Коронавирусга чалинган навбатдаги ҳомиладор аёл фарзандли бўлди. Туғруқ жараёни 7 соат давом этди
Аввал хабар берганимиздек, юртимизда коронавирус инфекциясига чалинган беморлар, жумладан, ҳомиладор, туғруқдаги ва туққан аёлларни даволашга алоҳида аҳамият берилмоқда.
Бунда пойтахтимиздаги 3-сонли туғруқ мажмуаси тиббиёт ходимлари алоҳида фидойилик кўрсатишиб, коронавирусга чалинган ҳомиладор аёлларни даволашда бор тажриба ва билимини ишга солишмоқда.
Ушбу тиббиёт муассасасида яна бир қувончли воқеа юз берди. Коронавирус инфекцияси аниқланиб, ушбу туғруқ мажмуасига олиб келинган бешариқлик ҳомиладор аёл Г. фарзандли бўлди. Жигар етишмовчилиги билан хасталанган 21 ёшли аёл жорий йил 19 май куни Россия Федерациясининг Санкт-Петербург шаҳридан чартер рейс орқали Тошкентга олиб келинган ва карантинга олинган эди.
Унда ҳомиладорлик биринчи ярми енгил даражадаги токсикоз билан кечган. Сўнгги икки ҳафта давомида эса оёғида шишлар, нафас сиқиши, хансираш, бурун битиши, томоқ қичишиши, таъм ва ҳид билиш сезгиларининг йўқолиши, тери сарғайиши бошланган. Ундан олинган таҳлил натижаларига кўра, аёлда коронавирус аниқланиб, мазкур 3-сонли туғруқ мажмуасига олиб келингач, биринчи навбатда, таҳлиллар олинди, чуқурлаштирилган тиббий кўрик ўтказилди.
Унда малакали шифокорлар, жумладан, акушер-гинеколог, эпидемиолог, анестезиолог-реаниматолог, инфекционист-гепатолог, неонатолог каби қатор мутахассислар иштирок этиб, зарур ва тезкор даво муолажалари олиб борилди.
Жорий йил 6 июнь куни ҳомиладор аёлда туғруқ бошланиб, туғруқ жараёни 7 соат давом этди. Туғруқнинг иккинчи даврида аёлда нафас етишмовчилиги, ҳолсизлик, қон босимини кескин кўтарилиши каби белгилар кучайиб, жараён намланган кислород бериш остида олиб борилди. Шунга қарамай, тажрибали шифокорларимизнинг саъй-ҳаракатлари натижасида ҳомиладор аёл ўғил фарзандли бўлди. Энг муҳими, туғруқдан кейинги даврда аёлнинг ҳаётига хавф солувчи асоратлар кузатилмади.
Янада қувончлиси эса, чақалоқдан коронавирусга олинган таҳлил натижалари ёш мурғакда инфекция йўқлигини кўрсатди.
Айни пайтда чақалоқнинг ҳолати қониқарли бўлиб, онаси билан бирга шифокорларнинг тиббий кузатувида бўлиб туришибди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter