Марказлашган бюджет сиёсатидан босқичма-босқич воз кечилади
Айни кунларда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида «2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги қонун лойиҳаси қизғин муҳокама қилинмоқда. Унда белгиланган ҳар бир норма атрофлича муҳокама этилиб, тегишли таклиф ва тавсиялар билдирмоқда.
Мазкур қонун лойиҳаси билан республика бюджети Олий Мажлис томонидан, маҳаллий бюджетлар эса, жойлардаги маҳаллий Кенгашлар томонидан қабул қилинади. Қолаверса, харажатлар соҳалар бўйича эмас, вазирлик ва идоралар кесимида тасдиқланади.
Депутатлар таъкидлаганидек, ҳаётга жорий этилаётган янги амалиётнинг яна бир ўзига хос жиҳати – марказлашган бюджет сиёсатидан босқичма-босқич воз кечишдир. Масалан, маҳаллий бюджетлар даромадини мустаҳкамлаш мақсадида автомототранспорт воситаларини рўйхатдан ўтказиш йиғимлари маҳаллий бюджетга ўтказилмоқда. Алкоголь маҳсулотлари ва мобиль алоқа хизматини кўрсатиш учун акциз солиғи тушумлари аҳоли сонидан келиб чиқиб, ҳудудлар ўртасида қайта тақсимланади. Қўшимча қиймат солиғи ва юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи бўйича прогноздан орттириб бажарилган қисми тўлиқ ҳудудларда қолдирилади.
Таъкидлаш жоиз, бугунги кунга қадар маҳаллий ҳокимликлар ўз бюджетини қабул қилишда хеч қандай ваколатга эга эмас эди. Қайси бир ташкилотга ажратилаётган маблағлар етишмаслигини ёки ортиқча эканлигини билса ҳам уни ўзгартиш имкони йўқ эди.
Таклиф этилаётган қонун лойиҳасида маҳаллий бюджетларнинг даромадларини солиқ турлари бўйича ҳамда харажатларини бюджет ташкилотлари кесимида ўзлари белгилаши ўз аксини топган. Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари ўзларига тегишли бўлган бюджетни қабул қилишдаги ҳақиқий мустақиллиги таъминланади. Бу, албатта, ҳар бир давлат органининг ваколатини кенгайтириш билан бирга, масъулиятини ҳам оширади.
Парламент қуйи палатасида қонун лойиҳаси такомиллаштирилмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter