Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Россияда ҳиндлар алдов билан урушга жўнатиб юборилди

Россияда ҳиндлар алдов билан урушга жўнатиб юборилди

Ҳиндистон Украинадаги фронтда Россия армияси таркибида бўлган 20 га яқин фуқароларини қайтаришга ҳаракат қилмоқда. Уларнинг оила аъзолари айтишича, ҳиндлар ёлғон баҳоналар билан урушга жалб қилинган.

Алданганларнинг ҳикоялари Ҳиндистонда шов-шувга айланиб, Россия президенти Владимир Путин билан яхши муносабатда бўлган ҳукуматни ўйга солмоқда.

«Биз улардан баъзиларини ортга қайтардик ва қолганларини ҳам қайтариш устида ишлаяпмиз», деди Ташқи ишлар вазирлиги вакили Financial Times нашрига.

Вазирлик ўз фуқароларини Россия армиясидан муддатидан олдин чақириб олиш мақсадида барча ишларни «фаол давом эттираётганини» айтган. Урушда ҳалок бўлган ҳиндлар фронтдан узоқда ишлаш ва Европа Иттифоқи билан чегарада яшаш ваъдалари билан алдов йўлида жалб қилинган.

Ҳайдарободлик Муҳаммад Имроннинг айтишича, унинг 30 ёшли укаси Муҳаммад Асфан Россия армияси таркибида Москвада ишлаш ва қисқа вақт ичида Россияда доимий яшаш ҳуқуқига эга бўлиш мумкинлиги ҳақидаги YouTube’да жойланган видеони кўриб, «тузоққа тушиб қолган».

Йўқолган укасини қидириш учун у шу ҳафта Россияга боришни режалаштираётганини айтади. Унинг сўзларига кўра, унинг укаси ноябр ойида Москвага етиб борган, унга имзо қўйиш учун рус тилидаги шартнома берилган, декабрда эса Украинадаги фронтга олиб кетилган, шундан сўнг у ғойиб бўлган. Муҳаммад Имроннинг айтишича, январ ойида укасининг армиядаги шерикларидан бири Асфаннинг оёғига ўқ узилгани ҳақида хабар берган.

Бундан ташқари, Ҳиндистон шимолидаги Панжоб ва Харяна штатларидан янги йил муносабати билан Россияга саёҳат қилган бир гуруҳ эркаклар қариндошларига видеолавҳа юбориб, расмийлардан зудлик билан ёрдам сўрашган. Видеода улардан бири саёҳатга таклиф қилган одам томонидан алданганини ва улар Беларусга келганини, у ерда визасиз кириб келгани учун «Россия армиясига топширилганини» даъво қилади.

«Улар бизни олдинги сафларга жўнатишмоқчи, илтимос Ҳиндистонга зудлик билан қайтишимизга ёрдам беринг», деди Гурпреет Сингх исмли шахс.

Россияга борган меҳнат муҳожирининг Россия армияси билан шартнома имзолашга мажбур қилинаётгани ҳақида хабарлар аввал ҳам бир неча бор янграган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг