Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Мирзиёев Самарқандда ўтаётган халқаро конференция иштирокчиларига мурожаат йўллади

Мирзиёев Самарқандда ўтаётган халқаро конференция иштирокчиларига мурожаат йўллади

Ҳурматли делегациялар раҳбарлари!

Ҳурматли конференция иштирокчилари!

Хонимлар ва жаноблар!

«Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё ўзаро боғлиқлиги: барқарор ривожланиш учун глобал дарвоза» мавзуидаги биринчи конференциянинг барча иштирокчиларини чин қалбимдан қутлайман.

Тадбирда бевосита иштирок этаётган Европа Иттифоқининг Ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Олий вакили Жозеп Боррель жанобларига, Марказий Осиё мамлакатлари ташқи ишлар вазирлари, нуфузли халқаро ташкилотлар, хусусан, Европада хавфсизлик
ва ҳамкорлик ташкилоти, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Европа инвестиция банки раҳбарларига ўзимнинг алоҳида ташаккуримни изҳор этишдан мамнунман.

Яқинда илк бор бўлиб ўтган Марказий Осиё – Европа Иттифоқи давлат раҳбарлари саммити ҳамда бугунги халқаро анжуман томонларнинг стратегик ҳамкорликка бўлган қатъий интилишини яққол намоён этмоқда. Биз алоқаларимизга катта куч ва шиддат бағишлайдиган бу каби мулоқот ва учрашувларни мунтазам ўтказиб бориш зарур, деб ҳисоблаймиз. 

Ҳурматли тадбир қатнашчилари!

Бугунги кунда дунёда юз бераётган мураккаб геосиёсий жараёнлар ва олдиндан башорат қилиб бўлмайдиган турли зиддиятлар, глобал сиёсий ва иқтисодий беқарорлик, турли замонавий таҳдидлар минтақалар ва давлатлар ўртасидаги ҳамжиҳатлик ва ўзаро манфаатли шерикликни янада кенгайтиришни тақозо қилмоқда.

Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича янгиланган стратегияси қабул қилинган бўлса-да, афсуски, оғир синов даври бўлган пандемия туфайли аввал белгилаб олган кўпгина режаларимиз, европалик ҳамкорларимиз билан кун тартибидаги энг муҳим вазифаларни тўлиқ амалга оширдик, деб айта олмаймиз.

Шу сабабли Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтаётган мазкур анжуман Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё ўртасида мулоқотларни фаоллаштириш, ҳамкорлигимизни амалий дастур ва лойиҳалар билан бойитиш, минтақалараро очиқ ва самарали алоқалар тизимини шакллантириш, кўп қиррали шерикликни янада чуқурлаштиришга қаратилгани билан ғоят аҳамиятлидир.

Биз жадал ривожланиб бораётган икки муҳим минтақанинг ўзаро алоқаларини кучайтириш, “Глобал дарвоза” ташаббусини тўлиқ рўёбга чиқариш мақсадида устувор йўналишлар – рақамли трансформация, транспорт соҳасидаги ўзаро боғлиқлик ва «яшил ўсиш» лойиҳаларига алоҳида эътибор бериш лозим, деб ҳисоблаймиз.

Авваламбор, Европа Иттифоқи ва Марказий Осиёнинг рақамли трансформация борасидаги улкан салоҳиятидан ўзаро манфаатли ҳамкорлик ва инклюзив ривожланиш йўлида унумли фойдаланиш муҳим аҳамиятга эга.

Биз Европа Иттифоқининг минтақамизни боғлайдиган кенг оптик толали йўлаклар барпо этиш, бошқарув ва ижтимоий соҳа, саноат, соғлиқни сақлаш, таълим, молия ва қишлоқ хўжалигида рақамли технологияларни кенг жорий этишга қаратилган режа ва дастурларини қўллаб-қувватлаймиз.

Бундан ташқари, жаҳон бозорларига чиқиш, глобал интеграция ва ҳамкорлик жараёнларида фаол иштирок этиш учун транспорт йўналишларини диверсификация қилиш минтақамизнинг барча мамлакатлари учун бирдек долзарб вазифа ҳисобланади.

Бу борада Европа Иттифоқининг қатор ташаббуслари минтақаларимиз ўртасида энг мақбул ва самарали транзит ва логистика инфратузилмаларини яратишга хизмат қилишига аминмиз.

Транскаспий мультимодал маршрутини ривожлантириш орқали Европа қитъасининг Осиё билан савдо-иқтисодий ҳамкорлигини янада чуқурлаштиришга, Марказий Осиё мамлакатларини эса ташқи бозорларга энг қулай транспорт йўлаклари воситасида чиқишига катта ҳисса қўшади.

Шунингдек, Европа Иттифоқи «яшил ривожланиш» бўйича бизнинг асосий ҳамкоримиз ҳисобланади.

Минтақамизда энергияни самарали сарфлайдиган ва ресурсларни тежайдиган технологияларни кенг жорий этиш, «ақлли қишлоқ хўжалиги»ни ривожлантириш, қайта тикланадиган энергия манбалари имкониятларини тўлиқ ишга солишда биз албатта, вакиллари бу ерда тўпланган барча Европа давлатларининг энг илғор ва замонавий тажрибасига таянамиз.

Ҳеч шубҳасиз, иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш, инклюзив «яшил ўсиш»га ўтиш, сувдан оқилона фойдаланиш, экологик хавфсизликни таъминлаш бундан кейин ҳам кўп томонлама ҳамкорлигимизнинг устувор йўналишлари бўлиб қолади.

Шу маънода, атроф-муҳит ва сув ресурслари бўйича келгуси йили Рим шаҳрида бўлиб ўтадиган «Европа Иттифоқи – Марказий Осиё» халқаро конференцияси ушбу йўналишда аниқ амалий натижаларга эришишга имкон яратишига ишонамиз.

Ҳурматли тадбир қатнашчилари!

Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш йўлида олиб бораётган биргаликдаги қатъий саъй-ҳаркатларимиз албатта ўз ижобий натижасини беради.

«Марказий Осиё – Европа Иттифоқи» форматидаги мазкур платформа мунтазам тус олиб, унинг сессияларида ҳамкорлигимизнинг долзарб мавзулари бўйича самарали муҳокамалар ўтказилади, минтақавий алоқаларимизга дахлдор умумий ёндашувлар ва кўп томонлама дастурий ҳужжатлар ишлаб чиқилади, деган умиддаман.

Ушбу барча долзарб масалалар, эришиладиган келишув ва аниқ лойиҳалар бугун қабул қилинаётган Самарқанд декларациясида ҳамда тасдиқланадиган кенг қамровли “йўл харитаси”да ўзининг батафсил ифодасини топади, деб ишонаман.

Фурсатдан фойдаланиб, сиз, азизларга – конференциянинг барча иштирокчиларига сиҳат-саломатлик, бахт-саодат ва муваффақиятлар тилаб қоламан.

Шавкат Мирзиёев,

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг