олдимга келмаган бўлса ҳам, негадир, юрагим така-пука бўлди. Худди Акбар келади-ю, мени ўзимдан ташқари, яна 15 нафар мусофир болани паспортини ўғирлаб бериб қочирганимнинг аламини олади. Шу боисми, бир-икки кун ишда кўринмадим. Афсуски, учинчи кун фалокат оёғим остидан чиқди. Тун ярмида ишдан қайтаётганимда метро бекатидан чиқиб, дарахтзор оралаб ижара уйимга бораётганимда, нотаниш кимсалар мени ўласи қилиб дўппослашди. Қўл-оёқларим лат еган, лабларим ёрилган, юзларим тимдаланган ҳолда муздай ариққа отиб кетишди. Қўлимга “Акбардан салом” деган ёзувли хат қолдириб кетишибди. Шу кўйи судралгача, ўзим яшайдиган кўп қаватли уйларнинг подвалига бордим. Ўн-ўн бештача муҳожир шу ерда кун кечирардик. Шуларнинг кўмаги билан соғлигимни тикладим. Акбарнинг бу ҳаракатидан аччиқланиб, 6 киши ўзаро келишдик-да, айнан у ишлайдиган Санк-Петербургга бориб ишлашга қарор қилдик. Икки-уч кун, деганда Санк-Петербургга жойлашдик. Ишлаб чиқариш заводларидан биридан иш топдик. Афсуски, бу вақтда биз, 6 кишининг Россияда «юриш» патентимиз тугаб қолган экан. Энди у ҳужжатсиз бир қадам жилолмаймиз. Россия полицияси ушлайди-да, қамаб қўяди ёхуд депорт қилиб юборади. «Бос»имиз тошкентлик эди, у ҳам «патенти»миз тугаганидан жаҳлланди. Бизни эътиборсизликда, вақтида огоҳлантирмаганликда айблади.
“Бўлди, ўзим сенларни муаммоларингни ҳал қиламан. Пулини тўлаб қўясанлар. Бунинг учун бирровга бўлсаям, Қозоғистонга кириб чиқишларинг керак!»-деди.
Биз эса буни тушунмаймиз. Бос ўзининг «иномарка»сини гувиллатиб ёқди-да, машинага ўтиришга чақирди. Санкпетербург-Москва масофа 600 километрдан узоқ. Москва-Қозоғистон, қарийб, 3500 километр.
«Патентни янгилаш учун Москва-Бухоро қилишларинг шартмас, Қозоғистонга кириб чиқамиз!»- «арлондо»сини елдай учирарди бос.
7 киши бир автоуловда, осон эмас! Оёқлар увишган. Ҳатто, туз татиб олиш учун ҳам машинани тўхтатмайди. Фақат ҳожатгагина бир муддат тўхтаб олиш мумкин. Боснинг «темир қоидаси»дан қўл-оёқ томирларимиз увишди. Оёқларимиз шу қадар шишиб кетганки, айтиш қийин. Ёнимдаги йигитлар-ку, ёш-яланг, мен қарийб, элликка кираяпман, устига-устак, Акбарнинг калтаклари ҳали тўла битмаган. Қозоғистон чегарасига шундоқ кирдигу, ҳужжатлар муҳрлангач, яна шундоқ қайтдик. Жарликдан ўтар эканмиз, ҳушим бошимдан ошди. Худди ёш боладек бақириб йиғлаб юборибман. Далда беришди-ю, машинани тўхтатишмади. Ишонасизми, уч кеча-кундуз босимиз на ухлаб, на тин олиб, машинасини сурди. Жоним азобда қолганидан унга шикоят қилсам-да, кучига, чидамлилигига тан бергандим...
Ижара уйга келиб, патентни қўлга олдим. Бир энлик қоғоз учун чеккан азобларимиз ўлароқ, хўрлигим келиб, яна йиғлаб юбордим.
«Комил ака, бу болаларингизнинг соғинчи, бироз кексайиб чарчаганингиз таъсири. Агар қарши бўлмасангиз, янги патентингиз муддати тугаши билан сизни ўз ҳисобимиздан юртингизга жўнатамиз»,-деди босимиз.
Оилам анча тинч, ўзини тиклаган, ҳовли-жойлар ҳавас қиларли, 4 фарзандим илм этагидан тутишган эди бу пайтда.
Тахминан, ўн уч йилдан кўп вақтим хорижда, мусофирчиликда кечди. 2020 йилда бутун дунё пандемиядан азият чекди. Жумладан, ўзим ҳам. 40 ёшида юртидан чиқиб кетган навқирон йигит сочлари оқарган, эрта кексайган, соғлигини йўқотган 53 ёшли чолга айланиб қолдим. Пандемиянинг таъсири ўлароқ, анча ҳол йўқотгандим. Яна қарийб, бир йилни жоним азобда, касалчилик билан ўтказдим. 2021 йилда босимиз ўзи айтганидек, ўз ҳисобидан чартер самолётда Ўзбекистонга қайтарди.
Ҳали пенсия ёшимга етмаганим учун яна ўзим салкам йигирма йил фаолият кўрсатганим мактабга ишга чақиришди. Энди тасаввур қилинг, таълим тизимидан чиқиб кетган, лозим бўлса, физик билимларниям анча эсдан чиқарган бўлсам. Бу ҳолда ўқувчи-ёшларга қандай таълим бера оламан. Виждоним йўл қўймади. Мактабда, ўзим севган ва ёқтирган касб бўлишига қарамай, йиллар селида бор билимларимни йўқотганим эвазига менга фарзандини ишониб топширган ота-оналарга хиёнат қила олмасдим.
Мени яна ўқитувчиликка ундаган фарзандларим охийри отасининг тақдирнинг аччиқ қисмати билан «яроқсиз ўқитувчи»га айланиб қолганини тушуниб етишди. Яна такрор айтаман, бизда ўтиш даврининг оғир дамларида муҳожирликда меҳнат қилишдан бошқа чора қолмаган эди. Бироқ, бугунги кун ўқитувчиси мусофирчиликка кун ўтказишга мажбур эмас ва улар учун имкон жуда катта. Шу имкониятдан тўғри фойдаланишлари керак. Қолгани Худодан.
Ҳа, айтмоқчи, қишлоққа қайтиб, худди ёшлардек энтикдим. Шундай кунларнинг бирида Акбарни ўзининг ҳовлиси ёнида учратиб қолдим. У бир оёғи ва бир қўли кесилган аҳволда ногиронлик аравачасида хомуш ўтирарди. Ичкаридан фарзандининг: «Ойи, отамизни ўзингиз олиб киринг, мен ишга шошяпман, вақтим йўқ. Текинтомоғингизни ўзингиз овқатлантиринг!»—деган овози эшитилди...
Лайло Ҳайитова
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter