Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Мактаб формаси ва сиёсат

Мактаб формаси ва сиёсат

Ўзбекистон мактаблари ҳамда олий ўқув юртларида формага алоҳида эътибор қаратилиши сир эмас. Мактабларда форма талаб этилиши, бу тартиб-қоидага риоя этилиши қатъий назорат қилинишини мактабда ишлаган ёки фарзанди мактабда ўқийдиган ҳар бир ўзбекистонлик яхши билса керак. Талабалар-ку, форма муаммоси билан ҳар куни тўқнаш келади.

Охирги икки-уч йил ичида мамлакатда рўй бераётган ўзгаришлар, хусусан, ахборот соҳасининг эркинлашиши ва фаоллашиши юқорида тилга олинган соҳада ҳам маълум ўзгаришларни келтириб чиқаряпти.

Биринчидан, мактаб формасини қайта кўриб чиқиш, муайян стандартларни жорий этишга ҳаракатлар бошланиб кетди.

Иккинчи томондан эса, ахборот майдонининг бир қадар очилиши натижасида форма масаласи жамоатчилик томонидан муҳокама қилинишига ҳам йўл очилди. Форманинг қандай бўлиши кераклигини муҳокама қилиш қаторида айримлар унинг умуман керак-керак эмаслиги ҳақидаги саволларни ҳам ўртага ташлаяпти.

Ошкоралик ва жамоат муҳокамасининг бўлгани, шубҳасиз, яхши жиҳат. Лекин ҳали бу борада қилинадиган иш кўп. Муаммолар ҳам етарли. Қуйида мазкур масалага оид асосий “оғриқ нуқталари”, яъни баҳсларга сабаб бўлаётган масалаларни кўриб чиқмоқчимиз.

Форма нима учун керак?

Айтганимдек, форманинг керак-керак эмаслигининг ўзи ҳам баҳс мавзуларидан бирига айланган. Бу масала ижтимоий тармоқлардаги муҳокамаларда, дўстлар ва ҳамкасблар ўртасидаги суҳбатларда тез-тез кўтарилади. Айрим ота-оналар мактаб формасининг жорий этилишида “фуқаролардан қўшимча пул ундириш” воситасини кўради ва бунга қаттиқ норозилик билдиради. Шу билан бирга, кўпгина ўқитувчилар ва соҳа мутахассислари билан суҳбат қурганда уларнинг бунга муносабати бошқачароқ эканлигини кўрдик.

“Форма кўплар ўйлагандай шунчаки совет давридан қолган тушунарсиз одат эмас, — дейди исмини яширишни истаган суҳбатдошларимиздан бири. — У болани тартиб-қоидага ўргатишнинг муҳим воситасидир. Болалигидан тартибга ўргатилган одам катта бўлганида интизомли мутахассисга айланади. Шу жиҳатдан мактаб формасининг давлат сиёсати даражасига кўтарилиши ўзини оқлайди. Негаки давлат ўз фуқаролари интизомли, қонунларни ҳурмат қиладиган инсонлар бўлишидан манфаатдор”.

Мактабларда форма текширувлари кўплаб ўтказилиши ота-оналарнинг ва айрим ижтимоий тармоқлар фаолларининг эътирозларига сабаб бўлади. Улар формага эътибор туфайли ўқиш сифатига эътибор камайиб кетаётганини таъкидлайди. Бу борада халқ таълими аълочиси, мураббий ва блогер Исроил Тиллабоевнинг фикрига қизиқдик. У форманинг аҳамияти ҳақида гапираркан, яна бир муҳим жиҳати — мактабда табақаланишга йўл қўйилмаслигига эътибор қаратди:

“Ўқитувчи сифатида формани керак деб ўйлайди кўплаб ўқитувчилар.Тўғри, форма ўқиш сифатига бевосита таъсир қилмайди, билимни ҳар қандай формада ҳам эгаллаш мумкин, лекин аҳоли моддий аҳволи турлича бўлганда бир хил форма бўлиши кимўзарга кийиниш ва кийинтиришларнинг олдини олади, деб ўйлайман”.

Шундай қилиб, ўқитувчилар ва соҳа мутахассисларининг кўпчилиги мактаб формасини керак деб ҳисоблайди ва унинг аҳамияти ҳақида ўзига яраша далиллар келтира олади, деб айта оламиз. Дунёнинг қолган мамлакатларида вазият қандай?

Жаҳон тажрибаси

Турли мамлакатлардаги вазиятни ўрганиш натижасида маълум бўлдики, кўпгина ривожланган ва ривожланаётган мамлакатларда мактаб формаси ўқувчиларга қўйиладиган мажбурий талаблардан биридир. Хусусан, Британияда ҳамда унинг собиқ колонияларида (Австралия, АҚШ, Канада, Ҳиндистон ва ҳоказо) англо-саксон услубидаги мактаб формалари урф бўлган.

Масаланинг яна бир қизиқ жиҳати — бизда мактаб формаси баҳс-мунозаралар келтириб чиқаётган бир пайтда юқорида тилга олинган мамлакатларда мактаб формаси фахр-ифтихор туйғуси билан боғланади. Нега уларда бошқача муносабат, собиқ Иттифоқ мамлакатларида бошқача муносабат шаклланган?

Бевосита АҚШда ўтказган суриштирувларимиздан, шунингдек, тарихий маълумотларни ўрганишимиздан аниқладикки, Британияда ҳамда унинг колонияларида, борингки, яна кўплаб бошқа ривожланган мамлакатларда ўрта таълим анъанаси шаклланиб қолган экан. Ўз вақтида бу мамлакатларда мактабда ўқиш жуда қийин бўлган. Бундан ташқари, ўз тарихига, анъаналарига эга нуфузли мактаблар ҳам бўлиб, уларнинг ўқувчисига айланиш, уларнинг формасини кийиш болаларга алоҳида фахр туйғусини бағишлаган. Шу боис мактаб формасига нисбатан ҳурмат шаклланган.

Масаланинг шу жиҳати ҳам диққатга сазовор. Кўпгина Ғарб давлатларида мактаб формаси мажбурий бўлиши билан бир қаторда, ҳар бир мактаб бу формани ўзи белгилаш ҳуқуқига эга. Балки бу тажриба Ўзбекистонда жорий этилса, формага бўлган муносабатнинг яхшиланишига ва қизиқишнинг ортишига сабаб бўлар? Қолаверса, одамларнинг асабини бузадиган доимий текширувларга ҳожат қолмасди — ҳар бир мактаб буни ўзи назорат қилар, ўқувчиларни мажбурлаш эмас, қизиқтириш йўли билан иш борармиди?

Нима ўзгаришлар бўлди?

Ўтган йилнинг августида Ўзбекистон ҳукумати давлат таълим муассасаларида формани тартибга солиш юзасидан қарор чиқарди. Унга кўра, формаси стандарти жорий этилди. 2018-2019 ўқув йилида қабул қилинган форма мактабларда ихтиёрий бўлади, яъни синов тариқасида эркин қўйиб берилади. 2019-2020 ўқув йилида эса ушбу форма мажбурийга айланади.

Ушбу қарор ижроси қандай кетаётгани юзасидан Исроил Тиллабоевга мурожаат қилдик.

“Ҳозирги кунда, айни шу ўқув йилида Ўзбекистонда мактабларида илгаридек бир хил меъёрда ўқувчилар формаси амал қилмоқда. Яъни, масалан, ҳар бир мактаб ўз низоми бўйича белгиланган формани белгилаб олган, лекин, илгариги йиллардан фарқли равишда, Халқ таълими вазирлигининг топшириғи билан дейишди, бу ўқув йилида айни бир хил форма кийилсин, деб қаттиқ талаб қўйилмади, чунки бутун Республика бўйича бир хил формаларни тасдиқлаш лойиҳалари юрган эди йил бошида, шуни ўйлашди чамамда. Ўтган йили бутун Ўзбекистон бўйича бир хил форма масаласи бир йилга сурилгани хақида сентябрда Халқ таълими вазирлиги томонидан мактабларга етказилди. Бунга миллионлаб ўқувчиларни форма билан бир ойда таъминлаш қийинлиги ва техник томондан пухта тайёргарлик кўриб, ўқув йили бошланишига бир неча ой қолганда бошланиши маъқул деб топилгани бўлди. Лойиҳага қўйилган формалар бир нечта мактабларда синаб кўрилди, бу жараёнда формаларнинг бир нечта тури синалди, деб ижтимоий тармоқларда хабарлар ўқидик”.

Мактаб формаси бўйича стандартларга амал қилиниши қандай назорат қилиняпти деган саволга суҳбатдошимиз қуйидагича жавоб берди:

“Ўтган йиллар ўрганган формасини тавсия қилди ҳар бир мактаб, лекин бошқа йиллардек қатъий талаб ва текширувлар.Бир томондан қаралса, ўқувчилар умумстандарт формадан ташқарига чиқмай кийиниб қатнашди бу ўқув йилида”.

Ўқув йили мобайнида давом этган тажриба қандай хулосаларга олиб келди, нима натижалар олинди — бу ҳақда ҳозирча ҳеч қандай расмий маълумот берилмади. Лекин келаси ўқув йилидан барча мактабларда форма мажбурий тусга кириши ва мактабларнинг бари форма билан таъминланиши айтилди.

“Оғриқ нуқтаси” ва “олтин ўрталиқ”ни қидириш

Мактаб ва университетларда формага амал қилиниши давлат сиёсати даражасига кўтарилишида маълум ижобий жиҳатлар ҳам бор. Шу билан бирга, бу бир қатор жиддий муаммоларни ҳам келтириб чиқармоқда.

Яхши биламизки, мактаблар ҳам, университетлар ҳам форма тартиб-қоидаларида муайян ўрталиқни топишга уринади: бир томондан, калта юбка ва “очиқ-сочиқ” кийиниш тақиқланса, бошқа томондан, ортиқ даражада “ўраниш” ва диний либосларга рухсат берилмайди. Бу ҳолат айниқса диний мавзуда ёзадиган блогерлар, фаоллар, шунингдек, дин арконларига қатъий амал қиладиган фуқароларнинг норозилигига сабаб бўлмоқда. 2018 йили янги мактаб формаси тақдиқланганида диний либосга рухсат берилмагани норозиликни кучайтириб юборди. Баҳс-мунозаралар шу қадар кескин тус олдики, ўтган йили айрим ижтимоий тармоқ фаоллаши маъмурий жавобгарликка тортилишига олиб келди. Охирги ойларда рўй берган яна бир воқеа жамоатчилик орасида жиддий резонансга сабаб бўлди: Ислом университетида ўқувчи талаба қизлар дарсларга ҳижобда келишига рухсат берилмагани боис қизлардан бири — Луиза Мўминжонова олий таълим муассасасини судга берди. Узоқ давом этган шовшувли суд жараёни даъвогарнинг мағлубияти билан якунланди. Шунга қарамай, ушбу жараён муаммога жаҳон матбуотининг эътиборини тортди.

Ўқитувчи ва таниқли блогер Исроил Тиллабоев биз билан суҳбатда мазкур муаммога тўхталаркан, форма диний ва миллий анъаналарни акс эттириши кераклигини таъкидлади:

“Форма жорий қилишда бир нозик жиҳатга эътибор бериш керакки, у ўша худуд аҳолисининг диний ва миллий қадриятларига мос тушиши ўқувчиларда ҳам, ота-оналарда ҳам норозилик ва ноқулайлик келтириб чиқармаслигига эътиборни қаратиш зарур”.

Яна бир суҳбатдошимиз, исмини айтишни истамаган ўзбекистонлик сиёсатшунос эса давлат томонидан қабул қилинган қарор тўғри бўлганлигини эътироф этди:

“Форманинг бирламчи вазифаси мактаб ва университетларда табақаланишга йўл қўймасликдир. Барча талабалар ва ўқувчилар бир хил кийиниб юрган пайтда уларнинг бир гуруҳига диний либос кийишга рухсат этилиши қолганларнинг тенглигини ва ҳақ-ҳуқуқларини бузади”.

Яна бир сиёсатчи — Алишер Илҳомов ўзининг бу масаладаги постларидан бирида шу турдаги аргументни рад этиб, аксинча, диний либос кўп ҳолларда талаба ёки ўқувчиларнинг дискриминацияга учрашига сабаб бўлаётганини айтиб ўтди.

Хуллас, кўриб турганимиздек, бу борада турли-туман фикр-мулоҳазалар айтилмоқда, ҳатто экспертларнинг ҳам муносабати турфа. Ва бу, шубҳасиз, ижобий ҳолатдир, ахир фикрлар хилма-хиллиги охир оқибат эркин ахборот майдони шаклланишига олиб келади, одамларни бир-бирини эшитишга ва муроса қидиришга ўргатади.

Хулоса

Юқоридагилардан кўриниб турибдики, мактаб формаси масаласида кўпчилик мутахассислар бир фикрда, яъни уни таълимнинг керакли ва муҳим элементи деб ҳисоблайди. Аммо бошқа масалаларда, хусусан, форманинг қай даражада эркин бўлиши, формада диний ва миллий анъаналарнинг акс этиши ёки акс этмаслиги борасида турфа ва баъзан зиддиятли фикрлар талай. Умуман, оммавий баҳс борлигининг ўзини ижобий ҳолат деб баҳоласа бўлади.

Салбий жиҳат шундан иборатки, оммавий баҳсларда айтилаётган фикрлар доим ҳам инобатга олинмаяпти. Яъни сўнгги сўз барибир давлатнинг тегишли идораларида қоляпти, улар эса доим ҳам аҳолининг талаб ва эҳтиёжларини инобатга олмаяпти. Вазият ижобий томонга ўзгарадими, ёки ҳаммаси борича қоладими — буни вақт кўрсатади.

Элдор Асанов

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг