Мадина Мийтан: «Тенглик деганда баъзи эркаклар негадир қўрқиб кетади»
Амалиётчи психолог Мадина Мийтан билан суҳбатимиз гендер стереотиплар ҳақида бўлди.
– Мадина сизни ижтимоий тармоқларда кузатиб бораман ва бошқа психологлардан фарқи ўлароқ фақат аёл мулойим ёки фақат эркак мард бўлиши керак, деб ҳисобламайсиз. Айтингчи, стереотиплар нима, гендер рол нима ва булар ҳақида тўлиқроқ тушунча берсангиз?
– Гендер стереотиплари бу эркаклар, аёллар ва бошқа жинсларнинг жамиятдаги ўрни ҳақида олдиндан ўйланган ғояларни тавсифлаш учун ишлатиладиган атама. Гендер стереотиплар одамларнинг жинси туфайлигина ўз ролларида чекланганлигини таъминлаб беради. Гендер стереотипларнинг сақланиб қолиши, кенгайиб бориши ва мустаҳкамланишига ҳар бир жамиятнинг ўзида мавжуд бўлган гендер роллар катта хизмат қилади. Гендер роллар одамнинг жинсига, яъни «аёлларга хос» ва «эркакларга хос» тегишли бўлган хатти-ҳаракатларни қандай турлари маъқул ёки маъқул эмаслигини белгилайдиган ижтимоий нормалар тўплами.
Бу сўзларнинг кириб келиши ҳаётимизда шу тушунчаларни ифода қилиб берадиган ҳолат ёки воқеликларимиз илгари бўлмаганини ёки ҳозир йўқлигини билдирмайди. Аслида, икки жинс билан боғлиқ ҳар қандай янги тушунчаларга нисбатан шубҳа билан қарашимиз ҳам гендер стреотипларга яққол мисол. Айтайли, гендер ёки феминизм сўзини эшитишлари билан кўпчилик бу аёлларимизни қандайдир «бузувчи» ғоялар деб тушунишади.
Сартарош стилист, дизайнер ёки раққоса бўлиш эркакнинг, математик, техник соҳаларда ишлаш аёлнинг гендер ролига мос кўрилмаслигини айнан гендер стереотиплар уқтиради.
Нафақат хатти-ҳаракатлар, балки инсоний фазилатларни ҳам айнан стереотиплар орқали аёлга ёки эркакка мослаб олганмиз. 25 мамлакат талабалари ўртасида ўтказилган тадқиқотга кўра айрим маданиятларда жасорат, мустақиллик, куч, ҳокимият ва ҳукмронлик истаги кўпинча эркакларга, нозиклик, қарамлик, хаёлпарастлик, эмоционаллик, бўйсуниш ва заифлик аёлларга тегишли бўлиб чиқди. Бошқа томондан, дангасалик, такаббурлик, мақтанчоқлик ва тартибсизлик каби фазилатлар турли маданиятларда турли жинсларга тегишли бўлиб чиқди. Кўриниб турибдики, биз инсоний фазилатларни ҳам жинсга қараб шаблонлаштирганмиз. Демак, гендер тенгликка эришишимиз учун ҳам кўплаб стереотиплардан воз кечишимизга тўғри келади.
– Гендер стереотиплар ҳақидаги илмий изланишларнинг оддий одамларга амалий аҳамияти нимада?
– Бу илмий тадқиқотлар Ғарб академик доирасига тегишли, аммо буни бизга аҳамиятли жойи шундаки гендер стереотипларни механизми ҳамма жойда бир хил, гарчи шакллари, даражаси фарқли бўлса-да.
Кўпгина тадқиқотлар эркаклар ва аёллар ўртасидаги фарқлардан кўра, кўпроқ ўхшашликларни топди, аниқланган кичик фарқлар эса ҳаёт давомида орттирилган. Масалан, эркаклар гендер ролларига тўлиқ мос келиш учун ўзларини жуда эмпатик, деб ҳисобламайдилар, аммо физиологик ва юз реакцияларининг ўлчовлари эркаклар ва аёллар ўртасидаги тўғридан-тўғри эмпатик реакцияларда ҳеч қандай фарқ йўқлигини кўрсатиб берди. Бошқа тадқиқотлар шуни кўрсатадики, эркаклар ҳам худди аёллар каби тез-тез ғазаб, қайғу ва қўрқувни бошдан кечиришса-да ташқарига кўпроқ ғазабини чиқаришади ва бошқа салбий ҳис-туйғуларни гендер ролига мос келмагани учун ҳам бостиришади. Аёллар эса аксинча, ғазабни бостиради, қайғу ва қўрқувини ифодалашдан, умуман, ташқарига чиқаришдан ўзларини тиймайдилар, чунки стереотиплар буни маъқуллайди. Ёки аёлларга юмшоқ ва назокатли бўлишни маъқуллайдиган ва тажовузкорлигини, қатъиятлилигини қоралайдиган гендер стереотипларимиз бор. Бу стереотип иш жойида ёки касб танлашида аёлларга нисбатан кўплаб камситишларга ёрдам беради. Яъни, аёллар керакли бўлган жойда ўзини ҳимоя қилиш учун тажовузкорлигини, қатъиятлилигини намоён қилолмайди.
Айтайлик, яна бир ҳолатда гендер стереотиплар аёллардаги сезгирлик, интуитивлик ва ғамхўрлик, меҳрибонлик, хушмуомалалик каби ижобий фазилатларни маъқуллайди. Бу албатта, яхши стереотип ва шу билан бирга, ижобий фазилат ҳам ҳисобланади. Аммо аёлларга нисбатан бундай ижобий фазилатлар кенг тарқалган кўплаб маданиятларда мутахассислар китобларида, адабиёт, санъат ва ОАВлари орқали эътироф этиш билан бир пайтнинг ўзида эркакларга тегишли бўлган рационаллик ва фаолликдан анча пастроқ баҳоланишини бемалол тарғиб қилинишини кузатишингиз мумкин.
Бизда аёлнинг меҳрибонлиги, ишонувчанлиги ва хушмуомала бўлишини бошига тушадиган қандайдир балоларнинг сабабчиси ҳам деб кўрсатиб берилади. Ваҳоланки, булар энг яхши ижобий фазилатлар эди, аммо гендер стереотип қўшилиб кетганлиги учун, яъни аёлдаги қандайдир рационал қарор қабул қилиш хусусияти йўқлиги боис кутилмаган ёмонлик содир бўлди, деб ҳисоблашади. Буни реал ҳаётимизда алданган аёллар, зўравонликка учраганларда кузатишимиз мумкин.
Албатта, бу оддий одамлар ҳаётида кўплаб зиддиятларни келтириб чиқаради. Бир пайтнинг ўзида жамият маъқуллайдиган фазилатга эга бўлиш ва эга бўлмасликни танлаш керак. Буларнинг барчаси эркак ва аёл учун бирдай зарарли психологик муҳитни яратади. Носоғлом муҳитдаги ҳар қандай жинсга эса осон бўлмайди.
– Демак, гендер стереотипларнинг зарарли оқибатлари аёллар ва эркаклар учун бир хил демоқчисиз. Назаримда, бизнинг жамиятда бундан кўпроқ аёллар жабр кўради.
– Тўғри, шундай. Аммо масаланинг яна бир эътибор қаратишимиз керак бўлган нозик томони бор. Яъни, зўравонлик содир бўлган кунгача зўравонликни келтириб чиқарган тажрибалар илдизи бор. Дейлик, яқинда турмуш қурган эркак аёлига дастлабки зўравонликни амалга ошириши учун хулқидаги ўзгариш уйланиши билан ёки аёлнинг қандайдир ҳаракатига нисбатан реакция натижасида бирдан пайдо бўлиб қолмайди. Зўравонлик илдизлари анча чуқурроққа бориб тақалади.
Масалан, айрим эркакларда ўзини ифодалаши учун болалигидан гендер стереотиплари туфайли иложи борича жиддий бўлиши, йиғламаслиги, кам кулиши ва ҳакозо турли эмоционал ҳолатини ифодалаши «эркакликка хос» бўлмаган деб сингдирилади. Ўғил болаларга болалигидан «эркакка хос» хулқ атвор кўринишларини, қиз болаларга эса «аёлга хос»лари сингдирилади. Агар ўғил болага ҳар доим кучли, бўйсунмас, бошқарувчи ёки ҳокимиятга эга бўлиш эркакликнинг «идеал» кўриниши деб уқтирилса, бола ўзини индивидуал хусусиятини бориб-бориб унутиб юборади. Бола табиатан юмшоқдир, одамларни бошқаришни хоҳламас ёки кучли ижодий қобилияти бўлиши мумкин. Зўравонликни тажовузкорлик билан боғлайдиган бўлсак, манбаси фақат болаликда орттирилган жароҳатлар эмас, гендер стереотиплар туфайли шакллантирилган хулқ атворга ҳам бориб тақалади.
Биз болалигидан сингдираётган ёки сингдиришимиз керак бўлган барча ижобий умуминсоний фазилатлар гендер стереотипларга ҳар доим ҳам мос келавермайди. Табиийки, бу борган сари болада турли ички қарама-қаршилик, босимлар сурункали ташвиш, хавотир, стрессли вазиятларни келтириб чиқариши мумкин. Бундай ички зиддиятлар болада йиллар давомида йиғилиб, бостирилиб бориши натижасида, инсонда у хоҳ эркак бўлсин, хоҳ аёл шахсият бузилишига олиб келади.
Гендер стереотиплар ҳам аслида шу нотўғри фикрлаш шакллари орқали ривожланади ва мустаҳкамланади. Бундай ҳолатда оддий одам ҳаётда нимани йўқотади? Албатта, буларнинг барчаси йиғилиб инсон ҳаётида жуда муҳим бўлган танловлар, тўғри қарорлар қабул қилишига халақит беради. Биз қанчалик билимли ёки яхши инсон бўлишга уринсак ҳам, гендер стереотиплар туфайли танловларда адашишимиз мумкин.
– Нима учун жамиятимизда аёлларнинг «эркакшода» бўлишини ижтимоий жиҳатдан маъқул қабул қилинади, эркакларнинг ўзини «аёлча» тутиши эса аксинча қабул қилинади?
– Эркаклар ҳали ҳам маданий жиҳатдан айнан шу гендер стереотиплар туфайли «идеал» бўлиб қолмоқда. Эркаклар аёлларга қараганда кўпроқ имтиёзларга эга, дейлик улар кўпроқ пул топишади, кечалари юриши хавфсизроқ ва уларнинг фикрлари жиддийроқ қабул қилинади. Демак, мана нима учун аёл кўпроқ эркак бўлишни хоҳлайди.
Лекин нима учун эркак «заифроқ» бўлишни хоҳлаяпти? Биз бундай хоҳишлари бор эркакларни узоқ тарихдан ёки бугунги жамиятларни кузатиб ҳам мавжудлигини биламиз. Менимча, баъзи бундай эркаклар ҳам «аёл» хусусиятларига эга кўринишда бўлсалар, айнан ўша ўз жинсдошлари бўлган эркаклар томонидан таҳдидни ҳис қилишади – ҳар қандай ҳолатда ҳам «аёлликка хослик» қандайдир идеал қабул қилса бўладиган кўриниш эмас. Яъни, бу ерда ҳар қандай ҳолатда ҳам аёл бўлишга нисбатан камситилишни кузатиш мумкин.
Карл Юнгнинг айтишича, барчамизда анима (аёл қисми) ва анимус (эркак қисми) бор. Турли нисбатларда бу фазилатлар ҳар биримизда мавжуд. Яъни, кўпинча кўплаб одамлар гендер идентификацияга боғлиқ ўзининг қарашларини билдираётганда айнан шу анимус ва анима нуқтаи назаридан келиб чиқиб ёндашишда нотўғри ҳукм чиқарадилар. Аслида, бу кимгадир ёрлиқ ёпиштириш билан боғлиқ тушунча эмас, шунчаки гендер стереотиплар туфайли ўзини ифода қилолмаган мутлақо нормал одамнинг яширин ҳислари ҳақида. Масалан, мен қайсидир пайтларда худди эркаклардек фаол, ташабусскор ва ўта қаътиятлилигимни намоён қилишим мумкин. Баъзи пайтлари эса қандайдир ўзимни ожиз ҳисоблашим, қўллаб-қувватлашга муҳтож бўлишим ёки назокатлиликни, гўзалликни ва меҳрни ифода қилишим, бу жараёнларда ташқи кўринишим ва кийиниш стилим ҳам ўзгариши мумкин. Лекин бу дегани менга қандайдир ёрлиқ осиш учун асос бўла олмайди ва бу эркак, аёл учун ҳам мутлақо нормал ҳолатдир.
– Амалиётчи психолог сифатидаги тажрибангизга асосланиб, кўпгина гендер ролларига аниқ эга бўлган оилада яшаш ҳақида қандай фикрдасиз? Масалан, отаси пул топади, онаси уйда ўтиради — уй бекаси, қизининг хонаси пушти рангда ва ўғил болага кўк рангни танлайди ёки ўйинчоқ танловларида буни доим кузатамиз. Умуман, ўсмирларнинг ўзини ўзи қадрлашига бундай ёндашув таъсир қиладими?
– Менимча, ўсмирнинг ўзини ўзи қадрлашига гендер ролларни ажратишнинг мазмуни эмас, балки жараённинг ўзи кўпроқ таъсир қилади. Шу ҳақда кўп ўйладим, оилада бундай воқеалар қандай содир бўлганига ва шаклланишига қизиқаман. Эҳтимол, она уй бекаси бўлишни чиндан ҳам ёқтирар ва у доимо бу ролга ўзи интилар. Эҳтимол, қизининг севимли ранги ростан ҳам пушти, ўғилники эса кўкдир. Эҳтимол, ота-оналар уй хўжалигини шу тарзда тақсимлаш борасида мантиқан шундай қарор қабул қилган бўлиши мумкин. Агар бунга ҳар бирининг хоҳишлари қаршилик қилмаса муаммо эмас. Айтайлик, онаси боқувчи, отаси ошхонада, ўғилнинг хонаси пушти, қизнинг хонаси кўк рангда бўлган оиладаги бундай ташқи жараёндан кўра, агар оилада ўсмирларнинг ўз қадр-қимматига табиатан путур етқазувчи мазмунли ҳолатлар кўпроқ бўлса бу анча муаммоли деб ўйлайман.
Менимча, буларнинг барчаси оила аъзоларининг ҳар бирининг қадр-қиммати қатъийлигига боғлиқ. Агар кичкина Азимжон: «Биласизми, дада, мен кўк рангни жуда ёмон кўраман. Мен пушти ва қандайдир декор билан хонамни безашни хоҳлайман», деса оила бунга қандай муносабатда бўлади? Ёки аёл: «Мен ишга қайтиб, энага ёлламоқчиман» деса, оила буни қўллаб-қувватлайдими? Яқинда бир фикрлаш тарзи диққатимни тортди, яъни оилада қизларининг гендер тенгликка бўлган рағбатли муносабатини шакллантириш учун қўғирчоқ ёки ошхона анжомлари каби анъанавий «аёл» ўйинчоқлари билан ўйнашда тўсқинлик қилаётганини эшитиб қолдим. Бу, албатта, нотўғри ёндашув. Умуман олганда, тенглик дегани, бола, эркак, аёл ёки уларнинг орасидаги бирор нарса «ким бўлишни танлаш эркинлигига» эга эканлигини англатади. Агар бу қизчанинг қўғирчоқлар билан ўйнашни хоҳламаслигини англатса, менимча, бу муаммо эмас, агар қизча хоҳласаю ота-она унга рухсат бермаса мана шу муаммо. Қўллаб-қувватлашгина ўсмирни ўзини ўзи қадрлашига энг катта таъсир қилади.
– Нима учун жамиятда нотўғри гендер стереотиплари мавжудлигини билганимиздан кейин ҳам узоқ вақтлардан буён сақланиб қолаяпти? Нима учун улардан воз кечиш қийин бўлаяпти?
– Инсон мияси стереотиплар орқали ўзига таниш нарсаларни қидиради. «Эркак миясига стереотиплар орқали эркак киши йиғламаслиги керак» деган файл мустаҳкам жойлашган ва йиғлагиси келса ҳам бу ғайриоддий ҳолат сифатида сиқиб чиқарилади ёки эътиборсиз қолдирилади. Стереотиплар шундай яшайди. Одамлар нимага ишонсалар ўша ишончини тасдиқлайдиган маълумот қидиради ва уни эслаб қолади. Агар ишончига тўғри келмайдиган бироз ўзгачароқ, ғайриоддий ҳолатларга дуч келиб қолса рад этишади ёки эътиборсиз қолдирадилар. Агарда биз хоҳлаган бирорта кишидан ўзининг ҳаётида бор бўлган инсонлардан кимни «ҳақиқий эркак» ёки «ҳақиқий аёл» деб биласиз, деб сўрасак уларнинг бу саволларга жавоблари албатта, ўз ҳаётий тажрибалари йиғиндисидан иборат бўлади. Ҳар қандай алоҳида инсоннинг гендер стереотиплари болалик, оила тажрибаси, ижтимоий тажрибалари ва ўз ички изланишлари натижасида юзага келган бўлади. Шунинг учун биз гендер стереотипларга билимларимизни ўзи билан қарши кураша олмаймиз, бунга албатта тажрибаларимиз ҳам керак бўлади.
– Гендер стереотипларни енгиб ўтган замонавий жамиятлар ҳақида биламиз. Бизнинг маданиятимизда ҳам қачондир гендер стереотиплар ўзгариши ва гендер тенгликка эришиш мумкинми?
– Гендер стереотиплар бартараф бўлишига ва гендер тенгликка эришиш мумкинлигига ишонаман, лекин буни қачон бўлишини билмайман. Эҳтимол, бу анча пессимистик қарашдир, лекин бир инсон умри билан тушунтириш ёки гендер стереотиплар билан тўлган жамиятда улғайган мендек аёлга жуда қийин. Ҳатто, мен ҳам бир юмалаб булардан халос бўлишим анча нореал бўлган бўларди. Гендер тенгликка эришган кўплаб замонавий жамиятларда ҳам бу борада ҳалиям кўплаб муаммолар мавжуд, аммо шу эришган ютуқларига ҳам узоқ йўлни босиб ўтишган.
XVIII-XIX асрларда Европа дунёвий маданиятида аёллар заиф ва мўрт бўлиши оддий ҳол деб қабул қилинган бўлса, кўпчилик деҳқон маданиятида аёллар табиатан кучли ва чидамли деб ҳисобланган. Ғарбий (шимолий Америка ва ғарбий Европа) ўрта синф маданиятларида 1950 йиллардан бошлаб аёлнинг гендер роли уй бекаси ролини ўйнай бошлади ва аёллар учун самарали меҳнатда эркаклар билан бирга иштирок этишда истисно қилина бошлаган. 70-йиллардан кейин эса баъзи эркаклар учун «мос» бўлган касбларда аёллар ҳам ўз ўрнини кўрсата бошлади.
Тадқиқотлар аёлларнинг математикада эркакларникига қараганда камроқ муваффақият қозонишининг бир қанча сабабларини очиб берди. Биринчидан, аёлларнинг ўзларида бу борадаги ўз қобилиятларига ишончлари йўқ. Иккинчидан, улар математика дарсларини ўзларининг гендер ролига мос келмайди деб билишади. Ҳаттоки, математикада мукаммал қобилиятларини намоён қилсалар ҳам, ундан воз кечишади. Учинчидан, ота-она ва ўқитувчилар қизларга математикани ўғил болаларга қараганда камроқ ўрганишга ундайди. Шундай қилиб, бу нотўғри фикрлаш тарзи оқибатида гендер стереотиплари «ўзини-ўзи амалга оширадиган башоратлар» каби ишлай бошлайди. Бундан кейин ростан ҳам қизлар математика билан кам шуғуллана бошлайди.
Хулоса шуки, бутун жамият гендер стереотиплар аёлга ҳам, эркакка ҳам зарарли эканлигини бирдай англаб етиши жуда муҳим. Бу фақат бир жинс вакилларининг ташаббуси ёки айрим соҳа вакилларининг билишигина билан эришиладиган ҳолат эмас.
Гендер стереотиплар гендер тенгликка тўсқинлик қилади. Гендер тенгликни кўпчилик, фақат аёллар ҳуқуқи учун бўлса керак деб тушунишади, аслида бу жамиятнинг иқтисодий ривожланиши учун энг катта тўсиқ.
Тенглик деганда кўпчилик эркаклар негадир қўрқиб кетишади.Тенглик деганда биз, аёл ва эркакнинг бир хиллигини эмас, балки уларнинг ҳуқуқлари, масъулияти, мажбурияти ва имкониятлари тенг бўлиши кераклигини тушунишимиз керак. Бунда уларга қайси жинс вакили бўлиб туғилганлиги ҳалақит бермаслиги керак.
Барно Султонова суҳбатлашди
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter