Коронавирусга учраган беморларни даволаётган шифокорлар алмашди
Бугун Вирусология илмий текшириш институти клиникасининг коронавирус инфекциясига қарши қаҳрамонларча курашган бир гуруҳ тиббиёт ходимлари юксак эҳтиром билан кузатилди. Эндиликда улар ўрнида навбатдаги қаҳрамон тиббиёт ходимлари фаолият бошлашади. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар тарқатди.
Давлатимиз раҳбари шифокорлар фаолиятига юқори баҳо бериб: «Дунё бўйлаб, хусусан, мамлакатимизда шифокорларнинг ўз касбига садоқати, халқимиз, ота-оналаримиз, фарзандларимиз соғлиғи йўлида туну кун қилаётган меҳнати барчамиз учун жасорат намунаси бўлмоқда», дея ўз ҳаёти ва соғлигини гаровга қўйиб, пандемия билан курашаётган шифокорлар, ҳамширалар, санитар ходимларга бутун Ўзбекистон халқи номидан чексиз миннатдорлик билдирган эди.
Президентнинг «Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашишга жалб қилинган тиббиёт ва санитария-эпидемиология хизмати ходимларини қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорга кўра, коронавирус инфекциясидан зарарланган беморлар билан мулоқотда бўладиган, беморлар жойлаштирилган объектларда ҳамда коронавирус инфекциясини аниқлаш лабораторияларида фаолият олиб бораётган тиббиёт, санитария-эпидемиология хизмати ва бошқа ходимларга ҳар 14 кунлик фаолият даври учун махсус қўшимча рағбатлантириш тўлови белгиланган.
Яна бир эътиборли жиҳати, халқимиз томонидан тиббиёт ходимлари ва коронавирус инфекциясига қарши курашда фаол меҳнат қилаётган инсонларга далда бўлишмоқда, имкон қадар қўллаб-қувватлашмоқда. Ушбу юксак эҳтиром коронавирус инфекциясига қарши мардона курашаётган қаҳрамон шифокорларимиз учун улкан рағбат ва куч бўлиши шубҳасиз.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter