Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Михаил Горбачёвнинг ручкаси нега ёзмай қолган эди?

Михаил Горбачёвнинг ручкаси нега ёзмай қолган эди?

Фото: Наша Газета

1991 йил 25 декабр куни кечқурун Михаил Горбачёв совет империясини қутқариб қолиш борасидаги уринишлари муваффақиятсизликка учраганини тан олди ва СССР президенти лавозимидан истеъфога чиқди. Горбачёвнинг жонли эфирдаги телемурожаати одамлар ўрганиб қолган кремлча ҳашаматдан холи эди, орқа планда ҳатто Ленин 1917 йилда тузган режимнинг классик рамзи бўлмиш ўроқ ва болға ҳам кўринмасди. Тарихий лаҳзалар жиддий бир вазиятда кечмоқда эди.

Бу баёнотни 8 декабрдан буён кутишаётган эди, айнан шу куни СССР таркибидаги 15 республикадан учтаси — Россия, Украина ва Беларус — иқтисодий инқироз ва тобора кучаяётган сепаратизм туфайли ҳолдан тойган марказий ҳокимиятни тан олмаслигини эълон қилганди.

Борис Елцин бошлиқ минтақавий раҳбарларнинг мавқеи тобора ошаётган бир пайтда одамларнинг кўз ўнгида Горбачёв ҳокимиятининг обрўси тутдек тўкилиб борарди. Айирмачилар СССРнинг гўрига қандай қилиб ғишт қалашни келишиб олаётганида мамлакатни бошқаришга қодир бўлмай қолган совет президенти Кремлга қамалиб олган эди.

Шу вақтгача мен «Folha»нинг мухбири сифатида Москвада бир йилдан кўпроқ ишлаб қўйган эдим, кейин Россия пойтахтида 1994 йилгача яшадим. Москваликларнинг кундалик турмушини кузатиш ва улкан империя бўйлаб қилинган сафарлар менга режим қулашининг бевосита гувоҳи бўлиш имконини берди. Сайёра миқёсидаги гегемонликка даъвогар бўлган қудратли бир давлат кўз ўнгимда озиқ-овқат ва дори-дармон етишмовчилигидан қийналгани учун халқаро гуманитар ёрдамга кўз тиккан ночор мамлакатга айланди.

Ўзгаришларни амалга ошириш учун Горбачёв 1985 йили Совет иттифоқидаги аҳволни ҳалокатли деб эътироф этди. У режимни тарихга «қайта қуриш» номи билан кирган ислоҳотлар орқали сақлаб қолмоқчи эди.

Иқтисодий қашшоқлик одамларни нон ва сут сингари асосий озиқ-овқат маҳсулотларини қўлга киритиш учун ҳар қандай қингирликдан қайтмасликка мажбур қиларди, уларни узоқ вақт навбатда туриб харид қилиш мумкин эди, бу қайта қуриш даврининг типик кўринишларидан биридир. «Навбатда туриш маданияти» ўша оғир даврда юзага келди. Давлат дўконларининг олдида одам йиғилганини кўрган совет кишилари нима сотилаётганини билмасдан туриб ҳам навбатини кутаётган оломонга қўшилиб оларди.

Асосийси нима бўлсаям сотиб олиш эди, олинган нарса аслида харидорга керак бўлмаса ҳам кейинчалик уни нимагадир алмаштириб олиш мумкин эди, кўп қийинчиликларни кўрган халқ бунга кўникиб кетганди. Бир қўшни хотин менга кейинчалик косметика ва дудланган балиққа алмаштириш учун бир неча жуфт эркаклар пойабзали сотиб олганини айтиб мақтанган эди.

Совет латифалари турмуш қийинчиликларини акс эттирарди. Мана масалан биттаси: «Сиз капиталистларда битта муаммо бор: қандай қилиб пул топиш мумкин? Бизда, СССРда, муаммолар иккита: қандай қилиб пул топиш ва кейин уни қандай сарфлаш мумкин?».

Бозорга бориш кўпинча бўм-бўш пештахталар аро кезиш ва манмансираган қўпол сотувчилар билан мулоқотни анлатарди. Коммунистик партия истеъмолчиларга ўгай кўз билан қарар эди.

Аммо барибир «капиталистик жаҳаннам»га етишиш мумкин бўлиб, хорижий валюта унинг калити ҳисобланарди. Доллари борлар махсус давлат дўконларидан ёки финларнинг «Stockmann»ига ўхшаш хорижий супермаркетлардан чет эл товарларини харид қилишлари мумкин эди.

Швейцариянинг чиройли шоколадлари ва француз сут маҳсулотлари имтиёзли мижозлар: дипломатлар, хорижий мухбирлар ва «номенклатура» аъзоларининг саватларидан жой оларди. «Номенклатура» термини совет ҳукмрон табақасини билдиради. Болтиқбўйидаги Литвадан бошлаб Кавказдаги Гуржистонгача партиявий элита мустақиллик илинжида Горбачёв билан алоқаларини узган эди.

Ўша йиллари ҳудудий жиҳатдан дунёдаги энг катта давлат бўлган СССРни кезиб чиқиш 11 та соат минтақасини ўз ичига олган империяни кашф қилишни англатарди.

Михаил Горбачёв Совет иттифоқининг ҳудудий яхлитлигини сақлаб қолиш учун курашарди. Аммо 1991 йил 8 декабр куни унга телефон орқали минтақавий раҳбарлар марказий ҳокимиятни инкор қилувчи битимни имзолашгани ҳақидаги мудҳиш хабарни етказишади.

Горбачёв билан гаплашиш вазифаси Беларус раҳбари ва учрашув ташкилотчиси бўлган Станислав Шушкевичнинг чекига тушади. Ушбу тарихий лаҳзалардан бир неча ҳафта ўтгач у «Folha»га берган интервюсида совет президентининг бу воқеага реакцияси ҳақида гапириб берди: «Горбачёв жудаям ташвишга тушиб қолди. Унинг менга ҳар доим сенлаб мурожаат қиладиган қизиқ одати бор эди. Лекин ўша суҳбатда у менга биринчи марта сизлаб мурожаат қилди».

Ички ишлардан ажратиб қўйилган Горбачёв Кремлни тарк этишга мажбур бўлди. Бир гуруҳ репортёрлар унинг хайрлашув нутқини кузатиб туришди. Истеъфога чиқиш ҳақидаги ҳужжатларни имзолаётганида 1990 йилги Нобел тинчлик мукофоти лауреатининг СССРда ишлаб чиқарилган ручкаси ёзмай қолди.

Репортёрлар орасида бўлган CNNнинг ўша пайтдаги президенти Том Жонсон киссасидан «Mont Blanc»ини чиқариб Горбачёвга бериб турди ва натижада тарихий имзо чет эл ручкасида қўйилди. Фаросатли одамлар бу ниманинг рамзи эканлигини ўша заҳоти англаб етишди.

Жайме Спицковский (Jaime Spitzckovsky)

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг