Жо Байден «11 сентябр сирлари»ни фош қилмоқчи
АҚШ президенти Жо Байден 2001 йил 11 сентябр терактлари билан боғлиқ янги материалларни махфийликдан чиқариш тартибини ишга тушириш тўғрисида фармонни эълон қилди.
«Америка халқи 11 сентябр воқеаларининг 20 йиллиги арафасида, ўша машъум ҳужумлар ҳақида ўз ҳукумати биладиган нарсалардан тўлиқ воқиф бўлишга лойиқдир. АҚШ ҳукумати максимал даражада ошкораликни сақлаб қолиши ва фақат ўта махфий маълумотларнигина очиқламаслиги керак», — дейилади фармонда.
Байден мамлакат бош прокурори Меррик Гарланд, Адлия вазирлиги ва бошқа тегишли идораларга олти ой ичида бир қатор ҳужжатларни қайта кўриб чиқиш ва махфий маълумотларни ошкор қилишни топширган.
«Бугун мен АҚШ Адлия вазирлиги ва бошқа тегишли идораларга ФТБ терговлари билан боғлиқ ҳужжатларни 11 сентябр воқеалари махфийлигини назорат қилишни буюрган фармонга имзо чекдим. Фармон бош прокурордан махфий ҳужжатларни кейинги олти ой ичида очиқлашни талаб қилади» — дея президентнинг сўзларини келтиради Оқ уй.
Байден АҚШ президенти лавозимини эгаллаган куниёқ бундан йигирма йил аввал мамлакатда содир этилган террористик ҳужумлар тўғрисидаги ҳужжатларни ошкор этилишини таъминлаш мажбуриятини олган.
«Биз бу фожиали ҳодисанинг 20 йиллигига яқинлашаётганимизда, ўз зиммамга юклатилган вазифамни бажараман», — деган Байден.
Махфий маълумотларни очиқлаш Байденнинг сайловолди ваъдаларидан бири эди.
Қурбонларнинг оилалари аввалроқ Байден 20 йил олдинги воқеаларга Саудия ҳукумати аралашганига ойдинлик киритиши мумкин бўлган ҳужжатларни ошкор қилмаса, қурбонларни хотрлаш муносабати билан ўтказиладиган тадбирларда иштирок этишига қарши бўлишларини эълон қилишган.
Нью-Йоркдаги эгизак миноралар ва Пентагон биносини 2001 йил 11 сентябрда ўғирланган йўловчи самолётларда нишонга олган 19 кишидан 15 таси Саудия фуқаролари эди.
Яна бир ўғирланган самолёт Пенсилвания штатидаги далага қулаб тушганди. Уч мингга яқин одам «Ал-Қоида» гуруҳи уюштирган террорчилик ҳужумлари қурбонига айланган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter