МИБ ўзининг «мажбурий» мақомидан айрилиши мумкин
Сўнгги вақтларда Мажбурий ижро бюроси ҳақида янграётган кўплаб фикрлар, эътирозлар, танқидлар ортидан, ниҳоят, бу хизмат фаолияти қайта кўриб чиқиладиганга ўхшайди.
«Xabar.uz»да эълон қилинган мақолаларнинг бирида Ўзбекистон тарихида МИБ мисолида мисли кўрилмаган воқелик — прокуратуранинг қонуний тижорийлашуви жараёнини бошимиздан кечираётганимиз ҳақида мулоҳаза юритилганди. Унда МИБнинг вазифаси мажбурият эмас, аслида хизмат экани эслатилганди.
Мавзуга оид: МИБ: «Қарзингиз бўлса нохуш вазиятга тайёр туринг...»
Ўзи аввал бошданоқ бу ташкилотнинг прокуратура тизимида бўлиши турли баҳсларга сабаб бўлаётган эди. Давлатнинг жазоловчи механизмига айланиб қолиши, албатта, унинг обрўсини оширмайди.
МИБ Адлия вазирлиги ҳузурида ёки алоҳида мустақил ташкилот сифатида, ҳеч бўлмаганида, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги қошида ташкил этилиши кераклиги таклиф қилинганди.
«Xabar.uz»нинг манбаси хабар беришича, яқин вақт ичида Мажбурий ижро бюроси фаолияти қайта кўриб чиқилиши кутилмоқда.
Маълум бўлишича, ҳозирда бир неча вариант кўриб чиқилмоқда ва улардан бири танланиши мумкин:
- МИБ Бош прокуратура ҳузурида қолади ва унинг номидаги «мажбурий» сўзи олиб ташланиб, бюрога айлантирилади.
- МИБни алоҳида мустақил ташкилот сифатида йўлга қўйиш масаласи кўриб чиқилади.
- МИБ Бош прокуратура таркибидан чиқарилиб, Адлия вазирлиги ҳузурида фаолият олиб борувчи хизматга айлантирилади.
Шунингдек, бюро таркиби катта қисқартиришларга тушиши ҳам айтилмоқда.
Аввалроқ, мажбурий ижро бюроси қошидаги «Электрон онлайн-аукционларни ташкил қилиш маркази» давлат унитар корхонаси Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги тасарруфига ўтказилганди.
Куни кеча эса, Президент фармони билан Ўзбекистон прокуратура органлари тизимида айрим лавозим (жумладан, Бош прокурор ўринбосари лавозимларининг иккита штат бирлиги) ва бошқармалар тугатилди, Агросаноат инспекцияси Бош прокуратурадан Вазирлар Маҳкамасига ўтказилди. Мазкур ҳужжатдан прокуратура органларида кадрлар сиёсатини қайта кўриб чиқиш, тизимни ўз лавозимига нолойиқ, профессионал ва ахлоқий талабларга жавоб бермайдиган ходимлардан тозалашга доир вазифалар ҳам ўрин олди.
Мавзуга оид: Қонундаги бўшлиқми бу ёки «Острогорский-мострогорский»лардан қолган мерос?
Бу ўзгаришлар нимани англатади?
Президент Шавкат Мирзиёев мамлакатда инсон манфаатлари, тадбиркорлик фаолиятини ҳимоя қилиш масалаларига деярли ҳар бир чиқишида алоҳида тўхталади, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан инсон ҳуқуқларининг поймол этилиши каби ҳолатлар учраб турганини кескин танқид қилиб келади. Бу борада вазият сезиларли даражада ўзгарди. Халқаро ҳамжамият Ўзбекистон ҳукуматининг ушбу қадамларини олқишламоқда.
Бу йўналишда президент томонидан белгилаб берилаётган чора-тадбирлар инсон манфаатлари йўлида олиб борилаётган ислоҳотлар ҳамон давом этаётганини ва олдинда бизни жиддий ўзгаришлар кутиб турганини билдиради.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter