Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Мактаб ва мактабгача таълим ташкилотлари раҳбарлари маоши ошириляпти

Мактаб ва мактабгача таълим ташкилотлари раҳбарлари маоши ошириляпти

Мактаб директори ва унинг ўринбосарлари ҳамда мактабгача таълим ташкилоти директорлари иш ҳақи миқдорлари оширилмоқда.

Бу борада Президентнинг тегишли фармони қабул қилинган.

Қайд этилишича, 2025 йил 1 сентябрдан бошлаб умумий ўрта таълим ташкилотлари директори лавозимининг базавий тариф ставкаси 20 фоизга, ўринбосари лавозимининг базавий тариф ставкаси 15 фоизга оширилиб, боғчалар директорлари лавозимларининг базавий тариф ставкалари III ва IV гуруҳдаги умумий ўрта таълим ташкилоти директори ўринбосари лавозимининг базавий тариф ставкаларига тенглаштириш орқали оширилади.

Бу билан эса республикадаги 10 мингдан ортиқ мактаб директорлари, 7 мингга яқин боғча директорлари ҳамда 35 мингга яқин мактаб директор ўринбосарларининг иш ҳақи миқдорлари оширилишига эришилади.

Шунингдек, 2026 йил 1 январдан бошлаб умумий ўрта таълим ташкилотларининг директор жамғармаси маблағлари ҳисобидан директор ва унинг ўринбосарларига фаолият самарадорлиги кўрсаткичлари (KPI) натижасига кўра базавий тариф ставкаларига нисбатан тегишлича 20 ва 10 фоиз миқдорида ҳар ойлик устамалар белгиланади.

Туман бўлимларида эса қўшимча штатлар ажратилади ва бу ўқувчилар билимини баҳолашни мониторинг қилиш, ўқувчиларга хорижий тил ва касбга ўргатиш вазифаларини амалга ошириш учун тегишли лавозимларни жорий этиш имконияти яратади.

Шу билан бирга, ҳудудий бўлинмалар ходимларингнинг кўп йиллик хизмати учун рағбатлантириш жорий этилмоқда (Вазирлик тизимидаги қарийб 15 минг нафар бошқарув ходимларига кўп йиллик хизмати учун рағбатлантириш тизими йўлга қўйилади).

Мактаб ходимлари мукофот пули миқдорини меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 75 фоизигача (амалда 50 фоизгача) миқдорида этиб белгиланмоқда.

Яна бир муҳим ўзгариш – мактабларнинг бўш турган бинолари ижарасидан тушган маблағларнинг улуши 75 фоизи ўша мактаб ривожига сарфланадиган бўлади (илгари 40 фоиз эди).

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг