Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Карьера марказлари, пандемия давридаги таълим…» Лондон Брунел университети магистранти билан суҳбат

«Карьера марказлари, пандемия давридаги таълим…» Лондон Брунел университети магистранти билан суҳбат

Хабарингиз бор, 20 апрель куни нуфузли Chevening дастури стипендияси совриндори сифатида Лондон Брунел университетида таҳсил олаётган Аббосбек Турабиддинов билан суҳбат эълон қилинган эди. Бугун унинг иккинчи қисмини ҳавола қиламиз.

«Кучли мутахассислар бутун республика бўйлаб ёйилмаган…»

Қимматли қоғозлар бозори ривожланган давлатлар иқтисодиётининг асосий кўрсаткичларидан бири ҳисобланиб, биргина 2021 йилда АҚШ ҳукумати фонд бозори капиталлашувининг ЯИМ (Ялпи ички маҳсулот) солиштирма нисбати Buffet кўрсаткичига кўра 220% дан ошганлиги ва АҚШ аҳолисининг 50%дан ортиғи фонд бозорига инвестиция киритишини ўзи мамлакатдаги молиявий саводхонлик даражасини кўрсатиб бера олади. Бу юқори кўрсаткичларнинг пайдо бўлишида асосий меъзон аҳолининг молиявий саводхонлиги ва бўш қолган молиявий ресурсларини тўғри ва самарали усулда сармояга йўналтириши ётади. Ўзбекистон қимматли қоғозлар бозори салоҳияти юқори бўлган молиявий бозорлардан бири ҳисобланади. Бироқ ушбу соҳадаги асосий муаммолардан бири аҳоли юқори қатламининг молиявий саводхонлиги ривожланган давлатларникидек ҳавас қиларли даражада эмас. Бу муаммонинг тезкор ечими сифатида ушбу соҳа бўйича етарлича таржибага эга бўлган фуқароларимизни аҳоли молиявий саводхонлигини ошириш йўлида ўз бугунги кунда оммабоп бўлган ижтимоий тармоқларда шахсий блогларини йўлга қўйиши ва уларда турли постлар ва қисқа видео шаклида асосий тушунчаларни бериб бориши лозим. Юқори кўламда бу каби лойиҳаларни амалга ошириш учун эса йирик телеканаллар орқали молиявий тушунчалар, айниқса, инвестиция асосларини ўргатадиган бирламчи дастурларни ишлаб чиқиш ва уларни креатив усулда аҳолига етказиб бориш зарур.

Ҳозирда аҳоли орасида молиявий саводхонликни ошириш мақсадида ўзим «Ibtido Fund» лойиҳаси остида Youtube тармоғида қимматли қоғозлар бозорига сармоя қилишнинг бошланғич билимларини тақдим этадиган бепул курсларни жойлаштириб бормоқдаман. Агар шу каби ўқув курслари ва молиявий саводхонликни тарғиб этувчи дастурлар сони ва долзарблилиги шу йўсинда ошиб боришда давом этса, биздан ҳам «Wall Street»даги молиявий таҳлилчилар каби фикрлайдиган минглаб инсонлар етишиб чиқади.

Шахсий фикримча, иккинчи тўсиқлардан бири бу ушбу соҳада кучли мутахассисларининг бутун республика бўйлаб ёйилмаганлигидадир. Тан олиш керак, Ўзбекистон капитал бозорида етук соҳа мутахассислари мавжуд, аммо уларнинг ишлаш кўлами мамлакатимизнинг барча вилоятларига ҳам етиб бормаган. Шуларни инобатга олган холда, асосий ечим сифатида фонд бозорида фаолият юритаётган молиявий ташкилотлар томонидан талабалар учун қисқа муддатли амалиёт дастурларини танлов асосида ташкил этиш ва ёшлар ўртасида виртуал ҳисоб рақам орқали қимматли қоғозларга сармоя қилиш мусобақаларини ўтказиш мумкин. Бу салойиҳати юқори бўлган ёш кадрларни саралаб олиш имкониятини яратиш билан бирга, капитал бозорига янги кадрлар оқимининг келиши ва молиявий стартап ғояларининг яратилишига асос бўлади.

«Бўш иш ўринлари ҳақидаги ахборотларни электрон почта манзилларимизга юбориб туришади…»

Саволингиздан келиб чиқиб, Буюк Британиянинг кўпроқ таълим соҳасига доир бўлган тажрибаларни ўрганиш керак деб ўйлайман. Бу мамлакатимизда талабаларимизнинг мавжуд ўқишдан кейинги ҳаётдаги масалаларни ечишга ёрдам берган бўлар эди.

Масалан, Буюк Британияда эътиборимни тортган жиҳат барча университетларда махсус карьера марказлари мавжуд бўлиб, ушбу марказлар талабалар билан доимий алоқаларни йўлга қўйишга эришган. Жумладан, ўзим таҳсил олаётган университет карьера маркази ходимлари ҳар ҳафта бўш иш ўринлари ҳақидаги ахборотларни электрон почта манзилларимизга юбориб туришади ва шу билан биргаликда ишга жойлашишгача бўлган жараёнларни ўргатиш мақсадида махсус курсларни ташкил этиб келишмоқда. Исталган пайтингиз карьера маркази ходимлари билан онлайн учрашувни марказ веб саҳифаси орқали аниқ санаси ва вақтини белгилаб, ўша муддат келганида керакли маслаҳатларни ва эксперт ғояларини олишингиз мумкин. Ушбу ташаббус бизнинг маҳаллий университетларда доимий равишда қўлланиб келиши талабалар орасида кучли рақобатни юзага келтириши ва бу рақобат сабаб корхоналар талабига мос тушадиган ходимлар сараланиш имконига эга бўлади.

Шунингдек, имтиҳонлар яқинлашган сайин кўплаб талабаларда диққатини жамлаш учун шовқинлардан йироқ бўлган ўқув масканларига талаб ошади. Шу жиҳатларини инобатга олиб кўплаб университетларда 24 соат давомида фаолият юритувчи магистратура талабалари учун махсус бинолар қад росталаган. Ушбу бинолар куну тун талабаларнинг эркин таълим олиши учун барча имкониятларни яратиб берган. Бинода мавжуд бўлган хоҳлаган ўқув хонасига кириб дарсларингизни давом эттиришингиз, дўстларингиз билан жамоавий ишлаш имкониятига эга бўлишингиз мумкин. Агар ушбу имкониятлар ҳам маҳаллий университетларимизда жорий этилса, узоқ масофалардан ўқишга қатнайдиган талабалар имтиҳон даврларида ўқув биносининг ўзида қолиб ҳам хордиқ чиқариши ва тайёрланиши учун имкон яратилган бўлар эди.

Ҳеч шубҳасиз, Лондон шаҳри жаҳон молиявий маркази ҳисобланиши барчага аён. Қувонарли жиҳати, Буюк Британиядаги мусулмонлар қатламини эътиборга олиб, ислом молияси ҳам ушбу масканда юқори ўсиш кўрсаткичларида ривожланиб келмоқда. Шариатга мувофиқ бўлган молиявий инструментларга талаб ошиб борганлиги сабабли, ҳозирда бир неча янги стартап ташкилотлари орқали кичик ва ўрта тадбиркорлик субъектларини молиялаштириш учун crowdfunding (бир неча инвесторларнинг маблағи томонидан муайян бизнес ғояни молиялаштириш) ва P2P lending (бир шахсни иккинчи шахс томонидан молиялаштириш) платформалари ривожланиб, кундан кунга ривожланишда давом этмоқда. Ушбу корхоналарнинг аналогларини Буюк Британия тажрибаси орқали жорий этиш молиялаштиришга мойил бўлган тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини кенгайтиришга ва янги маҳсулот линияларини тақдим этишга асос бўлар эди.

 «Ижтимоийлашув, янги дўстлар ва ҳамфикрлар билан танишиш жараёнига жуда сезиларли таъсир қилди…»

Буюк Британияда пандемия даври узоқроқ давом этганлиги сабабли, ўқиш жараёнлари тўлиқ онлайн кўринишда ўтказилмоқда. Ушбу онлайн таълим тизимининг ўзига яраша афзаллик ва камчиликларини кузатиб қуйидаги хулосаларни айта оламан:

Салбий жиҳатлари:

Онлайн дарсларнинг асосий муаммоси сифатида устоз-шогирд анъаналари асосида юзма-юз ўқитиш, савол-жавоблар ва мунозараларга бой бўлган муҳитнинг етишмовчилигини кўрсатган бўлар эдим. Бундан ташқари, онлайн дарслар шахсий қурилма воситасида кузатиб борилгандан сўнг, дарс мобайнида бошқа жараёнларга чалғиш холатлари ҳам кузатилди. Хусусан, кўп талабаларда дарсда қатнашаётганлиги уларнинг онлайн дарсда қайд этилганини кўришингиз мумкин, аслида эса экран ортида ўша шахс бўлмаслиги, баъзи ҳолларда эса диққатини бошқа ойнага қаратган бўлиши ҳам мумкин. Ўқиш жараёнларининг ажралмас қисми бўлмиш ижтимоийлашув, янги дўстлар ва ҳамфикрлар билан танишиш жараёнига жуда сезиларли таъсир қилди. Бутун ўқиш давомининг катта қисмини локдоунда ўтказганлигимиз туфайли ижтимоийлашувга рухсат этилмади ва буни, менимча, яна салбий жиҳатларидан бири сифатида қарайман.

Ижобий жиҳатлари:

Ҳаётим давомида биринчи бор турли методларга таянган онлайн имтиҳонларда иштирок этиш ва уларни муваффақиятли топшириш кўникмаларини шакллантирдим. Бундан ташқари, дарслар онлайн тарзда ўтганлиги сабабли кўплаб дарсларни яшаш ҳудудимдаги спорт майдонида бадантарбия машғулотларини ўтказиш давомида қатнашиш имконини берди, шу орқали бир ўқ билан икки қуённи уришга муваффақ бўлдим. Яна бир ижобий томонларидан бири бу ҳар бир онлайн дарсларнинг ёзиб олиниши ва келгусида имтиҳонларга тайёрланиш ёхуд такрорлаш керак бўлган қисмларини қайта ёзиб олинган дарсларни кўриш орқали мустаҳкамлаш имконини яратиб берди. Ҳозирда айнан ёзиб олинган дарслар сабабли якуний имтиҳонларга тайёрланиш сифати ва самаралилик даражаси ошиб бормоқда.

Тошкентни Марказий Осиё молиявий марказига айланишида ҳисса қўшмоқчиман

Илмий ишимни якунлаганимдан сўнг йил охирларида Ўзбекистонга қайтишни мақсад қилганман. Авваламбор, «Молиявий интеллект» ўқув қўлланмасини соҳа экспертлари билан биргаликда ишлаб чиқиб, уни Ўзбекистондаги ўқув даргоҳларига жорий этиш асосий режаларимдан бирига қўйганман. Бундан ташқари, мамлакатимизда муомалада бўлган қимматли қоғозларга халқаро институционал инвесторларнинг диққатини жалб этиш ва корхона акцияларининг жозибадорлигини ошириш мақсадида ESG (Environmental, Social, Governance – атрофит-муҳит, жамият, бошқарув) факторларига асосланган кунлик таҳлилларни ўзида жамлаган платформани тақдим этиш ҳам биринчи 3 ойдаги режаларимдан бири ҳисобланади. Юқорида таъкидлаб ўтган режаларни амалга ошириш орқали Тошкентни Марказий Осиёнинг молиявий марказига айланишида ўз ҳиссамни қўшмоқчиман.

Нурилло Тўхтасинов суҳбатлашди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг