Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Маҳобатли Аё София масжиди ва машҳур ватандошларимиз ҳақида ҳикоя қилувчи музей (фото)

Маҳобатли Аё София масжиди ва машҳур ватандошларимиз ҳақида ҳикоя қилувчи музей (фото)

Аё София масжиди.

Фото: Xabar.uz

Туркия маданият ва туризм вазирлиги ташкил этган «Туркияда Рамазон» дастури доирасида ўзбекистонлик ва озарбайжонлик оммавий ахборот воситалари ходимлари, жумладан, Xabar.uz мухбирининг сафари давом этмоқда.

18 март кунининг иккинчи ярмида улар Истанбулдаги Аё София тарихи музейи ва масжиди ҳамда Ислом фан ва технология тарихи музейи фаолияти билан яқиндан танишди. Қуйидаги ҳикоямиз шу ҳақида.

Аё София тарихи музейи Султонаҳмат майдонининг ёнида жойлашган. Гарчи ёмғир ёғиб турса-да, музейга кирувчилар сони жуда кўплигига гувоҳ бўлдик. Турли миллат ва дин вакилларидан иборат ташриф буюрувчиларни нима ўзига бунчалик тортяпти, ёмғирли, бироз совуқ ҳавога қарамасдан, уларни узун навбатда туришга нима мажбурлаяпти? Сабр билан ўз навбати келишини кутаётганлар сафига қўшилганимизда шу саволлар хаёлдан ўтди.

Музейга киргач, саволларга жавобни топдик. Музей Аё София масжидининг 1700 йиллик тарихини саноқли дақиқаларда тақдим этади. Музейнинг икки юқори қаватида кенг кўламли аудио-визуал дастур мавжуд, учинчи қават Рим даврини, иккинчи қавати эса Усмонли даврини қамраб олади. Ташриф буюрувчилар 13 та ҳудуд бўйлаб саёҳатга отланадилар.

Энг илғор технологиялар, интерактив дисплейлар ва иммерсив аудио ҳикоялардан фойдаланган ҳолда музей тарихни жонлантиради, меҳмонларни яширин ҳикояларни ўрганишга ундайди. Дарҳақиқат, кўп тилли гарнитуралар ёрдамида масжид тарихини ўз она тилингизда тинглайсиз, видео кўринишда эса жонли тарихни кўрасиз ва охирида қойил қоласиз. Музейдан чиққач узоқдан кўриниб турган меъморий мўъжиза — Аё София масжидига бошқача нигоҳ билан қарайсиз. Тарихни жонлантириш ҳам санъат. Олдинги тасаввурингиздаги масжидни янгитдан кўришни бошлайсиз. Ана шу таассуротлар билан масжид сари юрдик.

Ёнғин ва зилзилани бошдан ўтказан Аё София — Туркиядаги меъморий ёдгорлик, Византиянинг «олтин даври» рамзи. 532–537 йилларда Византия пойтахтида қурилган.

У замонавий Истанбулнинг тарихий марказида, Султонаҳмет туманида жойлашган. 1985 йилдан буён Аё София Истанбулнинг тарихий марказидаги бошқа ёдгорликлар қатори ЮНEСКОнинг Жаҳон мероси рўйхатига киритилган. Баландлиги 55,6 метрни ташкил қилади. Ҳозир томоша қилиш учун келадиганлар масжид орқа тарафидан киритилади. Ўзига хос, айланма йўлдан кўтарилиб, масждининг энг юқори қаватидан туриб томоша қилиш мумкин. Ибодат қилмоқчи бўланлар эса масжид олд тарафидан киришади. Маҳобат ва салобат, ўзига хос сирлилик сизни қамраб олади.

Истанбул Ислом фан ва технология тарихи музейи — Гулҳане боғидаги собиқ Империал Стаблес биносида жойлашган. Музей 2008 йил 25 майда очилган бўлиб, унда мусулмон олимларининг IX–XVI асрларга оид илмий асбоб-ускуналари нусхалари намойиш этилади. Эътиборлиси, музейда ватандошларимиз Мирзо Улуғбек ва Ибн Сино фаолияти, фан тараққиётига қўшган ҳиссаси ҳақида ҳикоя қилувчи стенд ташкил қилинган.

Бизни кузатишда давом этинг, кейинги ҳикояларимиз Бурсадаги тарихий обидалар ҳақида бўлади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг