Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

МИБ: «Зарарни қопламайсизми?.. Ўзингиздан кўринг!»

МИБ: «Зарарни қопламайсизми?.. Ўзингиздан кўринг!»

Фото: Архив

Тадбиркорлик субъектининг эшигини қоқиш осонми бугун? Ҳеч-да! Формангизни кўриб (айниқса, МИБ ходимларининг!), кўпларнинг энсаси қотади, қизиққонлари-ку, саломга ўзгача «алик» олишлари мумкин: «...бало борми бўтта?!».

Начора, чидайсиз. Асабга са-ал эрк берилса, дарҳол устингиздан арз қилинади. Ичкари бир қадам қўйишингиз билан навбатдаги таъна янграйди: «Биз тадбиркормиз, текширишга ҳаққингиз йўқ!». Тўғри, молиявий фаолиятингизни текширишга МИБнинг умуман ҳаққи йўқ. Бироқ қарздор бўлсангиз ёки энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланаётганингиз ҳақида тезкор маълумот тушса, йўлни тўсишга энди сиз ҳақли эмассиз.  

Қиш ўз ҳукмини ўтказиб, табиий газ ва электр энергияси таъминотида кутилмаган узилишлар юз бериши оқибатида фуқаролар озмунча заҳмат чекаётгани йўқ. Вазиятга ойдинлик киритиш учун ишлаб чиқариш нуқталарини бирров кўздан кечиришга эҳтиёж сезилмоқда. Чунки айни шундай жойларда кўзни шамғалат қилиб, энергия ресурларидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларига тез-тез дуч келинмоқда.

Фарғонанинг Учкўрик туманидамиз. Туманнинг Қўқонбой қишлоғида оилавий корхонага қарашли оҳак цехи бор. Бирров кўз ташланган заҳоти ҳаммаси  ошкор бўлди: цех аҳоли истеъмоли учун белгиланган табиий газ тармоғига ноқонуний равишда уланиб, урра солиб ишлаётган экан! Ҳисоб-китоб қилингандики, ноқонуний уланиш натижасида таъминотчи корхона манфаатига 149 миллион 722 минг сўм зарар етказиб бўлинибди!

Битта хонадон йилига  кўпи билан 1 миллион сўм газ «ёқиши» мумкин. Шундаям табиий газ узилмасдан келиб турса?! Энди ҳисобини олаверинг: салкам 150 миллион сўмга тушаётган ўғрилик ортидан неча хонадон энергия ресурсидан мосуво этилмоқда?!

Бундай миллион-миллион зарар етказаётган тадбиркорлик субъектлари оз бўлса, кошки...

Қисқаси, Мажбурий ижро бюросининг Учкўприк туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида қонунбузар А.У.га Ўзбекистон Республикаси ЖК 185-2-моддасининг мазмун-моҳияти, хусусан, етказилган моддий зарарнинг ўрни ўттиз кун муддатда қоплаган тақдирда жиноий жавобгарликдан озод этилиши мумкинлиги тушунтирилди. Қонундаги айни меъёр тадбиркорга берилаётган имкониятлардан бири, аслида! Бироқ А.У. қонундаги имтиёзли имкониятдан фойдаланиш ўрнига, моддий зарарни ихтиёрий қоплашдан бош тортсами?!.

На илож, ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилди. Бу ёғи тергов, кейин суд... айбдорга қандай жазо берилишини аввалдан айтиб бўлмайди, албатта. Бироқ бир нарса аниқ: етказилган зарар ундирилмасдан қўйилмайди!

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг