Саудия Арабистони Қуръони каримнинг таҳқирланишини кескин қоралади
Саудия Арабистони ташқи ишлар вазирлиги Швецияда экстремистлар томонидан Қуръони карим қасддан таҳқирлангани ҳамда мусулмонларга нисбатан провокация содир этилганини кескин қоралади. Бу ҳақда SPA ахборот агентлиги хабар берди.
Саудия ташқи сиёсат маҳкамаси дунё аҳлини нафрат, экстремизм ҳамда диний муқаддасотларни таҳқирлашдан қайтариб, ўзаро мулоқот, бағрикенглик ҳамда тотувликка ундаган.
Ўтган ҳафта даниялик ўта ўнг ҳаракат раҳбари, ирқчилик ва айирмачилик руҳидаги чиқишлари билан отнинг қашқасидек таниқли бўлган Расмус Палудан Швеция жанубидаги Линчёпинг шаҳрида Қуръони каримни намойишкорона ёқиб юборди. Асосан мусулмонлар яшайдиган мавзеда рўй берган ушбу фитнакор ҳаракат маҳаллий полиция ҳимоясида амалга оширилган. Швеция масъул идоралари анъанавий равишда мусулмонларни муқаддас китоб поймол этилишига тоқатли бўлишга ундаган. Пировардида илоҳий китобга нисбатан ҳурматсизлик оммавий норозилик намойишлари ва тўқнашувларга уланиб кетган.
Расмус Палудан аввал ҳам бир неча бор Қуръони каримни намойишкорона таҳқирлаган. Эркинликни суиистеъмол қилган бу шахс 2020 йили Дания ҳуқуқ идоралари томонидан ирқчиликда айбланиб қамоққа олинганди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter