Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Конституцияни ўзгартириш бўйича таклифлар йиғиш бошланди

Конституцияни ўзгартириш бўйича таклифлар йиғиш бошланди

Ўзбекистон Конституциясига ўзгартишлар киритиш бўйича фуқаролардан таклифлар Meningkonstitutsiyam.uz портали, Telegram-бот ва колл-марказ орқали йиғилади. Бу ҳақда бугун ўтказилган Конституциявий комиссия йиғилишида маълум қилинди.

Унда қайд этилишича, Ўзбекистонда Конституциявий комиссия фаолияти янгиликлари ва фуқаролардан таклиф қабул қилиш платформаси – meningkonstitutsiyam.uz портали ишга туширилган.

Порталда Конституцияни такомиллаштириш бўйича таклиф қолдириш учун ягона авторизация тизими – id.egov.uz орқали кириш зарур бўлади.

Юборилган таклифлар ишчи гуруҳ томонидан кўриб чиқилади ва тасдиқдан ўтгани муҳокама учун эълон қилинади.

Шунингдек, таклифларни Telegram орқали meningkonstitutsiyam_bot боти кўмагида, унингдек, 1344 рақамига телефон қилиш орқали ҳам юбориш мумкин.

Telegram-бот ва колл-марказ орқали юборилган таклифлар порталда эълон қилинмайди, лекин таклифлар статистикасига қўшилади.

Қуйидаги таклифлар инобатга олинмайди ва кўриб чиқилмайди:

  • Конституцион ишчи гуруҳи ваколатларига кирмайдиган;
  • шахсий эҳтиёж ёки шикоятдан иборат бўлган;
  • туҳмат ёки бўҳтондан иборат бўлган;
  • жамоат тартибини, аҳоли саломатлиги ва хавфсизлигини таъминлашга доир фавқулодда ва шошилинч чора-тадбирлар тўғрисидаги;
  • Ўзбекистон Республикасининг ҳудудий яхлитлигини ўзгартириш тўғрисидаги;
  • мавжуд конституциявий тузумни зўрлик билан ўзгартиришга даъватлар;
  • жамиятнинг ахлоқий қадриятларига путур етказадиган, фуқароларнинг ор-номуси ва қадр-қимматини ёки ишчанлик обрўсини поймол қиладиган;
  • уруш, зўравонлик, шафқатсизликни тарғиб қилиш, элатлараро, ирқий, диний адоват, экстремизм, сепаратизм ва фундаментализмни қўзғатиш тўғрисидаги;
  • террорчилик ҳаракатларини содир этишга, Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ жиноий ва ўзга жавобгарликка сабаб бўладиган бошқа хатти-ҳаракатларни содир этишга даъват қилиш тўғрисидаги.
Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг