Кореядаги ватандош: «Қочиб ёки яшириниб эмас, енгиб ўтиш керак!»
«Хориждаги ватандошлар»да навбатдаги суҳбатдошимиз Жанубий Кореянинг нуфузли KOICA дастури гранти совриндори сифатида Ёнсе университети магистратура босқичида ўқиётган Сардор Абдиназаров бўлди.
Қаҳрамонимиз Қашқадарё вилоятида туғилган. Тошкент молия институтининг бакалавр босқичини тамомлаган.
«3-уринишда талаба бўлганман»
Қашқадарё вилояти Миришкор туманида туғилганман. Дадамнинг ишлари сабаб кейинчалик оиламиз Муборак туманига кўчиб ўтган ва мактаб таълимини ҳам ўша ерда бошлаганман. Тумандаги 1-сонли мактабда 7-синфгача ўқиб, 8-11-синфларни Муборак туманидаги 28-сонли математика, физика ва инглиз тилига ихтисослашган мактабда ўқиганман.
Оилада 3 фарзандмиз — мен, укам ва синглим. Ёшлигимда укам билан таэквондо тўгарагига борганимизни эслайман. Ойим санъаткор бўлиш орзуси ушалмаганини кўп куюниб айтар эди. Балки шу туфайлими, кейинчалик мен рубоб чалиш, укам эса мақом тўгарагига борганмиз.
2 йилча шу тўгаракка қатнадик. Бунинг илк меваси — укам Тошкентдаги Глиэр номидаги мусиқа мактабига кирди. Мен эса рубоб чалишни тўхтатганман, чунки кўп соатли машғулотларда симлар қўлни кесиб юборар ва бу менга ёқмасди. Шунда дадам ёшликда футболчи бўлишни орзу қилиб эриша олмаганини айтиб, мени «Машъал» футбол клубининг ўсмирлар тўгарагига етаклаб борган. Барча талабларни топширгач, жамоанинг энг кичик аъзосига айланганман.
Ойим ҳам таслим бўлмаган, улар мени фортепиано тўгарагига йўналтирган. Ҳатто фортепиано ҳам сотиб олганмиз. Мусиқа тўгарагидаги шахсий фортепианоси бўлган ягона ўқувчи мен эдим. Шу тариқа 2 йил давомида бир вақтнинг ўзида мактабдан сўнг иккита тўгаракка қатнардим. Ҳафта мобайнида деярли бўш вақтим бўлмасди.
Худди кечагидек эсимда, «Насаф» клуби футбол интернати билан бизнинг «Машъал» ўсмирлар футбол жамоаси ўртасида ўйин бўлиши керак. Қарши шаҳри жамоаси меҳмонга келган, бу ҳар доим ҳам бўладиган ҳолат эмас ва ўйинчилар учун бир имтиҳондек эди.
Тасодифми, пианинадан синфдан синфга ўтиш имтиҳонларим ҳам ўша кунга тўғри келган. Унда ҳам бутун мусиқа мактаби раҳбарияти олдида куйларни чалиб топшириш керак эди. Шундай қилиб, мен ҳеч кимга айтмасдан футболга йўл олганман ва жамоамиз ютган бўлса ҳам, минг афсуски, мени заҳирада қолдиришган.
Уйга қайтгач, пианина устозим онамга қўнғироқ қилгани ва имтиҳонга бормаганимни айтгани, дадам эса стадионда ўйинни кўришга бориб, мени майдонга тушмаганимдан қаттиқ хафа бўлганларини билдим. Ота-онамнинг орзулари кесишган шу нуқтада ҳар икки тўгаракка боришни тўхтатиб, қатъий равишда тумандаги математика, физика ва инглиз тилига ихтисослашган мактабга киришга қарор қилдим.
Барча саргузаштлар шу ердан бошланган десам адашмайман. Математика, физика ва инглиз тили курсларига қатнай бошлаганман. Ўша пайтларда репититорга бормасдан ўқишга кириш жуда қийин эди. Мактабни битиргач ўзимча «ревизор» бўламан деб Тошкент молия институнинг «Бухгалтерия ҳисоби ва аудит» йўналишига топшириб, 144.5 балл билан ўқишга кира олмаганман. Кейин Бухорога кетганман у ерда ҳам тайёрланиб, 2011 йил шу йўналишга қайта топширдим ва 164.4 балл билан яна кира олмадим.
Бир тарафдан тушкунлик, иккинчи тарафдан қатъий аҳд туфайли яна тайёрланиш учун Бухорога бир нечта дўстларим билан йўл олганмиз. Пулимиз етмаган пайтлар кўп бўлган, чунки дарслар, яшаш харажатлари анча қиммат, шунинг учун талабаларнинг инглиз тили ва математика фанларига ёрдам бериб, тўйхоналарда официантлик қилишга тўғри келган.
2012 йили яна бир бор Тошкент молия институтига топширганман. Бу сафар «Солиқ ва солиққа тортиш» йўналишига 188.4 балл билан контрактга кириш насиб қилган.
Очиғи, оиламиз ўртаҳол эди. Ҳатто ота-онам баъзан фарзандларининг репититорига тўлов қила олмай қоламиз деб, тўй ва дам олишларга боришмаган. Умуман, уларнинг ҳаётда ўз ўрнимизни топишимизда хизматлари беқиёс.
«Хушомад қилиш ҳеч қачон қўлимдан келмаган»
Юқорида айтганимдек «ревизор» бўлиш орзуси Тошкент молия институтига етаклаган. Олийгоҳ давридаги энг катта плюс — дўстлар орттирганим, яхши инсонлар билан танишганим ва асосийси дунё қарашимни ўстирганим, деб биламан.
Ёмон томони эса, институтда етарли билим олганман деб айта олмайман. Яна бир ёмон анъана бўлган, яъни талаба декан ва деканат ходимлари билан муаммоси бўлса, баҳолари паст бўларди. Мен эса ана шундай «қора рўйхатда» бўлганман. Форма, соқол, галстук, давомат, ота-оналар мажлиси – булар мен қабул қила олмаган нарсалар эди. Манфаат юзасидан ўзгаларга хушомад қилиш ҳеч қачон қўлимдан келмаган.
Бу муҳит мени кўпроқ кўчадан пул топишга ундаган десам хато бўлмайди. Масалан, ўқув марказларида дарс бериш, официантлик қилиш, юк ортиш, бозорларда арава суриш, мардикор бозорга чиқиш, тунги сменада ишлайдиган кичик фабрикаларда фаолият — бошимдан ўтган сабоқ бўлди.
«АҚШ ва Янги Зелландия давлатларига ўқишга кирдим»
Бакалаврни тамомлаб, Қашқадарё вилояти Муборак тумани Давлат солиқ инспекциясида иш бошлаганман. 2 йилга яқин ишлаш давомида шуни сездимки, чет элда тажриба оширмасдан шахсий карьерада ўсиш қилиш қийин.
Давлат ишчи ходимларига магистратура босқичида ўқиш учун Жанубий Кореянинг KOICA дастури грантидан ҳар йили ишхоналарга номзод сўраб мурожаат қилишади. Талабларга мос тушиш учун фақат тил сертификати бўлса етарли эди. Солиқ тизимида ишловчилар яхши билишади, ишдан вақт орттириб қўшимча тил курсларига бориш туман тизимида иложсиз нарса.
Хуллас, Кореяга кетиш ниятида ишдан бўшашга ариза бердим ва IELTS’га тайёрланишни бошлаб юбордим. Бу қарорга келишимда Кореяда грант ютиб ўқиётган укамнинг ҳам ҳиссаси жуда катта.
Кундалик турмушда инглиз тилини кўп ишлатмаганим боисми, 1 йиллик меҳнат ва 3 марта уринишда IELTS’дан 6 балл олишга эришдим.
Кейин бу орада Жанубий Кереядан ташқари, АҚШ ва Янги Зелландия давлатларидаги олийгоҳларга ҳужжат топшириб магистратурага қабул қилиндим. Афсуски, хорижга кетиш режаларимга коронавирус пандемияси тўсқинлик қилди. Очиғи, ўша пайтдаги тушкун ҳолатимни ифодалашим жуда қийин.
Бу вақтда Тошкентдаги қурилиш фирмасида бухгалтер бўлиб ишладим. Кейинроқ Бизнес ва тадбиркорлик олий мактабига қабул бошлангани, IELTS сертикати бўлганларга инглиз тили имтиҳон қисмида энг юқори балл берилиши ҳақида хабар топдим. Ҳужжатларимни топширдим ва бир йиллик магистратуранинг кечки босқич талабаси бўлдим. Шу тариқа ўқиш бошланиши билан бир нечта давлат ташкилотларидан таклифлар бўла бошлади. Мен Давлат геология ва минерал ресурлари қўмитаси ҳузуридаги Кон-геология фаолиятини назорат қилиш инспекциясида Моддий-техник таъминот бўлими бошлиғи сифатида иш бошладим.
Магистратура тугаш арафасида ишхонамизга KOICA грантига номзод сўраб хат келди. Олийгоҳларни ўрганиб чиқиб, Ёнсе университети «YONSEI-KOICA Masterʼs Degree in e-Government and Public Management» йўналишида грант соҳибига айландим.
Маълумот учун, KOICA scholarship – бу Кореянинг чет эл давлат ишчи ходимлари учун мўлжалланган 100 фоизлик грант, хусусан Кореяга келиш, кетиш, ётоқхона харажатлари, контракт, суғурта пулларини қоплайди. Қолаверса, ойига 1 млн вон (тахминан 750 АҚШ доллари) стипендия ҳам беради.
«QS Rankning’да 151 ўринда туради»
Кореяда халқаро рейтингларда «Тoп-1000» таликка кирувчи университетлар жуда кўп. Аммо мамлакатнинг ўзида ҳам рақобат кучли ва биринчи учлик тушунчаси бор. Яъни Seoul National University, Korea University, Yonsei University.
Мен ўқиётган Ёнсе университети QS Rankning’да 79 ва Times Higher Education Rankning’да 151 ўринда туради. Талаблар ва тўлов контрактлари ҳам анча юқори. Кириш талабларидан асосийси тил билиш сертификати бўлиши ва аввалги босқич ўқишдан баҳоларига эътибор берилади. Контракт қиймати эса соҳа ва йўналиш, ўқув даражасидан келиб чиқиб ўртача семестр учун 3 500 АҚШ долларига тўғри келади.
Ҳозирда магистрлик ишимни «E-Public procurement and its prospects in Uzbekistan» (Ўзбекистонда электрон давлат харидлари тизими ва унинг истиқболлари) мавзусида қилмоқдаман.
«Қочиб ёки яшириниб эмас, балки енгиб ўтиш керак»
Менимча, хориждаги ҳаёт тарзи ўзимга нисбатан танқидий фикрлашимни кучайтирди. Қолаверса, вақт жуда тез ўтаётгани, кўпроқ нарсаларга улгуриш кераклиги ҳисси ҳам ортган.
Муаммо ва қийинчиликларга тўхталадиган бўлсам, ёш улғайгани сари улар кўпайиб бораверади ва ҳеч қачон тугаб қолмайди. Улардан қочиб ёки яшириниб эмас, балки енгиб ўтиб ҳоли бўлиш мумкин.
Бир ишни қиламан, деб бел боғлашдан олдин яхшилаб ўйлаб кўриш керак, йўлга чиқдингизми нима бўлганда ҳам, нима ресурсингиз кетса ҳам, ким нима деганда ҳам ярим йўлда тўхтаб қолмаслик лозим. Натижага эришмагунча давом этиш шарт.
«Тизим мурувватлари етарли даражада ишламаслигини кўрсатади»
Кореяда рақамлаштириш, электрон ҳукумат тизими юқори даражада ривожланган. Солиқ тизимида аҳоли, тадбиркорлар ва инвесторлар учун максимал даражада электрон хизматлар яратилган. Эътиборлиси, бу ерда тадбиркорлар норасмий бир кунлик ва мавсумий ишчиларни бемалол ҳеч қандай ҳисоботларсиз ёллай олади.
Ўйлашимча, фойда қаерда бўлса, ўша ерда тадбиркорлик бўлади. Демак, Ўзбекистонда шундай бир бонусли тизим бўлсинки, бундан тадбиркор фойда қилсин. Шунда нақд пул ва чек бермаслик муаммоси ҳам йўқолар эди.
Диплом ишим мавзуси алоқадор бўлганлиги сабабли тўхталиб ўтаман. Электрон давлат харидлари билан боғлиқ тизимли камчиликларимиз талайгина. Биз бу тизимни изга солмагунимизча Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлишимиз савол остида қолаверади. Ички электрон бозор бунга тайёр бўлмас экан, халқаро савдоларга киришда импортёр давлат бўлиб қолишимиз мумкин.
Шунингдек, тизимлар ўз ўрнида мустақил, холис ва тўғри ишлаши керак. Ҳар бир нарсанинг Президент даражасида ечим топиши тизим мурувватлари етарли даражада ишламаслигини кўрсатади.
Ҳаётдаги миссиям деб, фарзанд сифатида ота-онам олдида ўзимни бурчли деб биламан. Оилабоши ўлароқ мажбуриятларимни ҳам ҳис қиламан.
Келажак мақсадларим сирасига Ўзбекистонда электрон давлат харидлари тизимини яхшилашга ҳисса қўшишни айтишим мумкин.
Нурилло Тўхтасинов суҳбатлашди
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter