Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Кондуктор»дан эҳтиёт бўл, болакай!

«Кондуктор»дан эҳтиёт бўл, болакай!

Депутат Жаҳонгир ЗИЯЕВ яна йўлкирани бепул қилиш масаласини кўтариб чиқди.

«Кеча жамоат транспортида юз берган воқеадан ҳали ҳам ўзимга келолганим йўқ.

«Кондуктор» аёл эрталаб мактабга кетаётган 9-10 яшар болани 1000 сўм йўлкира бергани учун гап билан шунчалик саваладики... Ҳатто бир автобус йўловчиларнинг «қўйинг, 400 сўмни мен бераман» деган гапига ҳам қулоқ солмади. Аксинча, «Менда ҳам план бор», дея қолганларга ҳам заҳрини сочди.

Балки, болакайга ота-онаси, ҳақиқатан ҳам, кам пул бергандир. Балки, бола қорни учун 400 сўм орттирмоқчи бўлгандир. Планни эмас, аввало, нафсини қондиришни ўйлаётган «қондуктор»га эса бунинг қизиғи йўқ.

Албатта, бундай ҳолат илк бор содир бўлаётгани йўқ, охиргиси ҳам эмас. Ўқувчиларга йўлкира бепул бўлмас экан, яна давом этаверади.

Агар давлатнинг плани ўша тўланмаган 400 сўм билан тўлиб қолганида ҳам бошқа гап эди. Ахир ҳеч қайси мамлакатда жамоат транспорти фойда билан ишламайди-ку. Харажатлар субсидия, имтиёзли кредит билан қопланади-ку. Жумладан, Ўзбекистонда ҳам.

Ўқувчиларга йўлкирани бепул қилиш масаласини уч-тўрт ой олдин ҳам кўтарган эдим. Лекин тегишли идоралар на муносабат билдирди, на қўллаб-қувватлади.

Бугун Учинчи Уйғониш, фарзандларимизнинг баркамол бўлиши ҳақида гапираётган эканмиз, бунга болаларимизга шаҳар транспортида бепул юриш ҳуқуқини бериш орқали ҳам ёрдам берган бўлмаймизми?

Кузатинг, бугунги ёшлар кўча болалари эмас. Ҳар куни ўқув марказларига зир югураётган ёшларни кўриб, «эҳ, сенинг ёшлигинг менда бўлсайди», дея ҳавасингиз келади. Бугун бунинг учун кимдир фарзандига пул топиб бера оляпти, ҳатто, йўлкирани ўйлаб, боласининг истагини қондира олмаётган ота-оналар ҳам бор.

Дунё тажрибасида йўлкирани бепул қилиш янгилик эмас. Люксембургда барча учун жамоат транспорти бепул. Ҳатто, Эстония пойтахти Таллинда ҳам қарийб ўн йилдан бери йўлкира сўралмайди. Швейцария, Австралия, Франция, АҚШ, Хитой, Малайзия... Мутахассислар бундай имтиёз шаҳарда тирбандликнинг олдини олиши, ҳатто, солиқ тўловчилар сонининг кескин кўпайганини ҳам аниқлаган.

Хуллас, бугун 400 сўм тўлаёлмай мактабга шошаётган болакай эртага давлатимизга пул билан ўлчаб бўлмайдиган даражада фойда келтирар. Ахир келажагимизни шулар қўлида-ку. Уларнинг жамиятга, давлатга муносиб бўлиши учун эса, аввало биз — катталар уларга муносиб бўлишимиз керак эмасми?!», деб ёзади Жаҳонгир ЗИЯЕВ.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг