Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Шавкат Мирзиёев дунёнинг етакчи олимларини Ўзбекистонга таклиф қилди

Шавкат Мирзиёев дунёнинг етакчи олимларини Ўзбекистонга таклиф қилди

БМТнинг Иқлим ўзгариши бўйича конференциясида нутқ сўзлаган давлатимиз раҳбари Тошкентдаги «Яшил университет» негизида ташкил этилаётган «Иқлим илмий форуми»да дунёнинг етакчи олимлари ва экспертларини иштирок этишга чақирди.

«Ер деградациясининг олдини олиш, сувдан оқилона фойдаланиш, озиқ-овқат хавфсизлигини кафолатли таъминлаш ва бошқа ўткир масалалар Форумнинг кун тартибидан жой олади, деб ишонаман», – деган Президент.

Шунингдек, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти билан 2024 йили Ўзбекистонда «Иқлим миграцияси» мавзусида конференция ўтказиш режалаштирилаётгани маълум қилинди.

Давлатимиз раҳбари Халқаро меҳнат ташкилоти билан ҳамкорликда «Яшил бандлик» дастури”ни ишлаб чиқиш, иқлим ўзгаришининг бандликка таъсирини Моделлаштириш марказини ташкил этишни таклиф қилди.

«Иқлим муаммоларини самарали ечишга ёшларни фаол жалб қилиш учун БМТнинг Иқлим ўзгариши бўйича конференцияси Ёшлар форумини юқори даражада ташкил этишга тайёрмиз», – дея қўшимча қилган Ўзбекистон Президенти.

Шавкат Мирзиёев БМТнинг Иқлим ўзгариши бўйича конференциясида сўзлаган нутқида барчани келажак авлодлар олдидаги масъулиятни теран англаган ҳолда иқлим ўзгаришига қарши бирдамликка чақирди

Давлат раҳбари бу борада бир қатор амалий таклифлар билдирди. Жумладан, Париж шартномаси доирасида Иқлим ўзгаришига мослашиш соҳасидаги Глобал ҳадли механизмни тезроқ келишиш тарафдори эканлигимизни маълум қилди.

«Бу эзгу мақсадда келгуси йили Самарқанд халқаро иқлим форумини ўтказиш ва минтақавий ёндашувларимиз ўз ифодасини топган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг алоҳида резолюциясини қабул қилиш ташаббусимизни қўллаб-қувватлашга чақираман», — деди БМТнинг Иқлим ўзгариши бўйича конференциясида нутқ сўзлаган Ўзбекистон Президенти.

Шавкат Мирзиёев ўз чиқишида Ўзбекистон иқлим ўзгаришига қарши кураш бўйича умумбашарий ғояларга доимо содиқ эканини таъкидлаган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг