Mobiuz Ўзбекистонда уяли алоқани ривожлантириш бўйича янги келишувларга эришди
Барселонадаги Mobile World Congress 2023 доирасида Mobiuz мобил оператори 23 миллион AҚШ доллари миқдорида инвестицияларни жалб қилди.
Жорий йилнинг 27 февралидан 2 мартигача Барселонада (Испания) мобил индустриядаги улкан тадбирлардан бири – Mobile World Congress бўлиб ўтмоқда. Mobiuz мобил оператори вакиллари GSM ассоциацияси (GSMA) таклифига биноан ушбу тадбирда иштирок этмоқда. Компания 2014 йилдан бери GSMAнинг тўлақонли аъзоси ҳисобланади.
Mobile World Congress (МWC) – бу ҳар йили ўтказиладиган конгресс ҳамда мобил саноат ва мобил алоқа соҳаси вакиллари иштирокидаги дунёдаги энг йирик кўргазмалардан биридир. Бу билим ва тажриба алмашиш, илғор технологиялар ва ғояларни намойиш этиш, бизнес ва сармоявий ҳамкорликни йўлга қўйиш учун қулай майдондир.
МWC 2023да иштирок этиш доирасида Mobiuz хорижий ҳамкорлар билан бир қатор ҳужжатларни имзолади.
Ҳозирда Mobiuz Хитой Халқ Республикасидаги ҳамкорлари билан 2021-2024-йилларга мўлжалланган инвестиция лойиҳасини амалга оширмоқда. МWCда имзонланган ҳужжатлар бу ҳамкорликни янада ривожлантиришга тааллуқлидир. Ҳусусан, эришилган келишувлар натижасида жорий йилнинг иккинчи ярмида Mobiuzга Huawei компаниясининг умумий қиймати 23 миллион долларлик ускуналари етказиб берилади.
Mobiuz мобил оператори хорижий банклардан жалб қилинган маблағларни ва ўз маблағларини технологик жиҳозларни тўлиқ модернизация қилиш, янги технологияларни жорий этиш, 4G LTE ва 5G қамровини кенгайтиришга йўналтирмоқда.
МWC 2023да Mobiuz Хитойнинг икки етакчи ишлаб чиқарувчиси – Huawei ва ZTE билан ҳамкорликни янада чуқурлаштириш бўйича меморандумларни ҳам имзолади. Шу тариқа, компаниялар 2024-2026 йилларда ва ундан кейинги даврларда самарали ҳамкорликни янада кенгайтиришга интилишларини билдирдилар. Бу еса Mobiuz мобил операторига мавжуд тармоқларни муваффақиятли кенгайтириш ва модернизация қилиш, 5G асосида рақамли хизматларни ривожлантириш имконини беради.
Шу билан бирга, Mobiuz делегацияси МWC 2023 кўргазмасида уяли алоқа бозори учун маҳсулот ва хизматларнинг глобал етказиб берувчилари билан фаол музокаралар олиб бормоқда. Бу борада етакчи халқаро мобил алоқа операторлари билан фикр ва тажриба алмашилмоқда. Зеро барча вазифаларни самарали амалга ошириш учун мобил технологияларнинг дунёдаги сўнгги ютуқларидан хабардор бўлиш муҳим аҳамиятга ега.
Ҳамкорлик натижасида компания йилдан йилга янги технология ва хизматларни абонентлар учун жорий этмоқда. Масалан, Mobiuz Ўзбекистон мобил алоқа бозорида биринчи бўлиб 2021 йилнинг апрел ойида eSIM хизматини ишга туширди. Ўтган йили 5G тижорий тармоғи муваффақиятли иш бошлади. Тўртинчи авлод тармоқларига асосланган VoLTE/ViLTE технологияларининг имкониятлари Mobiuz томонидан намойиш этилди ва жорий йилда уларни ишга туширишга тайёргарлик кетмоқда.
Mobile World Congress 2023да тақдим этилган ғоялар ва технологиялар Ўзбекистон шароитида босқичма-босқич жорий этилади. Бунинг учун Mobiuz мобил оператори барча зарур саъй-ҳаракатларни амалга оширади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter