Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

МДҲда яққол пешқадамга айланиш истагидаги корхона ҳақида

МДҲда яққол пешқадамга айланиш истагидаги корхона ҳақида

«Ўзкимёсаноат» акциядорлик жамияти томонидан ташкилот тизимидаги янги корхоналардан бири «Tashkent Polymer Syntez» масъулияти чекланган жамияти фаолияти, ишлаб чиқариш жараёни ҳамда маҳсулотлар билан яқиндан таништириш мақсадида Юқори Чирчиқ туманига пресс-тур ташкил этилди.

«Tashkent Polymer Sintez» МЧЖ – МДҲ мамлакатлари ичида КМЦ ва ПАЦ ишлаб чиқарувчи энг ёш, энг замонавий, энг юқори ишлаб чиқариш технологияларини қўлловчи ва жадал ривожланаётган ташкилот. Йилига 5000 тонна тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш қувватларига эга бўлиб, бу кўрсаткич бўйича Марказий Осиё мамлакатлари орасида пешқадамга айланиб бўлди. Корхона Тошкент вилоятининг Юқори-Чирчиқ туманида жойлашган бўлиб, ишлаб чиқариш қувватларининг биринчи икки босқичини амалга ошириш учун 6 млн. АҚШ доллари миқдорида сармоя сарфланган. Шунингдек, корхона 2022 йилда техник маҳсулот ишлаб чиқариш қувватларини икки хисса оширишни ва келажакда КМЦ ва ПАЦ маҳсулотларининг нефть ва газ, қурилиш, озиқ-овқат ва фармацевтика соҳаларида жуда харидоргир бўлган соф маркаларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни режа қилган, шу режаларни амалга ошириб МДҲ мамлакатлари орасида бу соҳада яққол пешқадамга айланиш корхона коллективининг асосий мақсади.

Ҳозирги кунда корхонада ишлаб чиқарилаётган реагентлар мамлакатимизга шу кунгача импорт қилинган маҳсулотларнинг ўрнини самарали равишда босиб келмоқда, шу билан бирга, 2021 йил бошидан Россия ва Қозоғистон мамлакатларига ўз маҳсулотини экспорт қилишни бошлади, айтиш жоизки, корхона маҳсулотлари ўзининг сифати ва нарх рақобатбардошлиги билан қўшни мамлакатлар бозорида харидорбоп бўлмоқда.

Ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар: КМЦ бу Карбоксиметилцеллюлоза ва ПАЦ полианионик целлюлозадир. Бу маҳсулотлар сувда эрувчан целлюлоза эфирлари гуруҳига мансуб бўлиб, пахта целлюлозаси асосида чуқур кимёвий синтез қилиш йўли билан олинади, пахта целлюлозаси ўз навбатида бизнинг мамлакатимизда пахта етиштириш қолдиқлари – пахта линтидан олинади. Бугунги кунда корхона КМЦ ва ПАЦнинг 7 турдаги техник маркаларини ишлаб чиқармоқда, бу маҳсулотлар шу соҳа истеъмолчиларининг аксарият талабини қондиришга қодир, жумладан, истеъмолчи соҳалар:

Нефть ва газ конларини бурғулашда, сув фильтрациясини камайтирувчи ҳамда бурғулаш қоришмасининг реологик ҳусусиятларининг модификатори сифатида;
Синтетик кир ювиш кукнлари ишлаб чиқаришда, ре-адсорбент сифатида;
Сувда эрувчан буёқлар ишлаб чиқаришда;
Қурилиш соҳасида елимловчи асос сифатида ҳамда гулқоғоз ёпиштириш учун, жумладан ҳозирда оммалашган «суюқ гулқоғозлар» ишлаб чикаришда.

Корхонанинг замонавий лабораторияси илм-фан ютуқларининг сўнгги технологияларидан фойдаланиш, замонавий талаблар асосида пухта таҳлиллар ўтказиш имкониятига эга. Лабораторияда энг замонавий API (Америка нефть институти) ҳамда ISO 13500-2008 стандартлари асосида таҳлиллар ўтказилмоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг