Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Коронавирусдан кейинги давр: қайси мамлакат ғолиб чиқади?

Коронавирусдан кейинги давр: қайси мамлакат ғолиб чиқади?

Фото: «Акчабар»

Ҳиндистонлик сармоядор, глобал стратег Ручир Шарма коронавирус пандемиясидан кейинги давр қайси мамлакат учун зафарли бўлиши ҳақида ўз мулоҳазаларини билдирди. Бу ҳақда «New York Times» ёзмоқда.

Иқтисодиёти йирик, коронавирус билан кеч тўқнашган, бироқ ҳукумати фавқулодда чоралар кўришга улгурган давлат. Мамлакат тестлар билан эпидемияни назоратга олиб, ўлимлар сонини камайтиришни эплади. Вирус тарқалишини жиловлаган бу мамлакат қисқа ва аниқ муддатли ўзини иҳоталаш тартибини жорий этиб, ишсизликни олти фоизлик чегарада ушлаб қолишга эришди. Эвазига жаҳон ҳамжамиятининг эътирофи ва мамлакат етакчиси рейтинги 40 дан 70 фоизга ўсишига гувоҳ бўляпмиз.

Бу ерда гап Ангела Меркель бошчилигидаги Германия ҳақида кетяпти. Коронавирус инқирози шароитида мамлакат ўзининг энг кучли ва афзал жиҳатларини кўрсатди, бу шубҳасиз, пандемиядан кейинги даврда ҳам унинг улкан иқтисодиёти гуллаб-яшнашига ишонч уйғотади, дейди Шарма.

Ҳақиқатан ҳам Германия пандемияга бас кела олди: самарали бошқарув, қарзларнинг камлиги, аъло иқтисодиёт, жаҳон савдоси кўрсаткичлари пасайиб кетаётган бир пайтда сифатли немис товарлари Германия экспортини қутқариб қолди, булардан ташқари, ҳозиргача АҚШ ва Хитой компаниялари гегемонлик қилаётган ахборот технологиялари бозорига бемалол кириб бориш учун ҳам мамлакат улкан салоҳиятга эга.

Ангела Меркель ниқобда. Фото: «New York Times»

«Узоқ йиллар Европа иқтисодиётининг бошқа аъзоларидан ҳам тежамкор иқтисодиётни талаб қилиб келган Меркель хонимни «Шваблик уй бекаси» (тежамкор немис образи — таҳр.) деб устидан ҳам кулишди. Хўш, қани ўша кулаётган чеҳралар?», — деди Ручир Шарма.

Сармоядор Германиянинг кексайиб бораётган, консерватив жамият эканлигига ҳам урғу берди. Бироқ, у жуда секин ривожланяпти деган танқидчилар ҳақ эмаслиги исботини топди.

Пандемия рақамлаштириш ва деглобализация жараёнларини тезлатиб, жаҳон қарзларини кўпайтириб бориши баробарида Германия бу чорловларни хотиржам қабул қилади, чунки муаммолар ечимини топа оладиган ҳукумати бор, деди Ручир Шарма сўзининг якунида.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг