Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Маданият вазирлиги коронавирусдан вафот этган санъаткорларни эслади

Маданият вазирлиги коронавирусдан вафот этган санъаткорларни эслади

Эл-юртимиз ўзининг қадимий ва шонли тарихида кўпдан-кўп оғир синов ва машаққатларни бошидан кечирганини, уларнинг барчасини беқиёс мардлик ва сабр-матонат билан енгиб ўтганини ҳаммамиз яхши биламиз. Қаҳрамон халқимиз турли даврларда юз берган вабо ва ўлатлар, очарчилик, қаҳатчилик, уруш ва қатағонлардан азму қатъият билан омон чиққан.

Азалдан халқимизнинг қонида, суягида бўлган бундай олижаноб фазилатлар коронавирус пандемияси даврида яна бир бор яққол намоён бўлмоқда.

Бугунги кунда бу синовларни мардона енгиб ўтишда маданият ва санъат соҳаси вакиллари ҳам улкан ҳисса қўшмоқда. Айниқса, халқимиз орасида катта обрў-эътибор қозонган санъаткорларимиз ўзларининг барчани сабр-бардошга, ўзаро меҳр-оқибатли, аҳил ва ҳамжиҳат бўлишга даъват этувчи таъсирчан сўзлари ва чиқишлари билан юртдошларимиз қалбида эртанги ёруғ кунларга ишонч туйғусини уйғотаётганига ҳаммамиз гувоҳмиз.

Минг афсуски, бу касаллик туфайли кўпгина юртдошларимиз қаторида элимиз севган, истеъдодли санъаткорларни ҳам сўнгги йўлга кузатишга мажбур бўлдик.

Бугун биз ўзининг ўлмас образлари билан халқимиз қалбидан мустаҳкам жой олган Ўзбекистон халқ артисти Дилбар Икромова, машҳур композитор ва дирижёр, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби Анвар Эргашев, барчанинг севимли актёри, Ўзбек Миллий академик драма театрига раҳбарлик қилиб, отахон театримиз ривожига катта ҳисса қўшган, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Фатхулла Маъсудов, Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театрининг истеъдодли артисти Жанибай Утепбергенов, Сирдарё вилояти мусиқали драма театрининг маҳоратли актёри, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Адҳам Абдуллаев ва бошқа санъаткорларимизнинг номларини эҳтиром билан ёдга оламиз.

Ўз фаолиятининг маъно-мазмунини она халқимизга, жонажон Ватанимизга сидқидилдан хизмат қилишда деб билган бу фидойи юртдошларимиздан бой маънавий мерос қолди.

Уларнинг театр саҳналарида, бадиий ва телевизион фильмларда яратган ёрқин образлари, юртимиз ва жаҳон миқёсида эътироф этилган мусиқий асарлари абадият мулки бўлиб қолиши, шубҳасиз.

Бу азиз инсонлар халқимизнинг қалби ва онги уйғоқ, ватанпарвар фарзандлари сифатида мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг доимий иштирокчиси ва тарғиботчиси эдилар.

Улар катта ижод ва ҳаёт тажрибасига эга устозлар сифатида ўнлаб истеъдодли ёшларни тарбия қилдилар.

Бу бетакрор санъаткорларимиз ҳақида сўз борар экан, атоқли шоиримиз Эркин Воҳидовнинг қуйидаги мисралари ёдга келади:

Санъатга бахш умрнинг ажиб мўъжизаси бор,
У дунёни тарк этса, ундан дунё қолади.
Одам умри сарҳадли, қўшиқ умри пойидор,
Навосоз юракларда ўлмас наво қолади.

Дарҳақиқат, бир ўлмас наво, пойидор қўшиқ сингари санъатга бахш умрлар ҳам завол билмасдир. Миллий маданиятимиз ва санъатимизнинг фидойи намояндалари хотираси ҳамиша қалбимизда яшайди.

Уларнинг оилалари ва яқинларига, миллионлаб мухлисларига Маданият вазирлиги бутун санъат аҳли номидан чуқур таъзия билдириб, Яратгандан сабр-тоқат ва бардош тилайди.

Ўтганларнинг охирати обод бўлсин.

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг