Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Молдова МДҲ тузилмасини тарк этмоқда

Молдова МДҲ тузилмасини тарк этмоқда

Молдова парламенти раиси Игорь Гросу мамлакат ҳукуматига МДҲ Парламентлараро ассамблеясидан чиқишга доир қарор тайёрлаш борасида сўров йўллади. Қонун чиқарувчи идора ушбу қарорга республика фуқаролари, партиялар ва президент билан маслаҳатлашувдан кейин келгани хабар қилинган.

Бир пайтлар Совет Иттифоқи таркибида бўлган Молдова парламентини айни вақтда Европа интеграцияси тарафдори бўлган партия назорат қилмоқда. Ушбу партия ҳамда парламент раиси Игорь Гросу МДҲ тузилмасидан чиқиш қарорини Россиянинг Украинадаги ноқонуний ҳаракатлари ҳамда Москванинг Кишинёвга нисбатан нодўстона сиёсати билан изоҳлаган.

2020 йилда Молдова президенти лавозимига сайланган Майя Санду интервьюларида МДҲ билан ҳамкорлик республикага манфаат келтирмаслигини таъкидлаган. Сиёсатчининг ўзи ҳозирга қадар МДҲнинг бирор саммитида қатнашмаган. 

Молдова ташқи ишлар вазирлиги халқаро бирлашма доирасида имзоланган айрим ҳужжатларни бекор қилишни таклиф этган. Айни пайтда ваколатли тузилмалар Молдованинг МДҲга аъзолиги нечоғли мақсадга мувофиқлигини ўрганмоқда.

Майя Санду кўпдан буён Россия Молдова суверенитетига беҳурмат муносабатда бўлаётганини айтиб келади. Жорий йил февраль ойида эса у Кремль Молдовада давлат тўнтариши қилиш мақсадида қўпорувчилик ҳаракатларига ҳозирлик кўраётгани ҳақида баёнот берганди.

Кейинроқ АҚШ президенти маъмурияти ҳам Россия разведкасига алоқадор шахслар Молдовада оммавий намойишлар ўтказиш орқали ҳукуматни ағдариш ва давлат тепасига кремлпараст маъмуриятни келтиришни кўзлагани ҳақида хабар берди.

Молдованинг амалдаги раҳбарияти мамлакат Россия босимларидан буткул қутулиб, Европа Иттифоқига аъзо бўлиши йўлида курашмоқда. ЕИ 2022 йилда Молдовага аъзоликка номзод мақомини берган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг