Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Миграция агентлиги Россия томонининг иддаоларини рад қилди

Миграция агентлиги Россия томонининг иддаоларини рад қилди

Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги сўнгги кунларда қатор оммавий ахборот воситаларида тарқалаётган Россияга ишлаш мақсадида кетаётган меҳнат мигрантлари сони охирги 7 йилда 4 баробарга ошгани ҳақидаги хабарларга муносабат билдирди.

Агентликка кўра, меҳнат миграцияси, айниқса Россия Федерациясига ишлаш мақсадида борувчилар оқими иш мавсумига кўра тез ўзгарувчан ҳисобланади. 

Ўзбекистонлик меҳнат мигрантларининг асосий қисми Россия Федерацияси ҳиссасига тўғри келсада, аммо хабарларда таъкидланаётгандек сўнгги 7 йилда ушбу давлатга кетаётган юртдошларимиз сони 4 баробар ошмаган.

Статистик маълумотларга кўра, Россияда вақтинча меҳнат фаолиятини олиб бораётган ўзбекистонлик мигрантлар сони 2016 йилда тахминан 2 миллион нафар бўлган бўлса, ҳозирги вақтда бу 1,5 миллион нафарга яқинни ташкил этади.

Шу билан бирга, сўнгги йилларда меҳнат миграцияси географияси ҳам кенгайган. Яъни хорижда ишлаш истагидаги фуқароларни дунёнинг ривожланган давлатларига манзилли ишларга жалб қилиш бўйича қатор натижаларга эришилмоқда.

Жумладан, Жанубий Корея, Япония, Туркия, Германия, Буюк Британия ва Европанинг бошқа мамлакатларида қурилиш, ишлаб чиқариш, тиббиёт ва хизмат кўрсатиш соҳаларининг турли йўналишларида ишчиларга талаб юқори ва бугунги кунда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ва 33 та давлатнинг 500 га яқин иш берувчи ташкилотлари ўртасида келишувлар мавжуд.

Эслатиб ўтамиз, кеча, 28 апрель куни Россиянинг иқтисодий тараққиёт вазири Максим Решетников Тошкентда ўтаётган халқаро инвестициялар форумида Россияга ишлаш учун борган Ўзбекистонликларнинг сони охирги 7 йилда 4 баробарга ошганини иддао қилган эди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг