Лолагул Қаллиханова озодликка чиқарилди. Прокурор унга 11 йиллик қамоқ жазоси сўраганди
Бугун, 31 январ куни Бухоро вилоят судида Нукус шаҳрида содир этилган оммавий тартибсизликлар бўйича 22 нафар айбланувчига нисбатан суд ҳукми ўқиб эшиттирилмоқда.
Нукус воқеалари бўйича судда гумондорлардан жами тўрт киши оқланди ва суд залидан озодликка чиқарилди, улар орасида Лолагул Қаллиханова ҳам бор.
Олий суднинг расмий хабарига кўра, Лолагул Қаллиханова ЖКнинг 159-моддаси 4-қисми, 244-моддаси 3-қисми ва 244-1-моддаси 3-қисми “а”, “б”, “г” бандларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, ЖКнинг 57-моддаси қўлланилиб, ЖКнинг 59-моддаси тартибида 8 йил озодликдан махрум қилиш жазосига судланиб, ЖКнинг 62-моддасига асосан дастлабки қамоқда ўтирган 6 ой 24 куни тайинланган жазодан чегирилиб, ўташ учун 7 йил 5 ой 6 кун озодликдан маҳрум қилиш жазоси қолдирилиб, ЖКнинг 72-моддаси қўлланилиб, жазо 3 йил синов муддати билан шартли деб белгиланиб, суд залида қамоқдан озод қилинди.
Эслатиб ўтамиз, прокурор унга 11 йиллик қамоқ жазоси сўраганди.
Аввалроқ судланувчи Лолагул Қаллиханова ўз кўрсатмаларида Давлетмурат Тажимуратовга қарши ўз норозилигини билдирганди.
«Давлетмурат Тажимуратовнинг Нукус шаҳрида митинг ўтказиш ҳақида Жўқорғи Кенгес раиси номига ариза қолдирганлиги ҳақидаги хабарига алданганимни тан оламан. Унинг сўзларига ишондим. Ўз хатти-ҳаракатларим билан аҳолининг бунчалик даражада кўтарилиб кетишини билмаган эдим», — деган Лолагул Қаллиханова ўз кўрсатмасида.
У бу қилмишлари оқибатида одамлар вафот этгани, уларнинг ўлимида эса ўзини ҳам айбдор деб билишини, шу сабабли ўзини кечирмаслигини, ўзига қўйилган барча айбловларни тўлиқ тан олишини билдирган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter