Конгрессмен хоним: «Трамп Россиядаги ишларини тартибга солиб қайтсин»
АҚШ Конгрессидаги дастлабки икки мусулмон аёлдан бири Рашида Талаиб ўзига хос обрўга эга.
Талаиб ўзи туғилган Мичиган штатида дастлабки сайловларда ғалаба қозонди ва Конгрессда яна бир муддат қолиш имконини қўлга киритди. Унинг ғалабасига барча ҳам бирдек ишонмаганди: Рашида Талаиб парламентдаги олдинги фаолияти давомида жуда ҳам кўп иддаоларини гапира олишга муваффақ бўлганди.
Сайловдан сўнг у куттириб ўтирмай истеҳзоли гапириб ўтди: «Мени энг омадсиз ҳисоблашганди, мана энди ишонч билан айта оламанки, мен қоламан. Ва менинг тарафдорларим сафи фақат кенгайиб бораверади».
Рашида Талаибга жанжаллашиш бегона эмас. Улар унга импичмент эълон қилишмоқчи бўлганларида, Трампни яхшигина ҳақорат қилган. Буни Ҳиллари Клинтон ўзининг сайловолди митингида алоҳида таъкидлаган.
Талаиб нафақат келиб чиқиши фаластинлик биринчи ва Конгрессга сайланган иккинчи мусулмон аёл (Илхон Умардан кейин) сифатида, балки Трампни жуда ёмон кўриши билан ҳам дунёга машҳур бўлди.
Биринчи диплом
Рашида Талаиб АҚШда – фаластинлик иммигрант оиласида 14 нафар фарзанднинг энг тўнғичи бўлиб дунёга келган. Отаси Қуддусда туғилган, аммо оила қургач турмуш ўртоғи билан океан ортига йўл олади ва Детройтдаги «Форд» заводига ишга жойлашади.
Қизалоқ сабрлилиги ва меҳнатсеварлиги билан ажралиб турар, у нимани исташини ва мақсади йўлида қандай курашишни яхши англар эди. Рашида мактабга борган вақтида инглиз тилини умуман билмасди. Ўрта таълимни тамомлагач, у Уэйн университетида ўқиб, санъат йўналишида бакалавр даражасига, кейин эса Ғарбий Мичиган университетининг ҳуқуқшунослик доктори дипломига эга бўлди. У оиласидаги нафақат тўлиқ ўрта, балки олий маълумотга сазовор бўлган илк инсон эди.
Ўқишини тамомлаб Рашида дарҳол сиёсат билан шуғулланишга киришди ва тўлиқ олти йил давомида Мичиган штати Вакиллар палатаси аъзоси бўлди. У фаолияти мобайнида бепул тиббий марказ қуриш, ёрдамга муҳтож кексалар учун кўчма озиқ-овқат дўконлари дастурини амалга ошириш ва ўқувчилар учун таълим дастурини молиялаштириш ишларига штат ғазнасидан миллионлаб доллар ажратилишини таъминлашга эришди.
Безори қиз
2016 йилнинг августида Талаибнинг можаролар марказига тушиб қолгани ҳақида умумжаҳон миқёсида гап-сўзлар пайдо бўлди. Ўшанда Доналд Трамп ўзининг сайловолди компанияси доирасида Детройтга келганди. Унинг шарафига клубларнинг бирида тушлик ташкил этилади. Трамп ўз сўзини бошлайди, аммо Рашида тантанали тарзда унинг гапини бўлади.
«Бизнинг фарзандларимиз энг яхшиларига лойиқ!», — ғазаб билан қичқирди у ва ортидан Америка Қўшма Штатларининг келажакдаги президентига унинг аёлларга нисбатан шафқатсиз муносабатини эслатиб ўтди.
Ҳеч қандай баҳс-тортишув бўлмади, Трамп қўриқчилари Талаибни дарҳол залдан олиб чиқиб кетишди. Аммо Рашида бу билан тинчимади ва Трамп ҳақида танқидий мақола ёзиб, Детройт аҳолисини унга овоз беришдан эҳтиёт бўлишга чақирди.
Ўзи Конгрессга сайланганидан сўнг, у «энг катта безори»ликни ўз зиммасига олишга тайёрлигини маълум қилди ва албатта Трампнинг Оқ уйда ошкора исломофобик риторикаси билан ажралиб турадиган одам эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтди. «Бу бизнинг мамлакатимизда нафрат ҳаддан ташқари юқорилигини ҳис қилиб турган айни пайтимизда рўй берди»,— деди ўз сайловчиларига Талаиб.
Барчага қарши ёлғиз
Конгрессга биринчи сайланишида Рашида унча қийналмади. Бу 2018 йили содир бўлди. Мичиган штатидаги 13-сайлов округида республикачилардан номзод кўрсатилмади, шу боис Талаиб ўзинг беш нафар демократ ҳамкасблари билан курашишга мажбур бўлди. Ва у 85 фоизлик натижа билан барчасини енгди!
«Мен адолатсизликлар туфайли, ўзларининг исломий эътиқоди шубҳа остида қолаётган ўғилларим туфайли (Талаибнинг икки ўғли бор) курашишга қарор қилдим. Мен ҳеч қачон бир четда турмаганман», — деди у митинглардан бирида.
Исроиллик бувижон
Талаиб аксарият америкалик конгрессменлардан фарқли ўлароқ, кўплаб муҳим халқаро масалаларда ўзининг нисбатан аниқ позициясига эга. Ҳамкасби Илхон Умар билан у Американинг Исроилга молиявий ёрдам беришига қарши чиқди, шунингдек, бу мамлакатга нисбатан бойкотни ва санкцияларни киритишни ошкора қўллаб-қувватлади. Албатта, у Исроилнинг Иордания Ғарбий соҳилини босиб олишини ва у ерда аҳоли тураржойлари қуришини қаттиқ қоралади.
Исроилга қарши қатъий чиқишлари ортидан ўтган йили Исроил ҳукумати Талаиб ва Умарга мамлакатга киришни таъқиқлади. Фақатгина кейинроқ ҳукумат Рашидага унинг қариндошлари ва биринчи навбатда Ғарбий соҳилда яшайдиган бувиси билан кўришишга рухсат беришга рози бўлди. Аммо конгрессвумен бир шартни илгари сурди: ташриф чоғида у ўзининг сиёсий қарашларини баён қилишга мажбур эмас.
Рухсат олгач, Талаиб чипталарни қайтариб топширди ва шундай деди:
«Мен бу каби зулмкор шароитда бувимни зиёрат қилиш ўзим ишонган ҳамма нарсага — ирқчилик, зўравонлик ва адолатизликка қарши курашимга зиддир, деган қарорга келдим».
Россия Талаиб эътиборига атиги икки марта тушган, холос. Ва шунда ҳам фақат Россиянинг Трампни ёқтирмаслиги призмасида. Биринчи марта конгрессвумен Россия ҳақида Трампнинг импичменти муносабати билан гапириб, АҚШ президентини Россия билан эҳтимолий келишуви сабабли ҳокимиятдан четлатишни талаб қилди. Аммо айблов исботланмади. Талаиб бу билан чекинмади ва Tрамп Америка президенти бўлишга нолоқий бўлгани каби, Америка ҳам Трампнинг эътиборига муҳтож эмаслигини таъкидлади.
«Трамп Россиядаги ишларини тартибга солганидан сўнг, Америкага қайтиб келиши ва буни қандай амалга оширганини барчамизга кўрсатиб бериши мумкин», — дея хушмуомалик билан Трампга рухсат берди ўз баёнотида.
Оқ уй раҳбари бундай қўполликка тоқат қилолмади ва ўз Твиттерида Талаибни «1789 йилги Бастилиянинг олиниши куни муносабати билан Бастилия ўрнига Людовик XVI номидаги аэропортга ҳужум қилган ҳақиқий қўзғолончилар»га қиёслади.
Талаиб давлат раҳбарининг бу нозик ҳазилини баҳоладими ёки йўқми номаълумлигича қолмоқда. Эҳтимол, у Парижнинг асосий аэропортига генерал Шарл де Голл номи берилганини билмаган. Ёки шунчаки фуқаро авиацияси асри анча кейин бошланганлигини унутиб қўйган.
Усмонжон Йўлдошев
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter