Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Китоб мутолаасини одатга айлантириш: 33 фойдали маслаҳат

Китоб мутолаасини одатга айлантириш: 33 фойдали маслаҳат

15 миллиондан кўп нусхада сотилган ва 50 дан ортиқ тилга таржима қилинган «Атом одатлар» бестселлери муаллифи Жеймс Клирдан китоб мутолааси одатини шакллантиришга доир 33 та фойдали маслаҳат берган. Қуйида шу ҳақда билиб олинг ва, албатта, амал қилинг.

1) Кунни 20 саҳифа ўқиш билан бошланг.

2) Мен, одатда, уйғониб бир стакан сув ичаман, сўнгра ҳаётда ўзим миннатдор бўлган 3 та омилни ёзаман ва 20 бет китоб ўқийман.

3) 20 саҳифа аслида кўп эмас ва бундай ҳажм қўрқинчли туюлмайди. Аксарият одамлар 20 саҳифани 30 дақиқа ичида ўқиб тугатишади. Сиз ҳам буни эрталаб тургач биринчи навбатда қилсангиз, кун давомидаги шошилинч юмушлар китоб ўқишга тўсқинлик қилмайди.

4) Ҳар куни ўқиш учун аниқ бир вақтни танланг. Буни эрталаб амалга оширишни маслаҳат бераман, лекин энг муҳими ҳар куни битта вақтда ўқишдир.

5) Саҳифалар сони бўйича мўлжални белгилаб олинг. Дейлик, худди мен каби 20 саҳифа ўқишни мақсад қилишингиз ёки ўзингизга бошқа рақам белгилашингиз мумкин. Мўлжалланган саҳифалар сони сизга кўп эмасдек туюлишига ишонч ҳосил қилинг, яъни у ўзингизга йўқ дея олмайдиган даражада осон бўлиб кўринсин. Шу билан бирга, муваффақиятга эришаётганингизни ҳис қилишингиз учун етарлича даражада муҳим бўлсин.

6) Эртага ўқиш учун китобни бугун тайёрлаб қўйинг. Агар эртага қолдирсангиз, ўқиш вақтингиз келганда китобингиз бўлмайди.

7) Ўқиш учун махсус жой белгилаб олинг. Ҳар куни бир жойда ўқиш бу одатни мустаҳкамлашга ёрдам беради. Уйингизда, ўқиш ёки иш жойингизда сизни чалғитадиган нарсалардан узоқроқ бўлган қулай жой топинг.

8) Эслатма ўрнатинг. Тақвим иловасидан фойдаланинг ёки қоғоз шаклида кўринадиган жойга эслатмани илиб қўйинг. Атрофингизга ўқишни ёдга солиб турадиган белгилар қўйиб чиқинг.

9) Ўқишни ният қилганингиз ҳақида кимгадир айтинг. Одат шаклланиши ёки ўзгариши ёлғизликда камдан-кам содир бўлади. Режангизни бошқалар билан бўлишганингизда у миянгизда ҳақиқий шаклга эга бўлади. Ҳар куни мана шу вақтда бунча саҳифа ўқишни режалаштирганингиз ҳақида уч кишига бирор йўл билан айтинг.

10) Олдингизга қўйган мақсадингизга алоқадор китоблар ўқисангиз, мутолаа жараёни ҳеч қачон зерикарли бўлиб кўринмайди.

11) Ўқишни биладиган одамга мутолаа одатини шакллантириш қийин эмас. Шунчаки вақт ажратиш керак, холос. Албатта, буни айтиш осон туюлиши мумкин.

12) Муҳими, шунчаки кўпроқ китоб ўқиш эмас, балки ўқиган ҳар бир китобингиздан кўпроқ манфаат олишга интилишдир.

13) Манзур бўлмаган китобни тез ва айбдорлик ҳиссисиз тарк этишни ўрганинг.

14) Ҳаёт ўртача китобларга сарфлаш учун ўта қисқа. Имкониятнинг нархи эса жуда юқори. Мутолаа учун яна жуда кўплаб ажойиб китоблар мавжуд.

15) Stripe асосчиси Патрик Коллисон «Айни дамда ўзингизга маълум энг яхши китобни ўқимаслик учун ҳаёт жуда қисқа» деган сўзларни билиб айтган.

16) Саҳифаларидаги билимларни зудлик қўллаш имконияти бўлган китобларни танлаш ўқилган материални яхшилаб тушунишга ёрдам беради. Ўқиган ғояларингизни ҳаётга татбиқ этиш йўлларини миянгизда тасаввур этиш уларни онгингизда сақлашнинг энг яхши усулларидан биридир.

17) Диққатни жамлаш ва ўқиган материални эслаб қолишга мотивация берадиган китобларни танланг. Масалан, бизнес бошлаётган бўлсангиз, бизнесга доир китоблардан иложи борича кўпроқ билим олиш мотивациясига эга бўласиз.

18) Ўқиганларингизни ёзиб олинг. Буни истаган усулда қилишингиз мумкин, яъни катта ва мураккаб тизим бўлиши шарт эмас. Муҳим фикрлар ва парчаларни таъкидлаш учун ёзиб олсангиз кифоя.

19) Мен ёзиб олиш усулини китобни қайси форматдан ўқиётганимга қараб танлайман. Киндледа ўқиётганда парчаларни ажратиб сақлаб қўяман. Аудиокитобларни тинглаганимда қизиқарли иқтибосларни ёзиб оламан. Босма шаклда ўқиётганимда саҳифаларга белги қўяман.

20) Сақлаб қўйган қайд, парча ва эслатмаларингизни осон қидириладиган форматда сақланг. Мен қайдларимни Evernoteда сақлайман, чунки: 1) унда қайдларни қидириш осон; 2) уни бир нечта қурилмаларда (телефон, Киндл, ва бошқаларда) ишлатиш қулай; 3) ҳатто интернетга уланмаганингизда ҳам қайдларни яратишингиз ва сақлашингиз мумкин бўлади.

21) Аудиокитобларни 1,25х тезлик тинглайман, бирор нарсани ёзиб олмоқчи бўлганимда аудиокитобни тўхтатаман. Тезроқ тинглашим эслатма олишга сарфлайдиган вақтимни мувозанатлайди, шунинг учун ҳар бир китобни тинглашга бир хил вақт сарфлайман.

22) Дўстларим ва ўқувчиларим аудиокитобларни 2х ёки 3х каби ақл бовар қилмайдиган тезликда тинглашни маслаҳат беришади. Балки миям секинроқ ишлар, лекин бу мен учун жуда тез. Қолаверса, китобларни бундай тезликда шошилиб ўқиш нотўғри ёндашувдан далолат беради, мақсад китоб нима ҳақида эканлигини чуқур тушунишдан эмас, рўйхатдаги китобларни «ўқидим» дея белгилаб чиқишга ўхшайди. Маромида тинглаб тушунганим афзалроқ.

23) Ўқиётган китобим ва ўрганаётган сабоқларимни миямдаги аллақачон мавжуд ғоялар билан боғлашга ҳаракат қиламан.

24) Мутолаа жараёнида бошқа мавзуни эслатувчи ёки ғояни уйғотадиган бирор нарсани ўқисангиз, бу фикрнинг шунчаки келиб-кетишига йўл қўйманг, ўрганган нарсаларингиз ва унинг бошқа ғоялар билан қандай боғланиши ҳақида ёзиб қўйинг.

25) Китобни тугатгандан сўнг, мен бутун матнни учтагина жумлада умумлаштиришга интиламан. Бу чеклов, албатта, шунчаки эрмак, лекин бу менга китобда айнан нима муҳимлигини эслаб қолишга мажбур қилади.

26) Худди шу мавзудаги турли хил бошқа китобларни ўқинг. Битта муаммога турли муаллифларнинг нигоҳи орқали назар ташланг.

27) Зўр китобларни икки марта ўқинг. Файласуф Карл Поппер айтганидек: «Ўқишга арзигулик китоб уни нафақат икки марта ўқишга, балки қайта-қайта ўқишга ҳам арзийди».

28) Агар китоб арзигулик бўлса, унда сиз қайта ўқиш жараёнида доимо янги кашфиётлар қилишингиз ва аввал сезмаган нарсаларни топишингиз мумкин бўлади.

29) Яхши китобларни қайта кўриб чиқиш фойдали, чунки сиз дуч келадиган муаммолар вақт ўтиши билан ўзгаради. Китобни қайта ўқиганингизда, эҳтимол, нафақат биринчи мутолаада ўтказиб юборган нарсаларни билиб оласиз, балки янги парчалар ва ғояларни ҳам кашф этасиз. Ҳаётингизнинг қайси нуқтасида эканлигингизга қараб, турли хил жумлалар сизга янада жозибали туюлиши табиий.

30) Биргина китоб ҳаётингизни ўзгартириш эҳтимоли катта эмас. Балки у бир лаҳзагагина миянгизда чироқ каби ғояларни ёқар, лекин асосийси, ҳар куни оз бўлса-да нимадир ўрганиш мақсадини қўйишдир.

31) Гарчи ҳар бир мутолаадан янги нарса ўрганмасангиз ҳам, яхши китоблар уларни қайта ўқиб чиқишга муносиб, чунки ғоя ва фикрларни эслаб қолиш учун уларни такрорлаш керак.

32) Агар сиз китоб ўқиш орқали кўп нарсаларни ўрганишингиз мумкин, деб ҳисобласангиз, китоб ёзишга ҳам ҳаракат қилиб кўринг.

33) Кўпроқ янги китоблар ўқишни бошланг. Ёқмаганларидан воз кечинг. Яхшиларини қайта ўқинг.

Мадина Мусаева каналидан олинди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг