Кореядаги иш ташлашлар турли давлатлар автосаноатига зарар етказиши мумкин
Жанубий Кореяда ёқилғи нархининг кўтарилишидан норози бўлган юк машина ҳайдовчилари иш ташлаш уюштиришди. Норозиликлар микрочиплар ва нефт-кимё маҳсулотларини ишлаб чиқариш учун зарур бўлган ҳом ашёларни етказиб бериш қисқариши мумкинлиги билан хавф солмоқда, дея хабар бермоқда Reuters.
Бу жуда қисқа вақт ичида бир қатор соҳаларга ўз таъсирини ўтказди.
Таъминотнинг узилиши
Хусусан, Hyundai Motor’нинг йирик завод комплексида ишлаб чиқариш 2 бараварга қисқарди ва бу бир неча йирик компаниялар, жумладан, юз йиллик POSCO компаниясининг таъминоти узилиб қолишига сабаб бўлди.
«Юк машина ҳайдовчиларининг иш ташлашлари туфайли биздаги ишлаб чиқаришда узилишлар бор, умид қиламизки, ишлаб чиқариш жараёни имкон қадар тезроқ нормал ҳолатга қайтади», – дейди Hyundai вакили.
Hyundai Ульсандаги заводларида одатда кунига 6000 дона автомобиль, жумладан, Genesis ва Ioniq 5 EV ишлаб чиқаради.
Контейнер ташишдаги узилиш ва тўхташлар
Оммавий ахборот воситаларининг хабар беришича, мамлакатдаги контейнер ташишнинг 80 фоизини ташкил этувчи Пусан портида юк ташиш нормадан учдан бир даражага қадар тушган. Оқибатда портларда контейнер ташиш ҳам кескин секинлашган. Инчеон портида бу ҳолат меъёрий даражадан 20 фоизга тушди. Иш ташлашларнинг катта қисми содир бўлган саноат маркази Улсан портида контейнер ташиш бутунлай тўхтатилган.
Норозилик намойишлари сони юқори даражада
Associated Press маълумотларига кўра, норозилик намойишларида 7,5 минг ҳайдовчи иштирок этмоқда. Уларнинг касаба уюшмалари тасдиқлашича, норозилар сони ҳукумат баҳолаётганидан кўра анча юқори ва касаба уюшма таркибига кирмайдиган кўплаб юк машина ҳайдовчилари ишга чиқишдан бош тортишмоқда.
Хориж нашрлари
Хорижий манбаларнинг қайд этишича, иш ташлашлар глобал чип танқислигидан азият чекаётган автомобиль саноатига қўшимча босим ўтказади. Намойишлар «ўта худбинлик» деб аталмоқда.
Хулоса
Бугунги кунда Жанубий Корея яримўтказгичлар, смартфонлар, автомобиллар, аккумуляторлар ва электрон қурилмаларнинг йирик етказиб берувчиси ҳисобланади. Бу мамлакатда содир бўлаётган воқеалар у ёки бу тарзда автомобилсозлик соҳасида ҳамкорлик ўрнатилган қатор мамлакатлардаги бошқа компанияларга ҳам салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter