Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Тошкентда мактаб ўқувчисини ушлаб сўроққа тутган эркак қамалди

Тошкентда мактаб ўқувчисини ушлаб сўроққа тутган эркак қамалди

Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳри Яшнобод туманидаги 151-мактаб олдида жорий йил 19 феврал куни эркак кишининг ёш болани қўлидан ушлаб тортганлиги ва бола ундан қочиб кетганлиги акс этган видео тарқалган ва кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлган эди.

Кейинчалик пойтахт ИИБ мазкур эркакнинг шахсига аниқлик киритиб, унинг 1994 йилда туғилган М.У. эканлигини ва ўша куни у боладан қайси мактабда ўқишлигини сўраб, сўнг қўйиб юборганини, айни пайтда бола соғ-саломат ота-онасининг олдида эканини маълум қилган эди.  

Ж иноят ишлари бўйича Яшнобод тумани судида мазкур ҳолат юзасидан суд иши бўлиб ўтди. Унда 1994 йилда туғилган эркакнинг спиртли ичимлик таъсирида 2011 йилда туғилган болани тўхтатиб, қўлидан қўйиб юбормасдан уни мантиқсиз савол-жавобга тутгани майда безорилик деб топилди. 

Суд ҳукмига кўра, унга Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (Майда безорилик) билан 10 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.

«Шошилиб югуриб кетаётганида тўхта, йиқилиб тушасан, деган маънода тўхтатдим. Яхши бола экан, салом ҳам берди. Қаерга кетяпсан десам, қиз ўртоғимникига деган жавоб бўлди, кулгим келди. Сабрсизлик билан қўлимдан чиқишга ҳаракат қилди, қолган саволни беришга ҳам улгурмадим, буёқдан овоз келди. Кейин майли онасининг назоратида экан, қаергадир жўнатгандир, деразадан қараб ўтирибди экан деб, кетдим», – дейди М.У. суддаги кўрсатмасида.

 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг