Бухорода «Innoweek-2022» инновацион ғоялар кўргазмаси бўлиб ўтди
Бухоро шаҳрида 16-17 июл кунлари Инновацион ривожланиш вазирлиги, Инновациялар Миллий офиси, Бухоро вилояти ҳокимлиги томонидан «Innoweek-2022» инновацион ғоялар кўргазмаси ташкил этилди.
Тадбирдан кўзланган асосий мақсад, тадбиркорларни, ишбилармон ва ёш олимларни, стартап эгаларини битта майдонга тўплаш, улар учун имкониятлар яратиш, лойиҳалар ривожида кўмакчи бўлиш ҳисобланади.
Мазкур кўргазма Бухоро шаҳар Ёшлар маркази биносида 2 кун давомида ўтказилди ва унда олий таълим ва илмий тадқиқот муассасалари, тадбиркорлик, стартап корхоналари томонидан 110 дан ортиқ инновацион ишланмалар, технологиялар ва маҳсулотлар намойиш этилди.
Кўргазма доирасида қиймати 1,0 млрд сўмдан зиёд 11 та шартнома имзоланди.
Шунингдек, кўргазма доирасида вилоятдаги иқтидорли ёшларни қамраб олиб, уларнинг инновацион лойиҳаларини рағбатлантиришга қаратилган Technoways технологик ривожланиш марафони ҳам ўтказилди. Ушбу марафондан асосий мақсад, ҳудуддаги иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш, инновацион лойиҳаларни кўпайтириш ва ривожлантириш ҳисобланади.
Мазкур марафонда жами 45 нафар иқтидорли ёшлар ўз инновацион ғоялари ва ишланмалари билан иштирок этди. Энг яхши 3 та лойиҳа саралаб олиниб, энг сўнги русумдаги ноутбук ва 3D принтерлар билан рағбатлантирилди.
Кўргазма тадбиркорлар учун янги лойиҳалар билан танишиш, маҳсулотларни ривожлантириш ва ўзаро ҳамкорликни кенгайтиришда катта имкониятлар майдони бўлиб хизмат қилди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter