Минглаб одамларни қақшатган гуруҳга ҳукм ўқилди
Бугун, 14 сентябрь куни жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман судида «KOREAN AND MIGRATIONS» XUSUSIY BANDLIK AGENTLIGI» МЧЖ масъулларига нисбатан суд ҳукми эълон қилинди. Бу ҳақда Олий суд ахборот хизмати хабар берди.
Ушбу жиноят иши жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман суди судьяси Т. Қосимов томонидан кўриб чиқилди.
Эълон қилинган суд ҳукмига кўра, Қ. Отақулов — 9 йил, О. Кабилов — 9 йил, Х. Турдиев — 8 йил 3 ой, М. Алиқулов — 8 йил 3 ой, А. Шамшиддинов — 8 йил 3 ой, М. Отажонова — 5 йил 9 ой 21 кун, Р. Нуралиева — 6 йил 1 ой, О. Жўраев — 8 йил 3 ой, Канг Нам Кю — 8 йил 6 ой, Ж. Хидиров — 6 йил, И. Джабборова — 6 йил 1 ой, Ф. Камалов — 6 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Тайинланган жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланди.
Эслатиб ўтамиз, айбловга кўра, «Korean and migrations» xususiy bandlik agentligi» МЧЖ раҳбари Қ.Отақулов ва бошқалар Ўзбекистон Республикаси фуқароларини хорижда ишга жойлаштириш ваъдаларини бериб, улардан олинган жуда кўп миқдордаги пул маблағларини шахсий эҳтиёжларига сарфлаб юборишган.
Иш бўйича 2 372 нафар жабрланувчи, 4 нафар фуқаровий даъвогар деб топилганди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter