Журналистлар учун ҳудудий ўқув семинарлар давом этмоқда
Кеча Нукус шаҳридаги Ибройим Юсупов номидаги ихтисослаштирилган мактаб-интернатнинг мажлислар залида қорақалпоғистонлик журналистлар учун «Ҳудудий босма нашрларнинг ҳолатини яхшилаш бўйича таклиф ва тавсиялар» мавзусидаги ўқув семинари бўлиб ўтди. Бу ҳақда Агентлик расмий сайти хабар берди.
Ушбу тадбир Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги ҳамда Ўзбекистон мустақил босма ОАВ ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ҳамкорлигида ташкил этилди.
Маълумот ўрнида айтиш керакки, бугунги кунда Қорақалпоғистон Республикасида 44 та газета, 8 та журнал, 5 та телеканал ва 2 та радиоканал фаолият юритмоқда.
– Жорий йилнинг ўтган давр мобайнида Қорақалпоғистон Республикасидаги оммавий ахборот воситалари томонидан «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги, «Ахборот олиш кафолатлари ва эркинлиги тўғрисида»ги, «Реклама тўғрисида»ги, «Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида»ги каби қонун ҳужжатлари талабларига риоя этмаслик ҳолатларига йўл қўйилган, – дейди Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги бошқарма бошлиғи ўринбосари Маъмуржон Парпиев. – Бу бўйича оммавий ахборот воситаларига тегишли таъсир чоралари қўлланган. Ўқув семинаридан кўзланган асосий мақсад ҳам шунга ўхшаш ҳолатларнинг олдини олиш, ҳудудий нашрларда маркетинг ва менежментни ривожлантириш, оммавий ахборот воситаларида контент масаласини чуқурроқ таҳлил қилишдан иборат эди.
Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг Халқаро журналистика факультети доцентлари Назира Тошпўлатова ва Беруний Алимов журналистлар учун маҳорат дарсларини ўтиб, юқоридаги масалалар, шунингдек, журналист текширувини олиб бориш босқичлари ва тамойиллари, жамоатчилик назоратини ўрнатишда журналистнинг роли ва бунда касбий этика тамойиллари ҳақида миллий ва хорижий тажриба ҳақида батафсил маълумот беришди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter