Ла Лига жумбоғи: ким чемпион бўлади?
Бугун, 22 май — Испания чемпионлиги масаласи узил-кесил ҳал бўладиган кун. Чемпионлик пойгасида фақат Мадриднинг «Атлетико»си ва «Реал»и қолган. Маррага оз қолганида қоқилган «Барселона»сиз ҳам турнир шиддати асло пасаймаган. Зеро, сўнгги турда, сўнгги имкониятда мадридликларни «совға жамоалар» кутиб тургани йўқ.
Ла-Лига жадвали сўнгги тур арафасида
(«Леванте — «Кадис» сўнгги турни ўтказиб бўлишди: 2:2)
Кимда қандай имконият қолган?
38-тур олдидан турнир етакчиси «Атлетико» ҳисобида 83 очко бор, таъқибчиси «Реал»да эса 81 очко. Икки очколик фарқ «Атлетико»нинг хотиржам бўлиши учун етарли эмас, ўзаро ўйинларда устунлик «Реал» фойдасига. «Атлетико» ҳам бугун фақат ғалаба учун ўйнаши аниқ.
Олтин медаллар учун курашаётган «Атлетико» сафарда Ла Лигада жон сақлаб қолиш учун жуда оз бўлса-да «реал» имкониятга эга «Вальядолид» (19-ўрин, 31 очко) билан тўқнашади. Ғалаба назарий жиҳатдан «Вальядолид»га умид бағишлайди, чунки икки очко олдинда бораётган икки рақиби ҳам оғир ўйинлар ўтказади: «Эльче» (18-ўрин, 33 очко) «Атлетик Бильбао» (9-ўрин, 46 очко)ни, «Уэска» (17-ўрин, 33 очко) «Валенсия» (13-ўрин, 42 очко)ни қабул қилади.
Ўз майдонида тўп сурувчи «Реал Мадрид»га ҳам осонмас: рақиб — 58 очко тўплаб 7-ўринда кетаётган, Европа лигаси учун курашаётган «Вильярреал».
Дурангга умид қилиб чемпионликдан қуруқ қолишини билган «Атлетико» сўнгги турда борини тўкиши аниқ. «Реал»га бир қарашда осон эмасдек, бироқ Эмери ўз тажрибасидан келиб чиқиб, Европа Лигаси финалидан кўпроқ умид қилиши ва бор кучини ўша ўйинга атаб қўйган бўлиши ҳам эҳтимолда йўқ эмас.
Ва ниҳоят 3-ўрин тақдири «энг зерикарли»: «Севилья» — «Алавес», «Эйбар» — «Барселона» ўйинларида ҳал бўлади. «Барселона» Ла Лига билан хайрлашаётган жамоага ютқазиб қўйган тақдирда, севильяликлар «бронза»дан умидвор бўлишлари мумкин, аммо бунинг учун ўз ўйинида ғалабага эришиши шарт.
Сўнгги тур арафасида «Барселона» 76 очко, «Севилья» 74 очко тўплаган.
Бугунги барча марказий ўйинлар бизнинг вақт билан соат 21:00 да бошланади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter