«Менга бир гап камлик қилади, икки гап кўп...»: Абдулла Ориповнинг рафиқаси билан суҳбат
Ўзбек адабиёти ва маданияти ривожига улкан ҳисса қўшган атоқли шоир, ҳақиқат куйчиси, жамоат арбоби, ўзбек шеъриятининг забардаст намояндаси, давлат мадҳияси муаллифи, Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Ориповнинг рафиқаси, «Фидокорона хизматлари учун» ордени соҳибаси Ҳанифа Мустафо қизи билан суҳбатимиз шоирнинг кундалик ҳаёти, инсоний қиёфасига оид чизгилар ҳақида кечди.
– Ҳанифа опа, сиз халқ суйган улуғ шоирнинг рафиқаси, эл эътиборидаги, барча ҳавас қиладиган бахтли ўзбек аёлисиз. Ана шундай толега мушарраф бўлиш тақдирингизга битилган кунларни хотирласангиз.
– Қайнотам онамнинг тоғалари бўладилар. Биз бир қишлоқдан, бир маҳалладанмиз. Бир мактабда ўқиганмиз. Мен 1-синфга борганимда Абдулла ака юқори синфга, «Комсомол» номидаги бошқа мактабга кетганлар. Шунинг учун уларни кўп кўрмаганман.
1965 йилнинг май ойи эди. Абдулла ака Тошкентдан таътилга келган эканлар. Оилада кенжа ўғилни уйлантириш масаласи ҳал қилинаётган бир пайтда уларнинг кўчасидан ўтиб қолганман. Шунда Абдулла аканинг менга назари тушиб қолган эканми, хуллас, шоирнинг бир умрлик йўлдошига айландим. Мени шундай одам билан тақдиримни боғлагани учун худойимга ҳамду санолар айтаман.
– Турмушга чиққанингизда жуда ёш бўлган экансиз. Янги оилага келин бўлиб тушиб, унга меҳр беришингизда кимнинг ҳиссаси кўпроқ?
– Онамнинг, албатта. Онам тоғаларини, уларнинг оиласини яхши кўрарди, ҳурмат қилар эди. Бунинг, албатта, биз, болаларга таъсири катта бўлган. Онам 3 ёшли синглиси билан ўзи 5 ёшдалигида онасидан етим қолган ва тоғалари Ориф бобонинг қарамоғида улғайишган. Онам «Ўн қўли ўн ҳунар» меҳнаткаш аёл эди. Меҳнати билан ҳар қандай муаммога ечим топа оларди. Биз, фарзандларидан ҳам шуни талаб қилар эди.
Энди мушоҳада этиб кўрсам, онамнинг ҳаёти меҳнат ва сабр деган ақидага асосланган экан.
– Ижодкорнинг рафиқаси бўлиш осон эмас. Ижод аҳли борки, инжиқ ва талабчан бўлади. Аёл фидойи бўлмаса, ўзлигидан кечмаса ижодкор билан яшаши мушкул. Бу фикрга қандай қарайсиз?
– 1967 йилнинг 20 августида тўйимиз бўлди. Тўйда Абдулла аканинг дўсти Шукур Холмирзаев «Гамлет» монологини ўқиган, шунингдек, шоир Тўлқин ва Низом Комиловлар ҳам шеърхонлик қилишган. Ҳатто Абдулла ака ҳам тўйда Эркин Воҳидовнинг «Азгануш» ва ўзининг «Ёзажакман» шеърини ўқиганлар. Ўшанда мен биринчи марта Абдулла аканинг шеърини ўз овозида эшитганман. Аслида 8-синфдалигимдаёқ «Ленин учқуни» газетасида чиққан «Этгали» шеърини ёд олган эдим, ҳалиям ёдимда.
Тўйдаёқ сўзга чиққанларнинг гапларидан, менга қилган ўгитларидан оддий йигит билан турмуш қурмаётганимни, умр йўлдошим жуда нозик ва эътиборталаб касб эгаси эканини, бу менинг зиммамга катта масъулият юклашини англаганман.
Абдулла ака тўйдан кейин: «Менга бир гап камлик қилади, икки гап кўплик қилади. Бир яримта гапни топишга ҳаракат қилгин», деганлар. Шу бир оғиз гапидан мен уларнинг нақадар талабчан ва инжиқ эканлигини англаганман. Айтишим мумкинки, бир умр ана шу бир ярим гапни топишга ҳаракат қилдим.
Ҳақиқатан ҳам у киши жуда талабчан эдилар: сўз танлашда, кийинишда, таомланишда...
Шеър ёзсалар, бир шеърни 10 – 20 марталаб қайта ишлашдан, ўзгартиришдан эринмасдилар, такрор-такрор ўқиб ва ўқитиб кўрардилар. Бирон сатрида тутилиш бўлса, албатта, шу сўзни қайта ишлардилар. Ижод борасида улар учун кеча ва кундузнинг фарқи йўқ эди.
Уларнинг хоббилари кийим борасида бўйинбоғ, таом жабҳасида асал йиғишни яхши кўрардилар. Бир гал Москвада, касалхонада даволанганлар. Касалхонадан чиқадиган куни бир шогирди устозини хурсанд қилмоқчи бўлиб, дўкондан янги бўйинбоғ олиб борган. Абдулла ака эса токи ўзининг бўйинбоғини олиб келмагунича касалхонадан чиқмай ўтираверганлар.
Таом масаласида ҳам жуда таъби нозик эди. Уйимизда деярли ҳар доим меҳмон бўларди. Хонадонимизда миллийликка жуда эътиборли эдилар. Нонуштага ширгуруч ейишни, кечки овқатга чучвара ва ошни яхши кўрардилар.
– Устозга бунчалик талабчанлик кимдан ўтган, деб ўйлайсиз?
– Қайнонам Турдихол момо раҳматли жуда кибор аёл бўлганлар. Таъби нозик, халқ тилида айтганда, оқсуяклардан бўлган. Бу характер менинг фарзандларимга ҳам ўтган.
– Умр йўлдошингизнинг характеридан ранжиган пайтларингиз ҳам бўлганми?
– Йўқ, ҳеч қачон оғринмаганман. Аксинча, хатоларни ўзимдан излашга, уни такрорламасликка ҳаракат қилар эдим. Нимаики хизмат қилган ва ҳурмат кўрсатган бўлсам, барчасини сидқидилдан, чин юракдан қилганман. Чунки ўзим шеъриятни, адабиётни яхши кўрар эдим. Адабиёт оламида яшаш менга завқ бағишлар, 6 нафар боламнинг тарбиясидан ортиб, Абдулла аканинг шеърларини кўчириб беришга, такрор-такрор ўқишга вақт топардим. Фарзандларимнинг ҳар бири отасининг яқин кўмакчиси эди. Янги ёзилган шеърни машинка ёки компьютерда отаси айтганидек қайта-қайта кўчиришдан чарчашмас эди. Бугунги кунда ҳам отасининг шеърларини мухлисларига етказишда тиним билишмайди.
– Абдулла Орипов ижодига ҳукуматимиз ҳамиша катта эътибор қаратиб келган. Ўтган йили 80 йиллик юбилейи кўтаринки руҳда ўтди, китоблари нашр этиляпти, устоз номидаги ижод мактабида истеъдодли ёшлар таҳсил олишяпти... Мухлисларининг саноғига етиб бўлмайди...
– Тўғри, Абдулла Орипов шеърияти бугун росманасига қадр топди. Бундан шукронадаман. Аммо бир нарсага хафа бўламан. Шоир ижодига бағишланган тадбирларда баъзи ёшларнинг унинг шеърларини бузиб ўқиганини эшитиб қоламан. Ўқувчи ва ўқитувчиларнинг эътиборсизлигидан дилим оғрийди. Менга бу шеърларнинг ҳар бир сатри ёд бўлиб кетган. Яхшиям эшитмаяптилар дейман, эшитганларида чидай олмасдилар, қаттиқ ранжир эдилар. Оҳанг бузилса, индамасликлари мумкин эди, аммо сўз бузиб ўқилса, бунга бардош беролмасдилар.
– Абдулла Орипов ўзбек шеъриятини юксак чўққига чиқара олган, ўзининг бетакрор мисралари билан кексаю ёшнинг қалбидан жой олган шоир. Унинг қалбини кўпроқ нималар жунбишга соларди?
– Уларни нималар тўлқинлантирмас эди, денг. Ҳеч қачон маълум вақтда ижод қилмаганлар. Шеъриятига разм солсангиз, мурожаат қилмаган мавзуси қолдимикан, деб ўйлайсиз. Ҳамиша фикру хаёллари шеър билан боғлиқ бўларди. Биз оилада бунга кўниккан эдик.
– Абдулла Ориповнинг фарзанд тарбиясига, болаларига муносабати қандай эди? Ота сифатида, умр йўлдоши сифатида қандай инсон эди?
– Оилада жуда қаттиққўл инсон эдилар. Ҳеч нарсани назаридан қочирмасдилар. Болаларнинг гапириши, сўзларни тўғри талаффуз этишига эътибор берардилар. Ўзбек тилига рус тилини аралаштириб гапирганни ёмон кўрар, бир тилга иккинчи тилни аралаштирма, ҳар бир тилнинг софлигини сақлаш керак, дердилар.
Фарзандларимизга касб танлашда ҳам Абдулла аканинг гапи менга дастуриламал бўлди. Катта қизим Шоирахон шифокор бўлади, қариганимда мени даволайди деди, айтганидай бўлди. Илҳомжонни адабиёт майдонига кирса мендан зўр бўлиб кирсин, бўлмаса кирмагани маъқул, деганлари учун уни иқтисод соҳасига йўналтирганмиз. Аммо барибир, ҳамма фарзандларимнинг адабиётга меҳри бўлакча, адабиётни чуқур билишади.
Абдулла аканинг энг ёмон кўргани – ёлғонни кечиролмас, самимийликни қадрлар эдилар. Қаттиққўл, шу билан бирга, меҳрибон умр йўлдош эдилар.
Мен энг кичкина қизимни ҳам боғчага берганимдан кейин уларнинг хоҳишлари билан мактабга ишга кирдим ва 16 йил ишладим. Бирор марта ишга боришимга қаршилик қилмаганлар. Зарур ҳолатлардагина мактабга бориб, рухсат олиб мени олиб кетардилар.
– Устоз Абдулла Орипов Аллоҳ назари тушган ижодкор эди. Унинг асарлари ўзбек адабиёти учун катта маънавий хазинадир. Шундай бахтиёр, эл севган шоирнинг ҳам армони бўлганми?
– О, йиллар армони, йиллар армони,
Армон кўрмадим ҳеч сиздан буюкроқ.
Инсонга тобемас замон, инчунун,
Инсон юрагида аламлар қат-қат.
Фақат бир таскин бор, барчаси учун
Афсус чека билсанг шу ҳам бир давлат.
– сатрлари шоир юрагидан чиққан нидодир. Улар умр бўйи халқ дарди, алами, армонини куйладилар. Ҳар бир шеъридан ҳар қандай саволга жавоб топиш мумкин (Ҳанифа опа ўзига хос соҳир ва мулойим, шу билан бирга дардли оҳангда шеър ўқий бошлайди):
Оллоҳим кимгадир берди сийму зар,
Балки раҳм айлади йўқсил жонига.
Ва лекин тўймагин дея беш баттар.
Нафсни қўшиб қўйди ёнига.
Оллоҳим кимгадир берди мансабни,
Амал пояларин қилди мустаҳкам.
Ва лекин нариги тарафдан қурди,
Қайтиб тушадиган зиналарин ҳам.
Оллоҳим кимгадир берди истеъдод,
Майли, таратгин деб гўзал куйларни.
Ва лекин бир умр чеккин деб фарёд,
Унга ҳамроҳ қилди ҳасадгўйларни.
Ҳанифа опанинг гурунглари туганмас хазинага ўхшайди. Боз устига ҳар бир саволга халқнинг севимли шоири, турмуш ўртоғининг шеърлари билан жавоб беради. Уларнинг бирон сатри тугул битта сўзини ҳам ёддан чиқармайди. Унга шеър ёзмайсизми, дея савол берсам, йўқ, Абдулла Орипов олдида мен шеър ёзсам уят бўларди дейди-ю, гоҳида баъзи саволларимга жавоб сифатида ўз шеърларини ўқий бошлардики, шеърларидаги маъно ва жозидаборликни кўриб, Абдулла Орипов Ҳанифа опани шоир қилдими ёки аксинчами, деган фикр хаёлимдан ўтади... Бехосдан бир ҳикматли сўзни эслайман ва саволимга жавоб топгандай бўламан: «Ҳар бир буюк инсон ортида буюк аёл туради!» Ҳанифа опа бунинг яққол тимсолидир!
Саодат МАТЁҚУБ қизи суҳбатлашди.
(«Adolat» газетасидан)
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter