Келажак шаҳарлари: бизнинг ҳаётимизни ўзгартирадиган «CES-2018»даги 4 та инновация

Тўхташ жойини ўзи излайдиган автомобиллар. Реал вақт режимида дарёлардаги сув сатҳини кузатиш. Кўчаларда ифлосланган ҳавога қарши курашга ёрдам берадиган тизим. Январь ойида Лас-Вегасда бўлиб ўтган «The Consumer Electronics Show» (CES) халқаро кўргазмасида йирик компаниялар электроника соҳасидаги янгиликлардан хабардор қилишди.
«Bosch» компанияси бу йил ўз эътиборини шаҳарлар учун smart-ечимларга қаратди. «CES»даги тақдимот вақтида «Bosch» вакили Стефан Ҳартунг (Stefan Hartung) шундай деди: «Бизга шаҳарнинг янги концепцияси керак. Бу ерда асосий омиллардан бири шаҳарларни ақлли қиладиган технологиялардир».
Тўхташ жойини излаш муаммоси билан хайрлашинг!

Ҳар йили АҚШдаги ҳайдовчилар 40 соатдан ортиқ вақтини тирбандликда ўтказади. Тахминан 14 соатдан кўпроқ вақт тўхташ жойини излашга сарфланади. Мазкур муаммони ҳал қилиш учун «Bosch» компанияси «Community-based parking» тизимини ишлаб чиқди. Унинг ёрдамида автомобиллар ўзи тўхташ жойидаги машиналар орасидаги бўшлиқлар ўлчамини автоматик тарзда ҳисоблаб, рақамли харитага узатади. Яъни, машинанинг ўзи тўхташ учун бўш жой топади ва у ерга ҳайдовчини йўналтиради. Шундай қилиб, нафақат автомобиль эгалари сарфлайдиган вақт тежалади, балки йўл инфратузилмасига тушадиган юк ҳам камаяди. Ҳозир сервис Германияда синовдан ўтказилмоқда, 2018 йилда уни АҚШнинг 20 та шаҳрида ишга тушириш режалаштирилган.
Шаҳарлардаги микроиқлимни мониторинг қилиш тизими

«CES»да «Ақлли шаҳарлар» номинацияси бўйича мукофот ҳаво сифатини 12 та параметр бўйича ўлчаб таҳлил қилувчи «Climo» тизимига тақдим этилди. Ушбу қурилма анъанавий ҳаво мониторинги тизимидан 100 баробар кичик ва 10 баробар арзонроқдир. «Climo» мегаполисларнинг жиддий муаммосига айланган атроф-муҳит ифлосланишига қарши самарали курашиш имконини беради.
Сув тошқинлари тўғрисида реал вақт режимида огоҳлантириш

«Bosch» сув тошқинлари мониторингининг рақамли тизимини намойиш этди. Бугунги кунда дарёлардаги сув сатҳи механик қурилмалар билан ўлчанади. Шунинг учун, агар сув тошқини юз берган бўлса, маълумот бир неча соатдан кейин одамларга етказилади, ваҳоланки бундай вақтда ҳар дақиқа ғаниматдир. Янги кузатув тизими маълумотларни ултратовуш сенсорли датчиклар ва камералар ёрдамида тўплайди. Барча маълумотлар реал вақтда қайта ишланади. Сув сатҳи хавфли чегарадан ошиши билан шаҳар аҳолиси ва компания эгалари хатар ҳақида огоҳлантирилади ҳамда тайёрланишга улгуради.
Янги авлод электрогенераторлари

2035 йилга келиб дунё бугунги кунга нисбатан 30 фоиз кўпроқ энергия истеъмол қилади. Инсониятга энергия инқирозидан қутулишга «Bosch»нинг доимий қувват манбаи бўлган микроэнергия тизимлари (DC) ёрдам бериши керак. Компания улардан кўп қаватли уйларга, савдо марказларига ва қурилиш комплексларига энергия етказиб беришда фойдаланишни таклиф қилмоқда. Микроэнергия тизимлари анъанавий электр станцияларига қараганда 10 фоиз кам қувват сарфлайди. Улар қайта тикланадиган энергияда ишлайди ва умумий энергия тармоғи об-ҳаво ёки бошқа сабабларга кўра ишламаган пайтларда улар жуда қўл келади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter