Кутилмаган ҳолат: таиландлик аёл икки марта коронавирусга чалинди
Таиланд фуқароси тузалиб чиққанидан бир ҳафта ўтар-ўтмас яна коронавирус инфекциясини юқтириб олди, деб хабар берди «Тхаи Рат» газетаси Чайяпхум провинцияси соғлиқни сақлаш департаментига таяниб.
Март ойи бошларида чет элдан қайтиб келган 38 ёшли аёл тоби қочиб, 12 март куни шифокорга мурожаат этди. Тест натижалари коронавирус борлигини тасдиқлади. Бемор Бангкокдаги шифохоналардан бирида икки ҳафтадан зиёд муолажа олгач, тузалган. Тест хулосалари уч марта ҳам COVID-19 йўқлигини тасдиқлагач, аёлни шифохонадан чиқаришди.
Мартнинг охирида туғилиб ўсган провинциясига қайтган аёл 4 апрель куни шамоллаш аломатлари билан яна шифокорга кўринди. Бироқ уч марта ўтказилган тест натижалари унда коронавирус борлигини тасдиқлади. Аёл провинциядаги шифохонанинг юқумли касалликлар бўлимига ётқизилди. Ҳозир у такрорий муолажа олмоқда.
«Кутилмаган ҳолат, лекин буни Бангкок шифохонаси ходимларининг тиббий ҳужжатлари ва кўрсатмаларига асосланган эпидемиологик текширув тасдиқлади», — дейди Чайяпхум провинцияси соғлиқни сақлаш департаменти раҳбари Ватчира Ботпхибун.
Коронавирус Чайяпхумни деярли четлаб ўтди. Провинцияда бор-йўғи тўртта ҳолат қайд этилди, икки карра касалланган аёл ҳам шулар жумласидан.
Маълумотларга кўра, Таиландда коронавирус инфекцияси эпидемияси бошланганидан бери 2423 та ҳолат қайд этилган бўлиб, улардан 32 нафари ҳаётдан кўз юмди, 940 киши тузалган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter