«Ҳиндистон булбули» Лата Мангешкар вафот этди (видео)
Бугун Ҳинд фильмлари қўшиқларининг моҳир ижрочиси, жозибали, мафтункор, майин ва кенг диапазонли овоз соҳибаси бўлган Лата Мангешкар 92 ёшида оламдан ўтди. Бу ҳақда NDTV телеканалида маълум қилинди.
Таъкидланишича, лата Мангешкар 1 февраль куни Мумбайдаги касалхоналардан бирида коронавирус ташхиси билан ётқизилган.
Лата Мангешкар 9 ёшидан катта саҳналарда хонанда сифатида танилган. 1941 йилда Лаҳор шаҳрида «Арт Пикчерс» киностудияси танловида ғолиб чиқиб, кинофильм қўшиқларини ижро эта бошлаган.
Жами 1000 га яқин (шу жумладан, «Байжу Бавра», «Барсат», «Тожмаҳал», «Ганг дарёси оққан мамлакатда», «Дайди», «Жаноб 420», «Янги Деҳли», «Сангам», «Менинг исмим масхарабоз» ва бошқа) фильм қўшиқларини катта маҳорат, нозик дид билан ижро этган.
У Геннес рекордлар китобидан ҳам жой олган эди.
Концерт дастурларидан ҳинд мумтоз, ўзга халқ (урду, панжоб, бенгал, тамил, телугу ва бошқа)лар ва замонавий муаллифлар қўшиқлари ўрин олган.
Ҳиндистоннинг энг олий — «Падма Бҳушан», «Дада Саҳиб Пҳалке» давлат мукофотлари билан тақдирланган. Жаҳон бўйлаб гастролда бўлган, жумладан, 1968 йили Ўзбекистонга ҳам ташриф буюрган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter