Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

“Катта йигирмалик” баёноти Украинани норози қилди

“Катта йигирмалик” баёноти Украинани норози қилди

9 сентябрь куни Ҳиндистон мезбонлигида ўтган G20 давлатлари саммитининг якуний баёноти эълон қилинди.

34 саҳифали ҳужжатда Украинадаги урушнинг салбий оқибатлари кўрсатилгани ҳолда, Россия босқини очиқ қораланмаган. Бу эса расмий Киев танқидига сабаб бўлди.

«Катта йигирмалик» давлатлари баёнотида Украинадаги уруш келтирган инсоний уқубатлар ва салбий асоратларга эътибор қаратилган

Қайд этилишича, Украинадаги уруш шароитида дунё мамлакатлари БМТ Низоми тамойиллари ва мақсадларига мувофиқ равишда ҳаракат қилиши, давлатларнинг ҳудудий яхлитлиги, суверенитети ва сиёсий мустақиллигига қарши таҳдид ва куч ишлатишлардан тийилиши керак.

Декларацияда ядро қуролини қўллашга асло йўл қўйиб бўлмаслиги ҳам уқтирилган.

Таъкидланишича, Украинадаги уруш глобал озиқ-овқат таъминоти, энергетика хавфсизлиги, маҳсулотлар етказиш тизими, макромолиявий барқарорликка салбий таъсир кўрсатмоқда. Уруш, айниқса, COVID-19 пандемияси ва иқтисодий бўҳрондан кейин эндигина оёққа тураётган ривожланаётган мамлакатларга икка карра мушкулот туғдирмоқда.  

G20 давлатларига кўра, Қора денгиз орқали Россия ва Украина ғалласи, озиқ-овқат маҳсулотлари ва минерал ўғитларнинг тўсқинликсиз олиб ўтиш ташаббуси тўлақонли амалга татбиқ этилиши керак.

«Бугунги давр уруш даври бўлиши мумкин эмас», – деб хулоса қилади декларация муаллифлари.

«Катта йигирмалик» давлатлари Украинага босқин борасида турли нуқтаи назарга эга бўлиб қолмоқда. Баёнотда ҳам шу факт тасдиқлангани ҳолда, Россиянинг Украинага босқини қораланмаган.

Украина ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Олег Николенко G20 баёнотини шу жиҳатдан танқид қилиб чиққан.

«Украина (баёнотда урушни қоралов) кучли шаклда ифодаланиши учун ҳаракат қилган барча ҳамкорларга миннатдорлик билдиради. Айни чоқда, Россиянинг Украинага босқини бобида “Катта йигирмалик” гуруҳи мақтанишига асос йўқ. Аниқки, Украина томонининг (саммитда) иштироки қатнашчиларга вазиятни яхшироқ тушунишга кўмак берар эди», – деб ёзди расмий Киев вакили

О.Николенко ўз постига декларациянинг таҳрирланган вариантини ҳам илова қилган.

G20 машварати бу йил зиддиятли тарзда ўтди. Саммитда Хитой раҳбари Си Цзиньпин иштирок этмади.

Халқаро маҳкама ҳибсга олиш ҳақида ордер берган Россия президенти Владимир Путин ҳам Ҳиндистонга бормасликни маъқул топди.

Саммитдаги муҳим ҳодисалардан бири Африка Иттифоқининг G20'га доимий аъзоликка қабул қилиниши бўлди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг